Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:14

"Неврологлар учун қизиқиш объекти". Мутахассислар Путин ва бошқа яккаҳокимлар зеҳнияти ҳақида


Владимир Путин.
Владимир Путин.

"Ҳокимият бузади. Мутлақ ҳокимият мутлақ бузади." Бу гап янги эмас, аммо долзарб. Ҳокимият қандай бузаётганини нима орқали биламиз? У одамни қандай ўзгартиради? Автократлар ва диктаторлар аввал-бошдан манипуляция ва шафқатсизликка мойил одамлар бўладими? Ёки ҳатто энг либерал раҳбар ва умуман яхши инсон ҳам, ўнлаб йиллар давомида ҳокимиятда бўлгач, мия ва руҳиятдаги органик ўзгаришлар туфайли муқаррар золимга айланадими?

«Настояшчее Время» бу саволларни Россия ва хориждаги етакчи мутахассисларга берди.

"Компанияларни бошқарадиган одамлар ва умуман ҳокимият қандай ишлашини ўрганувчи бутун бошли соҳа бор, – дейди биолог Илья Колмановский. – Тадқиқотчилардан бири агар ҳокимият дорихонада сотилганда эди, унинг аннотациясидаги ножўя таъсирлар қисмини жуда майда ҳарфлар билан ёзишга тўғри келарди, дейди. Ҳар қандай ҳокимият қайсидир маънода мияни ишдан чиқаради."

Раҳбарлар, аввало, эмпатия каби биологик муҳим ҳислатни ўчириб қўйишлари керак, деб таъкидлайди олим. Тажрибалар кўрсатадики, мия нафақат эмпатияни, балки бошқа бировнинг бошида нима борлигини ҳисоблаш учун зарур бўлган қобилиятни ҳам ўчиради.

"Баъзида қарор қабул қилиш учун, бошқа одамлар нима ўйлаётгани ҳақида кўп ўйлаш керак эмас. Бу қандайдир оддий ва прагматик қарор қабул қилишингизга халақит берадиган шовқиндир", дейди Колмановский.

Америкалик психиатр Бенди Лининг айтишича, раҳбарнинг «тўсатдан» эмпатияни йўқотиши биринчи навбатда эмпатиянинг етишмаслиги бўлиб, унинг оқибати анча кенг миқёсда намоён бўлади.

“Ўз амалиётимда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қамоқхоналардаги одамлар билан ишлаганман, – дейди зўравонлик бўйича китоб муаллифи Ли. – Яқинда мен ана шу муҳит ва сиёсий арена ўртасида ўхшашлик борлигини кўрсатдим. Чунки кўплаб носоғлом ва хавфли раҳбарлар ҳокимиятга келади. Бундай ҳолларда, раҳбарнинг хулқи у ҳокимиятга келишидан олдин ҳам мавжуд бўлган психологик хусусиятларидан келиб чиқади. Аммо вақт ўтиши билан бу руҳий хусусиятлар ўзини янада аниқроқ намоён қила бошлайди”.

OzodNazar: Путиннинг янги муддати ва Марказий Осиё
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:44 0:00

Бенди Ли 27 нафар америкалик психиатр ва психологлардан иборат гуруҳни бошқарган. Улар Доналд Трампнинг АҚШ президентлигига муносиблиги масаласини ўрганган. Шундан сўнг экспертлар Трампда ҳамдардлик, яъни эмпатия ҳисси йўқлиги, оғзаки ва жисмоний тажовузга мойиллиги борлиги ҳақида баёнот беришди. Лидерлар, айниқса, давлатлар раҳбарлари ҳақида гапирганда, бундай нарсаларни билиш жуда муҳим, дейди доктор Ли.

Кеннет Деклева, психиатр, дипломат ва етакчилик психологияси бўйича тадқиқотлар муаллифидир. У беш йил давомида Россияда Америка элчихонаси ходими бўлган. Унинг таъкидлашича, авторитар режимларда, Ғарб типидаги демократияларга қараганда камроқ назорат мавжуд бўлиб, раҳбарлар кексайгани сари қаттиқроқ ва камроқ мослашувчан бўлиб қолади.

