Бош прокуратура 4 мартда Вазирлар Маҳкамаси олдига йиғилган норозиларни "тартибсизлик уюштирган фуқаролар" деб атади.
Прокуратуранинг 7 март кунги баёнотида уларнинг ҳаракатига "доимий равишда Бош прокуратура, Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа идораларда тартибсизликлар уюштириб келишмоқда", деб изоҳ берилган.
4 март кунидан бошлаб, Вазирлар Маҳкамаси ва президент Халқ қабулхонаси олдида йиғилган қарийб 60 кишилик гуруҳ ҳақида Озодлик 6 март куни хабар қилган.
Гуруҳда Жиззах, Қашқадарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида яшовчилар борлиги айтилган.
Баёнот
Бош прокуратура 7 март куни тарқатган баёнотида бу фуқаролар прокуратура раҳбарияти томонидан бир неча маротада қабул қилингани айтилган:
"Жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев томонидан видеоконференция алоқа орқали 19 нафар фуқароларнинг қабули ўтказилган бўлсада, 2020 йил 6 март куни Г.К., Х.Э., Г.Х., Д.Д. ва бошқа бир гуруҳ аёллар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси биносига кириб, жанжал уюштириб, Бош прокурор қабул қилишини сўраган. Бош прокурор хизмат сафарида бўлганлиги сабабли ушбу фуқаролар Бош прокурорнинг 1-ўринбосари А.Холмахматов томонидан қабул қилинган".
Шунингдек бу баёнотда, бу фуқароларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилгани ва ёзма жавоб хатлари берилгани таъкидланган.
"Мазкур фуқаролар доимий равишда Бош прокуратура, Олий Мажлис Сенати, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа идораларда тартибсизликлар уюштириб, ноқонуний талаблари билан эътиборни ўзларига жалб қилиб келишмоқда", дейилади баёнотда жумладан.
Озодликка юборилган видео
Вазирлар Маҳкамаси ва президент Халқ қабулхонаси олдида икки кун кетма-кет йиғилганлар ўз издиҳомни "норозилик намойиши" деб атаган.
Вазирлар Маҳкамаси олдида 4 март кунги тинч намойишда қатнашганлардан бири Озодликка юборган видеода ўнлаб одам қабулга киришни талаб қилаётгани, аммо уларни Миллий гвардия ходимлари ичкарига киритмаётганини кўриш мумкин.
Видеодаги аёллар “Биз 8-март Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида қабулга келдик. Нахотки, ҳеч бўлмаганда байрам ҳурмати учун бизларни қабул қилишмаса?!” деб савол қўядилар Миллий гвардия ходимларига.
Аммо Миллий гвардия зобити аёлларнинг бу саволига жавоб бермайди.
Бундан ташқари, норозилар орасида бўлган жиззахлик эркаклардан бири исмини айтмаслигимиз шарти билан ички ишлар бўлимида бўлгани ва у ерда калтакланганини иддао қилган эди.
Исмини сир тутган бу одамнинг иддаосини исботловчи далил-исбот ёки ҳужжат Озодликка тақдим қилинмаган эди.
6 март куни Тошкент ИИББ изоҳсиз қолдирган бу иддаолар хусусида, Бош прокуратура баёнотида ҳам бирор маълумот йўқ.
Норозилардан бири томонидан Озодликка тақдим этилган видео:
Озодликка маълум шунга ўхшаш бошқа воқеалар
Бу Вазирлар Маҳкамаси ва президент халқ қабулхонасига кира олмаётган одамлар ўтказаётган биринчи намойиш эмас.
Масалан, 2016 йилда қўқонлик 73 ёшли Раҳбархон Одилова ва унинг оила аъзолари ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳаракатсизлигидан норозилик билдириб, президент резиденцияси олдида қатор пикетларни ўтказган эди.
Раҳбархон Одилова ўз оиласи ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши учун 2014 - 2015 йилларда президент саройи ва Олий Мажлис бинолари олдида ҳам пикетларни ўткизган. Уни ҳар сафар ички ишлар ходимлари ҳибсга олишган ва бир неча ўн соатлардан сўнг қўйиб юборишган.
Жорий йилнинг 17 февраль куни эса ўнлаб одам Тошкентдаги Мустақиллик майдонига йиғилиб, давлатдан лицензия олган “Human” хусусий бандлик агентлигининг ўзларига етказган зарарини тўлаб беришни талаб қилганлар. Даставвал норозилар билан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, кейинроқ эса бош вазир Абдулла Арипов учрашган.
Учрашув чоғида бош вазир президент топшириғи билан “Human” хусусий бандлик агентлигидан зарар кўрган 1 минг 86 нафар фуқарога маблағлари тўлаб берилишини маълум қилган.