Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:40

Аëлларни таҳқирлаган ИИБ ходими ушланди. Жиноий иш Бош прокуратура раҳбарияти назоратига олинди


"Ғайриқонуний ҳаракат бўлмаган у ерда" - Каттақўрғонда аёлни таҳқирлаган милиция ходими нима деди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:04 0:00

"Ғайриқонуний ҳаракат бўлмаган у ерда" - Каттақўрғонда аёлни таҳқирлаган милиция ходими нима деди?

Озодликнинг 4 июль куни эълон қилган "Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аëллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди" мақоласидан сўнг, 5 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Санъат Умаров ушлангани ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида расмий баëнот эълон қилди.

"2018 йил 22 июнь куни фуқаро Н.Т. Самарқанд вилоят ДХХ бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, 03.06.2018 йилда Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров ва бошқалар уни шаҳар ИИБ биносида ҳақорат қилиб, ечинтиришга мажбур қилишганлигини билдирган.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, 03.06.2018 йил соат 10:00 ларда фуқаро Н.Т. Каттақўрғон шаҳрининг «Деҳқон бозори»да бўлган вақтида шаҳар ИИБ ходимлари уни ўғрилик қилганликда гумон қилиб, шаҳар ИИБ маъмурий биносига олиб келишганлиги аниқланган. Шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров унга ўғрилик қилиш мақсадида бозорга келганлигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Сўнг ИИБ маъмурий биносининг коридорида Н.Т. нинг эгнидаги барча кийимларини ечишга мажбур қилиб, бу ҳолатни ўзи видеотасвирга олган.

2018 йил 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда С.Умаров ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ИИБда мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда", дейилади Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий баëнотида.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206 модда(ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш)сининг биринчи қисмида шундай дейилган:

"Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни мансабдор шахснинг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

4 июль куни Озодликда чоп этилган мақола ва видео ижтимоий тармоқларда тезлик билан тарқади ва жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Озодликнинг Facebookдаги саҳифасида бу видеони бир неча соат ичида 164 минг одам кўрди¸ минглаб одам шарҳ қолдирди.

Ҳозирча Озодлик мақоласи эълон қилгунга қадар ўз хизмат вазифасини давом эттириб келган Санъат Умаровнинг иш жойида¸ давлат хизматчиси сифатида қилган ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатига оид Ички ишлар вазирлиги муносабат билдирмади.

Ижтимоий тармоқда ўзига хос портлаш яратган воқеа ҳақида Озодлик 4 июль куни чоп қилган мақола матни қуйида.

"Ғайриқонуний ҳаракат бўлмаган у ерда" - Каттақўрғонда аёлни таҳқирлаган милиция ходими нима деди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:04 0:00

4 июль куни Озодликка махсус юборилган видеотасвирда ўзи кўринмаëтган эркак киши камера қаратилган аëлни кескин ҳақорат билан кийимларини ечиб¸ қип-яланғоч бўлишга мажбурлайди.

Кадр ортида тасвирга тушмаган яна бир аëлнинг айни-дўқ пўписа остида ечинишга мажбурланаëтгани овози эшитилади.

Озодлик ўтказган суриштирув давомида¸ бу воқеанинг 3 июнь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимининг биносида бўлгани¸ аëлни қўрқитув ва босим билан ечинишга мажбурлаган шахснинг эса¸ ИИБ Жиноят қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаров эканини аниқланди.

Видеотасвирни Озодликка юборган Самарқанд ҳуқуқ тизими мулозими¸ бу аëлларнинг Каттақўрғон бозорида содир бўлган ўғрилик муносабати билан ушланганлардан эканини билдирди.

Терговчи Озодлик билан суҳбатда, шундай воқеа бўлганини тан олди ва бу воқеа юзасидан вилоят прокуратураси жиноий иш очганини билдирди.

Видеотасвирга туширилган таҳқир

Озодликка юборилган видеотасвирда бурчакка қўйилган 35 лар атрофидаги аёл ўзи кўринмаëтган эркак томонидан кийимини бирма-бир ечишга мажбурланади.

“Еч доконца на х..й, еч иштонингни на х...й! Еч на х..й, деяпман сенга, с...й”, деб бир неча бор аёлга қараб ўшқиради видеотасвирга тушмаган шахс.

Бу аëл ечинишни бошлаган бир пайтда кадрга тушмаган бошқа бир аёлнинг бошқа шахс томонидан таҳқирланаëтгани овози эшитилади.

