Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:00

Путин Ашхободда ота-бола Бердимуҳамедовлар билан алоҳида-алоҳида учрашади


Президентлар Владимир Путин ва Гурбангули Бердимуҳамедов Ашхободдаги учрашувда. 11 октябрь, 2019.
Президентлар Владимир Путин ва Гурбангули Бердимуҳамедов Ашхободдаги учрашувда. 11 октябрь, 2019.

Путин Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери илк хорижий сафари доирасида 28 июнь куни Тожикистонга келди, у ердан Туркманистонга ўтади.

Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков 27 июнда журналистларга Путин Ашхободга ташрифи чоғида Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамда унинг вориси ва ўғли Сардор Бердимуҳамедов билан алоҳида учрашувлар ўтказишни режалаётганини маълум қилди.

Путин Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан шахсан табрикламоқчи ва иш масалаларини у билан муҳокама қилмоқчи. Сардор Бердимуҳамедов билан учрашув эса саммитдан олдин бўлиб ўтади.

29 июнда Гурбангули Бердимуҳамедов 65-туғилган кунини нишонлайди. Каспийбўйи давлатлари раҳбарлари саммити бу гал собиқ туркман президентининг таваллуд кунига тўғри келди.

Путиннинг Марказий Осиёдаги постсовет республикаларга ташрифи Украинадаги уруш важидан Москвага қарши халқаро санкциялар ҳамда уни дунё ҳамжамиятидан узиб қўйишга қаратилган ҳаракатлар кучайиб бораётгани манзарасида кечмоқда.

Путиннинг Тожикистон ва Туркманистонга ташрифи арафасида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Алексей Арестович расмий Душанбе ва Ашхободни Россияга қарши қўлланган халқаро санкцияларни бузмасликка чақирди.

Арестович 27 июнь куни Feýgin Live YouTube-каналига берган интервьюси чоғида бу масалага тўхталди.

Сиёсий шарҳловчилар Россия халқаро санкциялар оқибатларини Марказий Осиё мамлакатлари ёрдамида юмшатишга уриниши мумкинлигига эътибор қаратишмоқда.

28 июнь куни Душанбеда Путин тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан кўришди.

Тожикистон иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирининг собиқ муовини Каримжон Аҳмадов Россия раҳбари Тожикистон президенти Раҳмон билан учрашув чоғида жумладан Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтиш масаласини ҳам кўтаришини тахмин қилади.

Унинг фикрича, Россия, хусусан, ўз олтинини экспорт қилишда Тожикистон имкониятлари ва ресурсларидан фойдаланмоқчи.

“Ҳеч ким овоз чиқариб айтаётган бўлмаса-да, ушбу масала албатта муҳокама қилинади”, деб ёзди Канадада истиқомат қилаётган собиқ тожик мулозими 27 июнь куни ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида.

Дунёнинг етти иқтисодий қудрати – АҚШ, Британия, Германия, Италия, Канада ва Япония раҳбарлари 26-28 июнь кунлари “Катта еттилик”нинг 48-саммитида Россиядан олтин импорт қилишга эмбарго жорий этишди. АҚШ президенти Жо Байден мазкур санкциялар ҳақида 26 июнда ўзининг Twiiter’даги саҳифаси орқали маълум қилганди.

Савдо-иқтисодий муносабатлар тафсилотлари одатда жамоатчиликка очиқланмайди, аммо президент Владимир Путин 10 июнь куни Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедовни қабул қиларкан, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 40 фоизга ошганини айтган эди.

2022 йил 24 февралда Россия Украинага қарши сабабсиз ва асоссиз уруш бошлагани ортидан қақшатқич халқаро санкцияларга йўлиқмоқда.

Бетараф мақомга эга Туркманистон Россиянинг Украинага тажовузи бўйича ўз позициясини ҳанузгача белгилаган эмас. Жорий йилнинг 3 мартида БМТ Бош ассамблеясида овоз бериш чоғида дунёнинг 141 мамлакати Россиянинг босқинчилик урушини қоралади. Туркманистон овоз беришда иштирок этгани йўқ. Кейинроқ, 7 апрель куни Бош ассамблея Россия оккупация кучлари Украинага босқин чоғида “инсон ҳуқуқларини қўпол равишда ва сурункали бузган”ига доир далилларга таяниб, Россияни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигидан чиқарди. Мазкур қарорни 93 мамлакат қўллаб-қувватлади, аммо Туркманистон бу сафар ҳам овоз беришда қатнашмади.

Шу билан бирга, апрелда Туркманистон Украинага гуманитар ёрдам юборажагини эълон қилди. Ёрдам Украинага етиб бордими, борган бўлса – Украинанинг қайси ҳудудларига берилди – бу ҳақида маълумот ҳозирча йўқ.

Путин 10 июнь куни Москвадаги учрашув чоғида Сардор Бердимуҳамедовни “Россия Федерацияси ва Туркманистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун” Дўстлик ордени билан тақдирлади.

Бу орада Марказий Осиёдаги айрим давлатлар раҳбарлари Россия таклиф қилаётган мукофотлардан ўзларини узоқ тутишга уринишмоқда.

Яқинда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россиянинг Александр Невский орденидан воз кечган эди. Тоқаев 16 июнь куни Петербург халқаро иқтисодий форумида иштирок этаркан, Қозоғистон ўзини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаётган айирмачи ҳудудлар мустақиллигини тан олмаслигини, шунингдек Россияга қарши халқаро санкцияларга риоя қилишини айтди.

Қозоғистон лидеридан фарқли ўлароқ, Туркманистон президенти Путиндан мукофотни олди. 2017 йилда Путин Гурбангули Бердимуҳамедовни Александр Невский ордени билан тақдирлаган.

XS
SM
MD
LG