Одамлар ҳокимиятда қанча узоқ бўлса, ижодий фикрлаши шунчалик ёмон бўлади ва ташкилот, компания ёки давлатда нимани ўзгартириш ҳақидаги янги ғоялар шунчалик камаяди, дейди Кеннет Деклева. Унинг фикрича, бундай раҳбарлар тафаккури кескин торайиб, консерватив бўлиб қолади. Янги ғояларни киритиш ва муаммоларни ҳал қилишдан кўра, ҳозирги ҳолатни сақлаб туриш биринчи ўринга чиқади, дейди психиатр.

Яна бир хавф – раҳбарнинг ички доираси торайишидир.

“Владимир Путин мисолида ҳам шуни кўрамиз, – дейди Деклева. – Агар сиз ҳозир унинг атрофидаги одамлар сонини у билан биринчи икки муддатда бирга бўлганлар билан солиштирсангиз, аввал унинг атрофида кўпроқ сиёсатчилар бўлганини кўрасиз. Ҳозир эса биз қарорлар унинг нотўғри тасаввурлари асосида қабул қилинаётганини кўрмоқдамиз. Путин атрофидаги одамлар унга ўзлари истаган нарсани эмас, у эшитишни истаган нарсани айтишмоқда".

Одатда, ҳамдардлик ҳис қилмайдиганлар, бошқаларнинг ҳис-туйғуларини эътиборга олмайдиган одамлар ҳақида гапирганда, хаёлга омадли сиёсатчилар эмас, жиноятчилар ёки маняклар келади. Маълум бўлишича, хусусиятларнинг бундай мос келиши тасодифий эмас. Диктаторлар ва жиноят оламининг энг шафқатсиз вакилларида умумий хислатлар бор.

“Олимлар ўта шафқатсизларча жиноятлар қилиб, қамоққа тушганларни ўрганишди, – дейди Колмановский. – Кейинги психологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, уларда эмпатия йўқ. Орамизда бундай одамлар кўпми? Оғир зўравонлик жинояти учун қамоқда ўтирганларнинг тўртдан бир қисми шундай эди. Аммо олимлар оддий аҳолини ўрганишни бошлаганларида миллионлаб шундай одамлар борлиги маълум бўлди."

Бироқ, бу одамлар зўравонлик жиноятларига қўл уриши муқаррар дегани эмас. Бу содир бўлиши учун, Колмановскийнинг таъкидлашича, иккита параметр мос келиши керак: уларнинг IQ лари паст бўлиши ва болалик даврида зўравонликка дуч келган бўлиши керак. Шу икки параметр бўлмаса, улар "самолётда бизнес-классда ўтиришади. Улар кўпинча ўз корпорацияларида яхши раҳбар бўлишади", дейди биолог.

Унинг айтишича, бундай одамлар жуда харизматик, мафтункор ва сентименталдир. Аммо уларнинг ўзига хос хусусияти бор: улар хавфга нисбатан сезгир эмас.

Америкалик невролог, профессор Жеймс Фаллон психопатик шахсият касалликлари бўйича дунёдаги етакчи мутахассислардан бири. У диктаторларни кўп ўрганди – Калигула ва Нерондан, Пол Пот ва Сталингача. Сўнгги йилларда унинг рўйхатига замонавий раҳбарлар ҳам қўшилди. Олим таъкидлашича, диктаторлар, одатда, харизматик, ўзини юқори баҳолайди ва ёлғон гапиришни яхши кўради. Шу билан бирга, улар айбдорлик туйғусини ҳис қилмайди, эмпатияга мойил эмас ва уста манипуляторлардир. Бундан ташқари, Фаллон ишонишича, диктаторлар кўпинча паст бўйли, оиласи нотинч ва санъатни тушунмайди.

Диктаторларда психопатиянинг барча белгилари, шунингдек, жиноий фикрлаш мавжуд.

