Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:50

Прокуратура олдида ўзини ёққан аёл: Дунёнинг "Спарк"ини берса ҳам қизимга алишмайман


Ўзбекистонда ҳокимият ва давлат идоралари бинолари олдида ўзига ўт қўйишга уринишлар бундан олдин ҳам бўлган
Ўзбекистонда ҳокимият ва давлат идоралари бинолари олдида ўзига ўт қўйишга уринишлар бундан олдин ҳам бўлган

Андижонда қизининг ўлими бўйича олиб борилаётган терговга норозилик белгиси сифатида ўзига ўт қўйган аёл Бош прокуратура ҳодиса сабаблари борасида ёлғон маълумот тарқатганини айтмоқда.

30 ноябрь куни Марҳамат туманидан бўлган С.Б. исмли аёл (Озодлик шахсий дахлсизлик важидан унинг исмини очиқламайди) Андижон вилоят прокуратураси олдида ўз устига бензин сепиб, ўт қўйган эди.

Бош прокуратура аёл ўз қизининг ўлимида айбдор томондан товон сифатида "Спарк" автомашинаси ундирилмагани учун ўзига ўт қўйгани, танасининг 15 фоизи куйгани ва касалхонага ётқизилганини маълум қилганди.

Воқеадан уч кун ўтиб Озодлик қўлга киритган аудиода С.Б. 16 ёшли қизи ўлими билан боғлиқ тергов жараёнига норозилик сифатида ўзига ўт қўйгани ва танасининг 60 фоизи куйганини билдирган:

- "Спарк" талаб қилганимизда аллақачон айбланувчини қўйиб юборган бўлишарди, - дейди С.Б. аудиода.

Бош прокуратура маълумотига кўра, шу йил июль ойида аёлнинг вояга етмаган қизи севган йигитини кутаётгани акс этган суратлар тарқалишидан қўрқиб, ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 141−1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура баёнотидан қизнинг онаси гўёки "шантаж"чи йигитдан фарзанди ўлимига товон сифатида "Спарк" машинаси ундиришни сўрагани англашилади.

"Мақсадига ета олмагач 30 ноябр куни вилоят прокуратураси олдидаги машиналар тўхташ жойида устига бензин қуйиб ўзини ёқиб юборган", дейилади баёнотда.

Озодликка етиб келган аудиоёзувда аёл прокуратуранинг бу баёноти ёлғон эканини таъкидларкан, "дунёни "Спарк"ини берса ҳам қизимга алишмайман", - дейди.

Бош прокуратура аёл ўзига ўт қўйиши оқибатида юзи, қўллари, бўйин ва кўкрак қафаси соҳалари, жами танасининг 15 фоиз қисми куйиш ташхиси билан шифохонага жойлаштирилганини билдирганди.

Аёлнинг сўзларига кўра, бу маълумот ҳам ёлғон.

"Шундоқ юзим қолган, холос..."

Озодликка етиб келган аудиода аёл танасининг 60 фоизи куйганини иддао қилади:

"Ҳозир уйдаман, аҳволим чатоқ. Шундоқ юзим қолган холос, қолган жойим куйиб кетган", - дейди аёл.

Аудиода аёлнинг турмуш ўртоғи ҳам: "Танасининг 60 фоизи кетган, хотиним бир ўлимдан қолди", - дейди.

Аммо ўзига ўт қўйган аёл ҳам, унинг турмуш ўртоғи ҳам Озодликка гапиришни исташмади.

"Бу мавзу кўтарилади, шундай қолмайди, Лекин, ҳозирча ҳар-хил гап гапирмай турайлик", - дейди аёлнинг турмуш ўртоғи.

Прокуратура ёлғон маълумот бердими?

Ўзбекистон бош прокуратураси 30 ноябрь куни С.Б. исмли аёл қизи ўлими билан боғлиқ тергов ҳаракатларидан норози бўлиб, Андижон вилоят прокуратурасига боргани ва машиналар тураргоҳида ўзига ўт қўйгани юзасидан баёнот эълон қилганди.

Баёнотда аёл прокуратурада қабул қилингани, қабул жараёнида терговчи томонидан уларнинг талаблари бажарилмагани, қизининг вафотида айбдор бўлган томондан товон сифатида "Спарк" автомашинаси ундирилмагани ва бундан норози эканини билдиргани айтилган.

"Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ф.Рахманов қабул жараёнида жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганини маълум қилган. Шунингдек, "Спарк"ни ундириш тергов органларининг ваколатига кирмаслиги, тергов якуни бўйича барча айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини тушунтиради. Жавобдан қониқмаган фуқаро С.Б. автомашина ундирилмаган тақдирда ўзига ўт ёқиб, жонига қасд қилишини айтиб, вилоят прокуратурасини тарк этган.

Шундан сўнг, тахминан 13:20 да марҳуманинг онаси вилоят прокуратураси автомашиналар тураргохида бақириб, бошқа шахсларни ўзига жалб қила бошлаган. Турмуш ўртоғидан бир литрли идишда бензин ҳамда гугуртни олиб, ўзининг елкасига қуйган. Турмуш ўртоғи ўзини ёқиши ва вилоят прокуратураси биноси ичига югуриб кириб кетиши ҳақида кўрсатма бергач, аёл ўзига ўт қўйиб ёқиб юборган.

Бу пайт воқеалар ривожини кузатиб турган пост-патруль хизмати ходимлари унинг эгнида ёнаётган кийимлари ечиб олиб, ёрдам кўрсатишган. Маълум бўлишича, айни вақтда аёлнинг юзи, қўллари, бўйин ва кўкрак қафаси соҳалари жами танасининг 15 фоиз қисми куйиш ташхиси билан шифохонага жойлаштирилди.

Мазкур ҳолат бўйича Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", — дейилади бош прокуратура баёнотида.

Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова 4 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда Андижонда қизининг ўлими бўйича олиб борилаётган терговдан норози бўлган аёлнинг ўзига ўт қўйиши мотивлари ва бу ҳақдаги вилоят прокуратураси маълумотини шахсан ўрганиб чиқаётганини айтди.

- Буни ўрганяпман, тез фурсатда бу ҳақда маълумот берамиз, - деди Светлана Ортиқова.

Ўзбекистонда давлат идоралари ходимлари хатти-ҳаракатидан норози бўлган фуқароларнинг ўзига ўт қўйиш ҳоллари бундан аввал ҳам содир бўлган.

Жорий йил октябрида МИБ ходимлари уйидан мажбурлаб чиқармоқчи бўлган наманганлик аёл ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлганди.

XS
SM
MD
LG