Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани паспорт бўлими бошлиғи ва яна икки фуқаро одамларга ноқонуний паспортлар қилиб беришда айбдор деб топилиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Лекин, ана шу жиноий гуруҳ таркибида бўлгани айтилган прокуратура ходимлари эса қамоқ жазосидан қутулиб қолдилар.
Қизириқ тумани паспорт бўлимининг собиқ бошлиғи Мўмин Олтибоев ғайриқонуний паспорт тайёрлаб одамларга сотганликда айбланиб, ўн йилга озодликдан маҳрум этилди.
Паспорт бўлими бошлиғи ва паспорт сотиб олган одамлар ўртасида ўртакашлик қилган яна икки киши( уларнинг исм-шарифини аниқлаш имкони бўлмади – таҳр.) 6-7 йилга қамалди.
Бу ҳақда Озодликка Қизириқ туманидаги давлат идораларидан бирида ишлайдиган манба хабар қилди.
Манбанинг айтишича, қалбаки паспортлар тайёрлаб сотишда асосий айбдорлар бўлган прокуратура ходимлари жазодан қутулиб қолган:
“Асосий калтак асосан паспорт столи бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Мўминнинг бошида синди. Бу ишда прокурор ўринбосари Фаррух Султонов, прокурор ёрдамчиси Жўрабек ва прокуратура ходими Улуғбек Исмоиловлар ҳам бошида айбланувчи бўлиб қатнашган эди. Прокуратура ходимлари фақат ишдан четлатиш билан жазодан қутулиб қолди. Қолганлар эса узоқ муддатларга қамалди”, деди манба.
Унинг айтишича, ИШИД сафида бўлган жангарилардан бирининг паспорти Қизириқда берилгани аён бўлганидан сўнг, паспорт бўлими бошлиғи ҳибсга олинган эди:
“Булар Ўзбекистонда яшайдиган, лекин фуқаролиги бўлмаган тожикистонликларга паспорт қилиб берган. Ана шу паспорт эгаларидан бирининг ИШИДда жанг қилаётгани аниқлангандан сўнг, паспорт бўлими бошлиғи Мўминни шу йилнинг бошида ҳибсга олишган эди. Сўроқ давомида у жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари, жумладан прокуратура ходимлари борлигини сайраб берган. Мўмин, кўп паспортларни айнан прокурор ўринбосари топшириғи билан тайёрлаб берганини айтган. Лекин прокурорлар жазо олмади, туман прокурори Ўктам Юсупов эса сувдан қуруқ чиқди. Бўлмаса, унинг ҳам бу қинғир ишлардан яхши хабардор бўлгани аниқ”, деди манба.
Озодлик бу воқеага изоҳ олиш мақсадида Қизириқ тумани прокурори Ўктам Юсупов билан боғланди. Бироқ, мухбир ўзини таништириши билан прокурор алоқани узиб қўйди ва у билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.
Қизириқ туманининг аввалги прокурори Дилшод Файзиев фермерларни ҳақорат қилиб, урадиган одати учун "муштумзўр прокурор" лақаби билан танилган эди.