Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:02

“Проект”: Россия ҳукумати сайлов олдидан салбий янгиликлар сонини камайтиради


Россия ҳукумати Давлат думасига сайловлар олдидан нохуш янгиликлар сонини камайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамасига яқин манбаларга таянган ҳолда “Проект” нашри хабар берган.

Бундан кейин мамлакатда юз бераётган воқеалар ҳақидаги шошилинч хабарлар, ишсизлик статистикаси, инфляция даражаси, иш ҳақлари бўйича қарздорлик ва бошқа маълумотлар ҳафтада бир марта эълон қилинади.

“Проект”га кўра, хабар ва мақолалар асосан чоршанба кунлари соат 19:00 ларда эълон қилинади. Ўта таъсирли маълумотлар, хусусан, COVID-19 вирусидан ўлим статистикасини ойда бир маротаба – жума кунлари эълон қилишга қарор берилган.

Ҳукумат фикрича, дам олиш кунлари олдидан аҳоли янгиликлар билан камроқ қизиқади. Ҳозирда Росстат маълумотлари асосида деярли ҳар куни хабарлар тайёрланмоқда.

“Проект” манбалари статистикани ҳафтада бир марта эълон қилиш ғояси Кремль ва ҳукуматнинг ахборот сиёсати бўйича икки муҳим куратори — президент маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Громов ҳамда ҳукумат аппарати раҳбари ўринбосари Леонид Левинга маъқул тушганини айтишган.

“Проект” тахминича, сайлов арафасида салбий мазмунли янгиликлар сонини камайтириш ғоясига расмий тус берилиши мумкин.

Аввалроқ Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти шаҳарда халқаро иқтисодий форум ўтказилаётган кунларда коронавируснинг янги тури билан касалланишлар юзасидан батафсил маълумот беришни тўхтатган эди.

Россияда сайлов мавсуми бошланар экан, ҳокимиятдаги “Единая Россия” партияси заифлашиши мумкин. Мустақил Левада марказига кўра, бу партия баҳсли пенсия ислоҳотини қўллагани ва президент Владимир Путиннинг 2036 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очадиган ўзгариш дохил қатор конституцион ўзгаришларни амалга оширгани учун омма сўровларида у энг паст натижаларни кўрсатмоқда.

2016 йилги Дума сайловларида “Единая Россия” овозларнинг 50 фоиздан сал кўпроғини олганига қарамай, Думада 90 фоиз ўринни эгаллаган.

Айни пайтда либерал мухолифат, уларга бўлган ҳозирги ҳужумлардан аввал, анча кучли кўринар эди. Улар Навальнийнинг ортида бирлашиб, 2018‑20 йиллардаги маҳаллий сайловларда “ақлли овоз бериш” тактикасини қўллаб нисбий муваффақиятга эришди.

Ушбу тактикага кўра, ҳукуматга мухолиф қарашдаги одамлар “Единая Россия”ни енгишга ёрдам берадиган исталган номзодга овоз бериши керак. Бунинг натижасида мисли кўрилмаган сондаги мустақил мухолиф номзодлар маҳаллий кенгашларда ғалаба қилди.

Ҳукуматнинг Навальнийнинг ташкилотларини тақиқлаш, мамлакат бўйлаб фаолларга босим ўтказиш, мустақил ОАВ ва интернетни чеклаш чоралари сайловлар назоратини қўлга олиш ва “Единая Россия” ғалабасини таъминлаш учун қилинмоқда деб кўрилмоқда. Бу партия орқали Путин ҳукумати сиёсий қудратнинг барча даражаларини қўлга тутиб туради.

XS
SM
MD
LG