“Ҳозир онангни с...н сени. Анавуни кўраяпсанми, еч сен ҳам”, дейди видеода кўринмаëтган аëлни уриб-сўкаëтган иккинчи эркак овози.

Кадр орқасидаги аёл йиғлаб туриб, “илтимос ундай қилманг”, деб ёлворади¸ аммо ҳақорат ва таҳқир давом этади.

Камера қаратилган биринчи аёл ўзига ўшқираëтган эркакнинг ҳақоратлари остида карахт ҳолда, иштонидан сўнг сийнабандини ҳам ечади¸ аммо таҳқир шу билан тўхтамайди.

“Еееееч! Онангни а...га тиқаман, еч на х..й, ҳароми”, дейди бу аëл билан шуғулланаëтган шахс ва акс ҳолда аëлни жисмоний зўравонлик билан қўрқитади.

Видеодаги аёл ўз таҳқирловчисига, “Акажон, мен қилмаганман”, деб ёлворади. Аммо буйруқ бераëтган шахс энди аëлга қип-яланғоч ҳолда кўчага чиқишни айтиб ўшқиради.

“Ўт, у ёққа на х..й, қўй уни нарёққа, чиқ ташқарига, на х..й”, дейди ўзи кўринмаган¸ аммо овози эшитилиб турган шахс.

Видеодаги воқеa қачон¸ қаерда бўлди? Овоз эгалари ким?

Видеотасвирда акс этган воқеа¸ уни жўнатган мулозимнинг Озодликка изоҳ беришича¸ 2018 йилнинг 3 июнида Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими коридорида содир бўлган.

Шахси очиқланишини истамаган ҳуқуқ тизими мулозимига кўра¸ видеодаги аëлни ечинишга мажбурлаëтган шахс - Каттақўрғон шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаровдир.

“3 июнь куни шаҳар Ички ишлар бўлимининг терговчиси Санъат Умаров бошчилигидаги гуруҳ Каттақўрғон бозорига бошқа тумандан келган икки аёлни ўғриликда гумонлаб, Ички ишлар бўлимига олиб келишади ва қип-яланғоч қилиб ечинтириб, ўғирланган пулни излашади. Ҳеч нарса тополмагандан кейин, ҳеч қандай ҳужжат тўлдирмай, жавоб бериб юборишади. Бу аёллар¸ ҳатто¸ олиб келинганлар дафтарида ҳам қайд қилинмаган”, дейди воқеа тафсилотларидан хабардор мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ бу видеони таҳқирловчиларнинг ўзи олган ва кўп ўтмай у милиция ходимлари орасида тарқай бошлаган.

Милиция терговчиси кадр ортидаги шахс ўзи эканини тасдиқлади

Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими терговчиси, капитан Санъат Умаров 4 июль куни Озодлик мухбири билан суҳбатда видеотасвирдаги аëлни таҳқирлаган шахс ўзи эканини инкор қилмади:

- Мен у аёллардан узр сўрадим. Бу ҳолат бўйича вилоят прокуратураси жиноий иш қўзғаган. Бу аёллар вилоят прокуратурасига шикоят қилган экан. Ҳамма гапларини ўша жойга айтишган. Энди жиноят иши кўриб чиқилиб, судга оширилади, деди Санъат Умаров.

Озодлик билан суҳбат давомида Умаров¸ тергов амалиëтлари давом этаëтганига қарамай¸ ўз хизмат вазифасини давом эттираëтганини билдирди.

4 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси видеотасвирдаги воқеа юзасидан "терговолди текшируви ўтказилаëтгани" ва "инсон шаъни ва қадр-қиммати муҳофазаси нуқтаи-назаридан" тафсилотлар ошкор қилинмаслигини билдирди.

Озодлик ҳозирча видеодаги иккинчи шахс¸ қолаверса¸ Каттақўрғон милиция бўлимида таҳқирланган аëллар кимлигини аниқлай олмади. (Воқеа тафсилотларидан хабарингиз бўлса¸ ëки таҳқирланган аëлларга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ Озодликка билганларингизни юборишингиз мумкин.)

Қонунни бузувчи қонун ҳимоячилари

Ўзбекистон президенти ўтган йилнинг февраль ойида селектор йиғилишида милиция ходимларининг ўзлари қонунни бузаётганини кескин танқид қилганэди:

- Ўтган йили 4518 нафар ходим, шундан 966 нафар ходим салбий ҳолатларга кўра ички ишлар идораларидан бўшатилган. Улардан аксарияти порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган. Бундай ҳолатда аҳоли орасида ички ишлар ходими обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак? –деган эди Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG