Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:29

“Ўзбекистоннинг нархини айтинг, сотиб оламиз!” Х. Аллақулов тарафдорлари жонли ёйин учун сўроққа чақирилди


Профессор Аллақулов ўз тарафдорлари билан, 11 июнь, 2021
Профессор Аллақулов ўз тарафдорлари билан, 11 июнь, 2021

Ўзбекистонда янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясининг 10дан ортиқ аъзо ва тарафдорлари ИИВга сўроққа чақирилди.

Бир неча фаолнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, уларни Тошкент шаҳрида яшайдиган “Ганиева исмли бир аёлнинг аризасига кўра” чақиришган.

Сўроққа чақирилганлардан бири Лобар Каримовага кўра, шикоятчи аёл профессор тарафдорларини ижтимоий тармоқларда қилаётган чиқишларида "Ўзбекистон ҳамда президентни обрўсизлантиряпти" деб арз қилган.

Сўроқ қилинган яна бир фаол Абдуманноп Аҳадовга кўра, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ Терроризмга қарши кураш бўлими, 11 июнь куни партиянинг бир гуруҳ фаоли ҳамда етакчиси Интернетга узатган жонли ёйин ва бу пайтда кўтарилган даҳанаки жанжални суриштирмоқда.

Юнусобод туман ИИБ ёки республика ИИВдан президентликка мухолифлигини эълон қилган гуруҳ фаолларининг сўроққа чақирилишига доир бирор изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

11 июнь куни, Юнусобод туман суди Хидирназар Аллақулов киритган шикоят аризасини кўриб чиқди ва қондирмади. Аллақулов бунга қадар туҳматда айбланиб, жаримага тортилган ва бундан норози бўлиб, апелляция тартибида судга мурожаат қилган эди. Суддан чиқққан Аллақулов, унинг натижаларини тарафдорларига сўзлаб бераётган кезда, суд биноси олдида жанжал чиқди.

Айблов: “Ўзбекистон ва президентни обрўсизлантиряпти”

Шу йилнинг мартида таъсис этилган ва амалдаги ҳукуматга мухолифликни даъво қилиб келаётган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси аъзоси Лобар Каримованинг Озодликка айтишича, 15 июнь куни Юнусобод тумани ИИВ Террорга қарши кураш бўлимига сўроққа чақирилган.

Унга 14 июнь куни Тошкенда яшайдиган аёл киритган шикоят аризаси асосида бошланган терговга қадар суриштирув доирасида гувоҳ тариқасида сўроққа чақирилгани айтилган:

“Ҳалилов Азиз, дегани чақирди. Ганиева деган аёлнинг аризасини нусхасини кўрсатишди. Бу аёл партия фаолларини “Ўзбекистон ва президентни обрўсизлантиряпти”, деб айблапти. Биз 11 июнь куни Хидирназар домла суд қилинаётган пайтда суд биноси олдида Интернетда жонли видео қилгандик. Ганиева деган аёл шу видеони тармоқларда кўриб, ариза ёзибдимиш. Шу видеода гапирган, уни чиқарганларни ҳаммасини топиб жазоланг, деб талаб қилибди”.

Лобар Каримовага кўра, ўша куни турли вилоятлардан илк бор партия фаоллари билан учрашгани келган ва аксари аввал тадбиркор бўлган шикоятчи аёллар жонли ёйинда ўз дардини айтишган.

ИИВ ходимлари Каримовадан 11 июнь кунги ҳодиса бўйича тушунтириш хати ёзиб беришни сўрашган ва у ёзиб берган:

“Нима бўлган бўлса, шуни очиқ-ойдин ёздим. Бу аёллар турли вилоятдан келиб, ўз муаммоларини айтганини тушунтирдим. Сизни яна чақиришимиз мумкин, деб чиқариб юборишди. Менимча, бу ариза уюштирилган. Акс ҳолда, нега турли аёллар офисимизга ҳужум қилганида, анави қўшиқчи Жаҳонгир Отажоновни уйига бориб тўпалон қилганда, бунинг видеоси ҳам дунёга ёйилганда, бу Ганиева деган аёл Ўзбекистон ёки президентнинг обрўсини ўйламади, бўлмасам?!”

Лобар Каримовага кўра, 11 июнь кунги жонли ёйинда гапирган аёл ва эркакларнинг кўпчилиги, партияга хайрихоҳлигини билдириб турли вилоятлардан биринчи марта борган янги тарафдорлардир.

Ўша ёйинда гапирган аёллардан бири президент Мирзиёев, унинг куёвлари ҳамда амалдорларини коррупцияда айблаб кескин танқид қилган. Ўзининг тадбиркор эканини билдирган яна бир эркак киши эса: "Ўзбекистоннинг нархи қанча айтинг, халқ боримизни тўплаб ватанимизни сотиб оламиз!" деб президентга юзланган.

Каримова, шундай кескин гапирган янги тарафдорларнинг аксари ўзи яшаб турган манзил орқали ИИБ бўлинмаларига чақирилгани ҳақида хабар олгани, умумий ҳисобда бундайлар сони 5-6 нафар эканини айтмоқда.

Юнусобод туман ИИБ ёки республика ИИВдан президентликка мухолифлигини эълон қилган гуруҳ фаолларининг сўроққа чақирилишига доир изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Аллақуловнинг суди пайтидаги жанжал

11 июнь куни Юнусобод туман апелляция судида, “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси етакчиси Хидирназар Аллақуловнинг ўзига нисбатан Мамурий ишлар бўйича Юнусобод тумани суди чиқарган қарор устидан киритган шикояти кўрилди.

Суд тугагач, профессор бино олдига йиғилган тарафдорларига маҳкама натижаларини сўзлаб бераётган кезда даҳанаки жанжал ҳам чиқди. Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда жонли ёйин тарзида узатилди.