“Агар сиз айнан шу рўйхатни олиб, уни психиатр Роберт Хейс тузган психопатиянинг асосий белгилари билан солиштирсангиз, улар бутунлай бир-бирига мос келади, – дейди Фаллон маърузалардан бирида. – Диктаторларда касалликнинг барча белгилари бор. Оддий қилиб айтганда, жиноий фикрлаш."

Фаллон ўзининг сўнгги интервьюларидан бирини Россиянинг Insider нашрига 2022 йил ёзида берган эди. Унда у Владимир Путинни “ўзини назорат қила олмай қолган типик психопат” деб атаган.

“Фикримча, Путинда В кластерли шахсият бузилиши ривожланиши учун муҳим шартлар бор эди – энг хавфлилари, жумладан, психопатия ва нарцистик бузилиш. Психопатлар, мактаб безорилари каби, доимо ўз қурбонларида заифлик қидиради. Улар ўзлари тажовуз қилган шахс ёки гуруҳнинг ўйларини тахмин қилишга уста. <...> Психопатлар ўзларининг барча ишларининг тўғрилигига ишонадиган ўз дунёсида яшашади; уларга ахлоқни аргумент сифатида келтириш фойдасиз”, дейди тадқиқотчи.

Илья Колмановскийнинг айтишича, Владимир Путин неврологларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

"Ушбу мавзуга қизиққанлар учун Путин Курск сув ости кемаси ҳақида: "У чўкиб кетди" деган пайтдаёқ унинг кимлиги аниқ эди», дейди биолог.

Аммо бир нечта иборалар, интервьюлар, баёнотларга асосланиб, инсоннинг психотипи ҳақида жиддий хулосалар чиқариш мумкинми? Айниқса, кўпинча нафақат ўз фикрини, балки бошқалар ундан нимани кутаётганини айтишга мажбур бўладиган раҳбар шахсияти ҳақида?

“Эримни Путин ўлдирди”- Юлия Навальная
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:00 0:00

“Лидерларни ўрганаётганда, улар қандай фикрлаши, ўзини қандай баҳолаши, улар ҳақида атрофдагилар қандай фикрда экани, жамият уларни қандай кўришига қараймиз, – дейди америкалик психиатр Деклева. – Биз асосий маълумот манбаларига қараймиз, масалан, Путин мақолалари, унинг нутқлари. Биз бу материаллардан ва у билан учрашган дунё етакчилари ҳикояларидан Путин ҳақида кўп нарсаларни биламиз”.

Материаллар ва мақолалар муҳим аҳамиятга эга. Дунё етакчиларига келсак, улар ҳақиқатан ҳам кўп. Аммо бу ерда Барак Обаманинг собиқ маслаҳатчиси Бен Роудснинг Владимир Путин ҳақидаги шахсий хотирасини олайлик. У Россия раҳбари билан бир неча бор учрашган.

"Путин жуда ўзига хос ҳазил туйғусига эга эди, – дейди Роудс «Настояшчее Время» нашрига. – У жуда ғалати гаплар айтарди, одатда, Америка сиёсати ҳақида. Масалан, у Қўшма Штатлар қандай қилиб террорчиларни эмас, Сурия мухолифатини қуроллантиришга ҳаракат қилаётгани ҳақида гапирганди. Гапида жон бор эди, бу ҳақиқатан ҳам қийин иш. Лекин у бу ҳақда шундай деди: “Бу худди арча дарахтига яланғоч чиқиб, кетингизни тирнаб олмасликка уринишдек гап”. Мен ҳеч қачон унда кимгадир нисбатан ҳамдардлик белгисини кўрмаганман.

Бу саволга олимларнинг ҳам жавоби бор. Чексиз кучга эга одамлар, агар улар муносиб қаршилик кўрмаса, ҳар доим олдинда ўйнашади. Улар боши берк кўчага киргандек туюлса, ставкаларни ошириши мумкин. Улар уйсиз кучукчанинг суратига қараб кўзлари ёшланиши мумкин, аммо уларда одамларга нисбатан ҳамдардлик ҳисси деярли бўлмайди. Улар ҳокимиятда қанча узоқ бўлса, ҳис-туйғулари шунчалик ўтмаслашади.

Форум

XS
SM
MD
LG