Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:33

Путин билан “яқин муносабатда”. Алина Кабаева нима учун санкцияга тушди?


Бадиий гимнастика бўйича Олимпиада чемпиони Алина Кабаева Кремлдаги тақдирлаш маросимида. Москва, 21 декабрь, 2005
Бадиий гимнастика бўйича Олимпиада чемпиони Алина Кабаева Кремлдаги тақдирлаш маросимида. Москва, 21 декабрь, 2005

Буюк Британия Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этди: индивидуал санкциялар қўлланган россияликлар “қора рўйхати”га Алина Кабаева билан унинг бувиси, Россия президентининг собиқ хотини Людмила Путина, унинг амакиваччалари, жияни ва бошқа қариндошлари киритилган. Британия ҳукумати пресс-релизида айтилишича, Алина Кабаева Владимир Путин билан “яқин муносабатда”. Жаҳон ОАВлари уларнинг умумий фарзандлари борлиги ҳақида ёзган эди.

Санкциялар уларга Буюк Британияга кириш тақиқланишини ва мамлакат ҳудудидаги барча активлари музлатилишини назарда тутади. Адвокат ҳамда “Навальний жамоаси” аъзоси Любовь Соболь “Настояшчее время” телеканалида ушбу хабарга изоҳ берди, шунингдек Владимир Путиннинг яқинларидан кимлар “қора рўйхат”га тушиш учун кўпроқ имкониятга эга эканини айтди.

– Кабаевага нисбатан санкциялар рамзий жиҳатдан қанчалик муҳим?

– Мен бу санкциялар рамзий тусга эга, деб ўйламайман. Буюк Британия санкция қўллаган бу одамлар Путиннинг яқинлари ва оила аъзоларигина эмас, улар – Владимир Путиннинг “чўнтаклари”, яъни унинг бойликларини сақлаб келаётганлар. Менимча, бу санкциялар анчагина жиддий. Ва мен бошқа мамлакатларни шунақа санкциялар жорий этишга чақирган бўлардим. ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва, албатта, Швейцарияни назарда тутяпман. Алина Кабаева, унинг синглиси ва онаси Швейцария санкцияларига йўлиқишини жуда хоҳлайман.

Мени ўтган жума куни “хорижий агент” деб топишди, Швейцарияда Путиннинг болаларини туғаётган Кабаевани эса “хорижий агент” дейишмайди. Санкциялар уни четлаб ўтяпти. Россия паспортига эга одамлар Чехияда муаммоларга дуч келишаётганидан хабарим бор. Уларни университетлардан ҳайдашяпти. Невзоровга банкда ҳисоб очишига рухсат беришмади, Дмитрий Гудковда ҳам шунга ўхшаш муаммога учраган. Демократия учун курашаётган, жонларини хатарга қўяётган кишилар санкциялардан жабр чекяптию Кабаевага, Потанинга жин ҳам урмайди. Нега уларга индивидуал санкция йўқ?

Путин режимини дастаклаётган, унга тиргак бўлаётган, бойликларини сақлаб бераётган одамлар худди шулар, уларнинг санкциялар рўйхатига киритилиши жуда муҳим. Буюк Британия биринчи мамлакат бўлди, унинг раҳбарлари ва бунга алоқадор барча мулозимларига раҳмат айтаман. Баракалла сизга!

Любовь Соболь “Настояшчее время” эфирида.
Любовь Соболь “Настояшчее время” эфирида.

– Бироқ Кабаева рўйхатга шунчаки Путин билан яқин муносабатда бўлгани учун киритилмади-ку?

– Албатта. Мен ютуб-каналим учун тайёрлаган ролигимда Кабаева нега санкциялар рўйхатида бўлиши лозимлиги ҳақида батафсил сўзлаб бергандим. Кабаева билан Путиннинг қариндошлиги ва уларнинг эр-хотинлиги расман тасдиқланмаган. Аммо аниқ-равшан бошқа маълумотлар бор: Кабаева кўп йиллар “Миллий медиахолдинг”га раҳбарлик қилган. Бу Путиннинг бош пропаганда ресурси ва тузилмаси. Кабаева Давлат Думаси депутати ва Жамоатчилик палатаси аъзоси ҳам бўлган. Унинг “хизмат”ларини узоқ санаш мумкин. Шу боис пропагандачи ўлароқ унга санкциялар татбиқ этилиши керак. Санкцияга олиш учун бошқа сабаблар ҳам борлигини яхши биламиз.

