Россия президентининг тўнғич қизи, тиббиёт фанлари номзоди ва эндокринолог тиббий ихтисослигига эга Мария Воронцова “Новая медицинская компания” (НОМЕКО)да уч йил ишлаган даврида ойлик ва дивиденд сифатида 944 млн рубл пул олган.
Бу маълумот Алексей Навальний сафдошлари томонидан ўтказилган суриштирув чоғида ўртага чиқди.
НОМЕКО 2019 йилда ташкил қилинган бўлиб, Мария Воронцова ўшандан бери директорлар кенгаши аъзоси ва беш таъсисчидан бири ўлароқ мунтазам равишда катта иш ҳақи олиб келган.
Хусусан, 2020 йилда ширкатга 840 млн рубл тушум бўлган, айни чоғда соф фойда 600 млн рублни ташкил қилган. Федерал солиқ хизмати маълумотига кўра, ўша йили Воронцова ширкатдан 191 млн рубл дивиденд ва 9,1 млн рубл иш ҳақи олган, дейилади суриштирувда.
2021-2022 йилларда НОМЕКО яна 800 млн рублдан ортиқ пул ишлаган, бироқ Путиннинг катта қизига тўланган иш ҳақи ва дивидендларнинг аниқ суммаси йўқ. Шундай бўлса-да, мухолифатчилар Воронцова ширкатда ишлаган уч йил давр мобайнида камида 944 млн рубл пул топганини тахмин қилишмоқда.
Навальний сафдошлари НОМЕКОнинг асосий даромад манбаи “Согаз” клиникаси билан ҳамкорлик бўлганини аниқлашган.
“Согаз” клиникасининг сахийлиги ва давлат ишларига чуқур жалб қилингани сабаби оддий: унинг соҳибларидан бири Путиннинг дўсти Юрий Ковальчук бўлган”, дея урғулаган Озодлик билан суҳбатда Навальний жамоасининг суриштирувлар бўлими ходими Георгий Албуров.
Албуров суҳбатда Озодлик радиоси рус хизмати суриштирув ўтказиб, “Согаз” клиникаси Россия президентининг яқин дўстлари, Федерал қўриқлаш хизмати раҳбарлари, Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко ва Россия ҳукмрон элитасининг бошқа вакилларига хизмат кўрсатганини аниқлаганини эслатган.
Навальний сафдошларига кўра, Мария Воронцова НОМЕКОдан ташқари, Москва давлат университетида ҳам ойига 110 минг рубл ойлик олади – бу ерда у фундаментал тиббиёт факультети ходими сифатида қайд қилинган.
Аввалроқ “Настояшчее время” журналистлари Воронцова иккинчи эри Евгений Нагорний билан бирга Москва марказида майдони 230 кв.метрга, қиймати 800 млн рублга тенг пентҳаусга эгалик қилиши ҳақида ёзишган эди. Бундан ташқари, Путиннинг катта қизи Москва вилоятидаги “Усово Плюс” номли коттеж посёлкасида данғиллама уй ҳам қурган бўлиб, ушбу мулкнинг қиймати 400 млн рублни ташкил этади.
“Можем объяснить” лойиҳаси эса Путиннинг қизлари Мария Воронцова ҳамда Катерина Тихоновага тегишли фирмалар 2022 йилда 1,2 млрд рублдан ортиқ пул ишлаганини ва бу мазкур ширкатлар учун молиявий рекорд бўлганини аниқлаган эди.
Суриштирувчилар яна бир қизиқ маълумотни аниқлашган: “Новая медицинская компания” 2019 йилга қадар фақат зарарига ишлаган бўлса, Воронцова муассислар қаторига қўшилганидан сўнг ўша йили бирданига 597 млн рубл даромад билан чиққан.
Форум