Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича собиқ катта терговчиси, Тошкент вилоят, Бўка туман прокурори лавозимида ишлаб келган Баҳром Қобилов жиноят иши фигурантига айланганини терговга яқин бир неча манба бир-биридан мустақил равишда иддао қилди.
Мустақил манбалар иддаоларини Бўка туман прокуратураси икки ходимидан бири қисман расман тасдиқлади. Ходим, Озодлик саволига жавобан, Баҳром Қобилов (расмий ҳужжатларда Кобилов) 12 март куни Бўка туман прокуратурасидаги ўз кабинетидан қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилганини билдирди.
Айни пайтда Озодлик гаплашган Бўка туман прокуратураси мулозими “қўлга олиниши ҳали жиноятчи эканлигини билдирмаслигини, суд ҳукми чиққунига қадар ҳеч бир кишини айбдор деб бўлмаслигини” уқтирди.
Терговга яқин бўлган ҳуқуқшуноснинг Озодликка айтишича, “қўлга олинган Қобилов Ўзбекистон собиқ прокурори Қодировни тергов қилиш пайтида унга ва ушбу жиноят иши фигурантларига нисбатан қийноқ ва рухсат берилмаган тергов усулларини қўллаганликда айбланган”.
Терговга яқин мулозимларнинг бир-биридан мустақил тарзда Озодликка билдиришича¸ Республика ҳарбий суди қарори билан Қобиловга нисбатан "қамоқ" эҳтиëт чораси белгиланган.
Республика ҳарбий суди вакили Озодлик билан қисқа мулоқот чоғида "барча қарор ва ҳужжатларга "давлат сири" деган муҳр босилгани ва шу боис матбуот ҳамда жамоатчиликка ошкор қилинмаслигини" тушунтириш билан кифояланди.
Наманган ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан айтишича, “Қобиловга қарши 8 март куни қўлга олинган Наманган вилоят собиқ прокурори Улуғбек Тошев кўрсатма берган”.
Баҳром Қобилов терговига яқин бошқа бир зобитнинг иддаосига кўра, “Қобилов собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан очилган жиноят ишини олиб борган тергов гуруҳини бошқарган Улуғбек Тошев билан биргаликда “Қодиров иши” фигурантларини тергов давомида қийнагани юзасидан” гумон қилинган.
Жорий йилнинг 8 мартида Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев қўлга олингани ҳақида Озодлик хабар берган эди.
Озодлик ўтган йили эълон қилган мақоласида собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров устидан тергов Бош прокуратура Коррупцияга қарши кураш бошқармаси терговчиси Баҳром Қобилов томонидан олиб борилгани ҳақида маълумот берган эди.
(Рашитжон Қодиров ва иш бошқа фигурантларининг кўпчилиги Бош прокуратура расмий хабарига кўра, 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда)
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодликнинг Бўка туман прокурори [лавозимида ишлаб келган] Баҳром Қобилов билан боғлиқ янгилик юзасидан саволларига ҳозирча жавоб бермади.
Президент танқидига нишон бўлган эди
Жиноят иши фигурантига айланиб ҳибсга олингани иддао қилинаётган Баҳром Қобилов 2018 йилнинг 23 октябридан бери Бўка тумани прокурори сифатида ишлаëтган эди.
Баҳром Қобилов 2018 йил 14 октябрь куни президент ўтказган селектор йиғилиши вақтида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларидаги камчиликлар учун ишдан олинган прокурорлар ичида бўлган, Президентдан танбеҳ эшитган эди.
2018 йилнинг 12 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоят, Бўка туманига бориб қилган нутқида прокуратура ходимлари ва бошқа давлат амалдорларининг фаолиятини кескин танқид остига олган эди.
Орадан икки кун ўтиб¸ Ўзбекистон президенти селектор мажлиси пайтида Қобиловни турғазиб қўйиб танбеҳ берган эди.
Қобилов президент танқидига нишон бўлган пайтда Тошкент вилоят прокуратурасида бўлим бошлиғи сифатида ишлаëтган эди.
Ана шундан бир ҳафта ўтиб Қобиловнинг мавқеи пасайтирилиб, Бўка туманига прокурор қилиб тайинланган эди.
Қобилов 2018 йил июнида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимидан бўшатилган эди.
Баҳром Қобилов турли йилларда Тошкент шаҳар, Миробод туман прокуратурасида терговчи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармасида алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимларида ишлаган.
Кейинроқ бошқарма прокурори, 2018 йилнинг май ойида эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси бошлиғи лавозимига тайинланган Коленко Евгений Вячеславович ўрнига бошқарма бошлиғи ўринбосарига айланганди.
Ҳозир ҳибсга олингани иддао қилинаëтган прокурор Баҳром Қобилов 2018 йилда журналист Бобомурод Абдулла ишида давлат қораловчиси сифатида иштирок этганди.