– Бизнинг Брюсселдаги манбаларимиз ЕИ тайёрлаётган рўйхатда Кабаева борлигини айтишмоқда. Бироқ Евроиттифоқ қарор қабул қилишни пайсалга соляпти. Швейцария ҳам. Негалигини биласизми?

– Европа Иттифоқида журъатли мамлакатлар бор, журъатсизлари бор. Уруш давом этмоқда, Путин Европанинг заиф жойларини пайқаяпти. Америка Путиндан қўрққани учун Кабаевага қарши санкциялар қўлламайди, деган мазмундаги “сиздирмалар” ҳам яхшиликка эмас. Путиннинг қаршисида заифликни сездириб қўйиш жуда хавфли. Бошқа тарафдан ЕИда санкцияларни кўпсонли мамлакатлар билан келишиш керак, начора, бу демократия – ҳаммага буйруқ берадиган ягона бошлиқ йўқ. Муросаю мадора. Қарорлар зудликда қабул қилинавермайди. Аммо бошқа муҳим жиҳат ҳам бор: санкциялар туркумлаб ва изчиллик билан жорий этилмоқда.

Қурбақани қозонда паст оловда қайнатиш керак; чўкаётган кемадаги одамларга ўзларини қутқариб қолишлари учун имкон берилади. Токи кимдир ўз позициясини айта олсин, хатти-ҳаракатлари ёки тавбаси билан ўзини кўрсатсин, ақалли Путиннинг жинояткорона урушини қораласин. Бу тактика бир қадар иш беряпти, кўряпмиз.

Мана, Тиньков риторикасини ўзгартирди. “Газпромбанк”нинг собиқ топ-менежери риторикасини ўзгартирди. Санкциялар туркумлаб кучга киритиларкан, одамларга мужда йўлланмоқда: “Путиннинг жинояткорона урушида қатнашмаслик, Европадан ва европача қадриятлардан умрбод узилиб қолмаслик учун сизда ҳали имкон бор”, дейиляпти.

– Журналистлар ва сиз ўзингиз ҳам Путиннинг “чўнтак”лари ҳақида кўп гапирасиз. Бу одамларнинг номига Россия президенти тасарруфидаги активлар расмийлаштирилган. Сизнингча, улар санкцияга тушишда давом этадими? Кейинги номзод ким бўлиши керак?

– Албатта, Абрамович-да. Яна Потанин ҳам. Унга қарши санкция қўллаш қийин, чунки никель бозоридаги улуши жуда катта. Ҳозир унинг ошиғи олчи – Тиньковнинг банкдаги улушини сотиб оляпти. Россия Forbes’ида иккинчи ўринда. Ҳечқиси йўқ, санкция машинаси у томонга ҳам йўл топади бир куни. Айни пайтда энг муҳими бу нефть-газ эмбаргоси, ҳамма шуни муҳокама қиляпти.

Биз Навальний жамоаси сифатида санкциялар рўйхатига киритилиши шарт бўлган олти минг кишидан иборат рўйхат туздик. Улар – Путин режимининг бенефициарлари ва айни чоғда таянчларидир. Путиннинг у ёки бу соҳадаги “пайпаслагичлари” ёки “қўллари” булар. Ўйлайманки, уларга ҳам навбат келади.

– Худди шу олти минг киши ҳақида сўрамоқчи эдим: муайян одам ҳисоблари музлатилишига лойиқ деб топилиши учун қанақа юридик асослар келтирасиз, далилларни қандай тўплайсиз?

– Рўйхат эълон қилинган. Бу ишларга биринчи галда Леонид Волков масъул. У яқинда ўз саҳифасида Евроиттифоқ бу одамларга санкция қўллашни муҳокама қилгани ҳақида ёзди. Ҳозирда унинг вазифаси – санкцияларни Америка билан муҳокама қилиш. Биз маданий дунёга Путинни қўллаб-қувватлаётган, коррупцион сиёсат юритишда ва Украинага қарши босқинчилик урушини олиб боришда унга кўмаклашаётган бу жиноятчилар бўйнига санкциялардан сиртмоқ солишни таклиф қиляпмиз. Далиллар эса индивидуал тартибда тўпланмоқда.

XS
SM
MD
LG