Тармоқларда улашилган видеодан кўринишича, воқеа жойига борган бир неча блогер, гапириб турган Аллақуловни “100 та имзони нега сохталаштирдингиз?” деб саволга тута бошлайди.

Аллақулов, бу саволларга жавоб бермайди ва тарафдорларини ҳам блогерларга қулоқ солмасликка чақиради ва ўша кезда, профессорга тарафдор бўлиб, Тошкентга борган янги тарафдор аёллар блогерлар билан тортишувга киришиб кетади.

Шу тариқа жанжал чиқиб, профессор тезликда воқеа жойини тарк этгани видеода акс этган. Тарафдор аёллар эса, профессорнинг гапини бўлиб, сўроққа тутган блогерлар билан яна тортишувни давом эттирган, бу жонли ёйинларда акс этган.

Тасвирчи йигитлар ҳам сўроққа чақирилди

Янги таъсис этилган партия фаолларидан бири Абдуманноп Аҳадовнинг Озодликка айтишича, 15 июнь куни уни ва партия билан боғлиқ жараённи ижтимоий тармоқларда улашаётган бир неча фаолни ҳам сўроққа чақиришган.

"Маҳалла посбонининг хонасига чақириб, ўзини ИИВ жиноят қидирув бўлимиданман, деб таништирган йигит гаплашди. Чақирув қоғозини кўрсатмади. Ариза тушган, деди. Суд бўлган пайтдаги жанжални ким чиқарди, деб сўради. Мен жанжал чиққани йўқ, дедим. Суд бўлди, дедим. Ҳатто, сиёсий партия нима, мақсади, қонуний ҳуқуқларимизни тушунтирдим. Сизни яна чақириб қолишимиз мумкин, балки кечаси, деб огоҳлантирди. Бунга ҳаққи йўқлигини айтдим. Хуллас, чўчитишмоқчи бўлишди, шекилли”, дейди Абдуманноп.

Унинг айтишича, партия фаолиятини тармоқда улашаётган яна 2 йигитни ИИВга чақиришган, уларга ҳам ариза тушганини айтишган, бироқ ариза кимдан, қачон, қандай мазмунда тушганини айтишмаган.

Аллақуловнинг шикояти қондирилмади

4 май куни Тошкентнинг Юнусобод туман маъмурий суди Аллақуловни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (туҳмат) ‌бўйича айбдор топган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 20 баробари миқдорида жаримага ҳукм қилганди.

Аллақуловга қарши даъво аризаси шу йилнинг 31 март куни, ўз уйи йўлагида унга босқин уюштирган шахслар томонидан киритилган. Улар профессордан, партияси учун ижарага олган бинони тарк этиш ҳамда сиёсий фаолиятини тўхтатишни талаб қилишганди. Сўнгра эса уни туҳматда айблаб, судга даъво қилган.

Ўша кезда ўзига нисбатан куч қўллангани ва босқинчиликка нишон бўлгани устидан профессор киритган ариза эса, ҳануз кўриб чиқилмаган. Аксинча, ўзи туҳматда айбланиб, жаримага тортилганидан норози бўлган профессорнинг шикояти ҳам 11 июнь кунги маҳкамада қондирилмади.

Жаҳонгир Отажонов тарафдорлари ҳам сўроққа чақирилди

Мустақил Ўзбекистоннинг 30 йиллик тарихида президент сайловларида иштирок этган ягона “Эрк” мухолифат партиясидан бу йил октябрда бўладиган президентлик сайловига номзод бўлиши айтилган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов тарафдорлари ҳам айнан 15 июнь куни чақирилди.

26 май куни Тошкентда "Эрк" партиясининг бир неча фаоли иштирокида ўтган фавқулодда қурултойни бир гуруҳ аёл ва эркак босганди. Бу қурултойда ҳам жанжал чиққан.

15 июнь куни бу қурултой қатнашчилари, шу жумладан Отажоновнинг ўзи ҳам Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига чақиртирилиб, тўрт соат сўроқ қилингани маълум бўлди.

Ҳозирча, икки мухолиф гуруҳнинг айнан 15 июнь куни сўроққа чақирилгани ўзаро боғлиқми ёки йўқ - бу ҳақда Озодликда ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам бу борада бирор маълумот бергани йўқ.

Октябрда кутилаётган президент сайлови

Ўзбекистонда президент сайлови шу йилнинг октябрь ойида бўлиши кутиляпти ва бу сайлов арафасида, ҳукуматга мухолифлигини билдирган фаоллар ҳамда уларнинг тарафдорларига босим тобора кучайиб бораётгани кузатилмоқда.

Ҳозирга қадар, икки мухолиф гуруҳ - “Эрк” демократик партияси ва янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал демократик партияси бу сайловда ўз номзодини илгари суришини билдирди. Ҳар икки партиянинг Ўзбекистонда рўйхатга олишини сўраб, киритган сўрови Адлия вазирлиги томонидан рад этилган.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари, кутилаётган президент сайловида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини билдирган, аммо бу тавсияларга мухолиф партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими-йўқми, ҳануз маълум эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида хориждаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди.

У мухолифат “ичкаридан чиқиши керак”лигини айтган, аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта ҳам янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказгани йўқ.

Қонунга биноан, сайловолди кампанияси сайловлар санасидан камида 3 ой олдин бошланиши керак. Ҳозирга қадар на президент Мирзиёев ва на сиёсий партиялар ўз номзодини илгари сургани йўқ.

Мамлакат ичкариси ва ташқарисида шу йил октябридаги сайловларда Шавкат Мирзиёевнинг иккинчи муддатга қайта сайланишига кўпчилик шубҳа қилмайди.

XS
SM
MD
LG