Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Прокуратура кимёвий модда ютиб ўлган ўқувчининг мактабида текширув тайинлади


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Бош прокуратураси Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида яшаган 9-синф ўқувчиси А.С. номаълум кимёвий модда ичиб ўлганини тасдиқлади.

2 март куни ҳодисани ёритган Озодликка марҳумнинг яқинлари кимёвий моддани ўқувчига "синфдошлари берган"ини иддао қилган эди.

Бош прокуратура баёнотига кўра, 15 февраль куни соат 17:00 ларда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани яшовчи, вояга етмаган А.С. (2003 йилда туғилган) ўз уйида номаълум кимёвий моддани ичиб юборган ва 26 февраль куни шифохонада вафот этган.

Прокуратура баёнотида А.С. номаълум дори моддасини ўзи ўқийдиган 17-сонли мактабнинг 10а-синф ўқувчисидан олгани ва уйига келиб, ичгани ҳақида тушунтириш хати бергани айтилган.

Бош прокуратуранинг 4 март куни маҳаллий нашрлар чоп этган баёнотида А.С. ўқиган мактабнинг кимё лабораторияда турли моддаларнинг сақланиш тартибини ўрганиш юзасидан вилоят Халқ таълими бошқармасига текширув ўтказиш тайинлангани айтилган.​

3 март куни Озодликка Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасидан келган хатда текширув Халқ таълими Ўзбекистон тумани бўлими ва 17-мактаб раҳбарияти билан бирга ўтказилгани айтилган.

Вилоят бошқармасига кўра, суриштрув натижасида ўқувчига мактабда ҳеч қандай кимёвий модда юттирилмагани, мактабда унга тазйиқ ўтказилмагани аниқланган.

Аммо, шу кунга қадар боланинг айнан қандай кимёвий модда ютгани, яъни аҳоли уйи ёки мактабда сақланиши мумкин бўлган қандай хавфли препаратдан ўлгани номаълум қолмоқда.

Бош прокуратуранинг болага бу препарат мактабда берилгани эҳтимолдан соқит қилинмаган баёнотида "номаълум кимёвий модда" атамаси қўлланган. Аммо, бу эҳтимолни тўлиқ рад этаётган Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси уни "номаълум дори", деб таърифламоқда.

Шунингдек, суд тайинлаган тиббий экспертизанинг 19 февраль куни чиққан натижасида бу препаратдан бола танасига етган жароҳат аниқланган.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, тиббий экспертиза натижасида "А.С.да геморрагик перитонит ва оғир даражадаги карахтлик ҳамда ошқозон деворларини бутунлигини бузилиши билан кечган ошқозон, 12 бармоқли ичак, катта чарвини кимёвий куйиши бўлиб, бу оғиз орқали қабул қилинган кимёвий модда таъсири натижасида юзага келгани қайд этилиб, ушбу жароҳатлар хаёт учун хавфли оғир шикастлар тоифасига кириши кўрсатилган".

Расмий маълумотга кўра, ҳозирда ўқувчи ўлимига сабаб бўлган бу препаратни аниқлаш учун суд тайинлаган кимёвий экспертиза давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG