Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:27

Жирканч, репрессив, тажовузкор. Аммо Путин Россияси фашистми? Экспертлар фикри


Президент Путин Москвадаги Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйиш маросимида. 23 февраль, 2017
Президент Путин Москвадаги Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйиш маросимида. 23 февраль, 2017

Сўнгги бир неча йил ичида президент Владимир Путин ҳукумати мамлакатдаги мухолифатни бостириб келди. Натижада аксарият мустақил оммавий ахборот воситалари ёпилди ёки сургун қилинди, мухолифатдаги сиёсий ҳаракатлар “экстремистик” деб эълон қилинди. Ўн минглаб норози россияликлар мамлакатни тарк этди.

Озодлик суҳбатлашган фашизм тарихи ва авторитар тузумлар бўйича етакчи тадқиқотчиларнинг фикрича, Путин Россияси ташқи томондан кўп жиҳатдан фашист режимга ўхшаса-да, фашист давлат эмас. Классик фашист диктатура ва Путин тузуми ўртасидаги тафовут бугунги кунда Россия қандай бошқарилаётганига ойдинлик киритиши мумкин, дейди улар.

"Фашизмга энг яқин аналог"

Популизм ва фашизмни ўрганувчи Колумбия университети Бернард коллежининг сиёсатшунослик бўйича профессори Шери Берманнинг айтишича, Путин Россияси “ёпиқ ва репрессив диктатурадир”. Унга кўра, ҳозирда диктатуралар кўп бироқ фашизмга ўхшагани битта.

Висконсин университетининг тарих фанлари профессори ва Европа фашизми бўйича кўплаб китоблар муаллифи Стенли Пейнга кўра, Путин Россиясини “Иккинчи жаҳон урушидаги фашист режимларга тенг деб бўлмайди, лекин иккинчи жаҳон урушидан бери ҳозирги Россиядаги режимда фашизмга жуда яқин ўхшашликлар мавжуд.

Путин Россиясининг ўзига хос хусусиятларидан бири фашизмнинг кўзгуси тарихий реваншизм ва гипермаскулин ҳокимиятни қўллаганлиги, яъни “Путинга сиғиниш” сиёсатидир, дейди Виргиния Тек университетининг сиёсатшунослик докторанти ва Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти профессори Мария Снеговая.

“Россия ҳам худди Германия биринчи жаҳон урушидан сўнг бўлгани каби “Веймар синдроми”ни яъни халқаро яккаланиш, мавқедан айрилиш ва босимни бошидан кечириб келмоқда. Сўнгги беш йил ичида Ғарбга қаршилик ва реваншизм янада яққол намоён бўлди ва бу ғоялар оммавий ахборот воситалари, маданий соҳаларда ва мактабларда “давлат томонидан анча изчил тарғиб қилинмоқда”, дея таъкидлади Снеговая.

Британиядаги Оксфорд Брукс университетининг замонавий тарих профессори, фашизмнинг ижтимоий-тарихий ва мафкуравий динамикасини ўрганувчи Рожер Гриффин ҳам Биринчи жаҳон урушидан кейин Германия ҳам, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия ҳам “хўрлик ва ўзлигини йўқотиш”ни бошидан кечирган деган фикрга қўшилади.

Берлиндаги Украина элчихонаси олдидаги Владимир Путин Адолф Гитлер қиёфасида акс этган плакатлар.
Берлиндаги Украина элчихонаси олдидаги Владимир Путин Адолф Гитлер қиёфасида акс этган плакатлар.

Инқилоб ёки реакция

Аммо тарихий фашизм тубдан инқилобий мафкура эди, ҳозирги тузум эса декадент ва цивилизациянинг емирилишига олиб келади. Бу “миллат” ёки “органик ирқ” учун экзистенциал хавф туғдирувчи қулаш ғоясига асосланади, дея тушунтирди Гриффин.
Бунда органик маданият янги тартибда қайта туғилиши керак ва демократик бўлиши мумкин эмас, деган қараш ётади. Чунки демократия бу плюрализмни англатади”, дея қўшимча қилади у. Фашистлар эски тузумни бутунлай йўқ қилишга ва жамиятни қайта қуришга интилишади. Фашизм “миллатчиликнинг инқилобий шаклидир”.

Путин шунга ўхшаш "ғояни қўллаб-қувватласа-да, янги тартиб яратишга эмас, балки "Совет Иттифоқининг янгиланган версиясини яратишга" уринаётган реакцион сиёсатчидир, дейди Гриффин. У ўзига мерос бўлиб қолган протодемократик тизимни манипуляция қилади, лекин уларни рад этмайди.

Гитлер ўзига мутлақ диктаторлик ҳокимиятини, шу жумладан, Веймар Конституциясини эътиборсиз қолдириш ваколатини бериш учун 1933 йилги машҳур "Еnableing Act" қонунини қабул қилган.
Путин эса 1999 ва 2000 йилларда Россия Конституциясини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга ваъда берган ҳолда, Иккинчи Чечен уруши хавотиридан келиб чиқиб ҳокимият тепасига келди. 2008 йилда Путиннинг иккинчи президентлик муддати тугагач, у Дмитрий Медведевни энг юқори лавозимга чиқариб, ўзи бош вазир бўлди. У бир вақтнинг ўзида ҳокимиятни ва демократик Россия хаёлини ҳам сақлаб қолди. Путин конституцияга ўзгартиришлар киритиш орқали ўзининг дастлабки тўртта муддатини "нолга тенглаштирди" ва яна иккита муддатга йўл очди.
“Путин режими деярли фақат давлат томонидан анъанавий русча услубда ишлаб чиқилган, – дейди тарихчи Пейн. – Бу ҳеч қандай инқилобий ҳаракат ёки фашистик мафкуранинг маҳсули эмас.

Яқинда вафот этган Владимир Жириновский ва ўзини файласуф ҳисоблайдиган Александр Дугин каби Россиядаги ҳақиқий фашистлар Путиннинг сиёсий тизимининг маркази эмас, балки унинг атрибутлари бўлиб, улар дунёнинг айрим қисмларини назорат қилаётган мутлақо янги Россияни тасвирлайди.

"Эътиборлиси, Путин Россияси келажакка нисбатан тасаввурга эга эмас. Россия мавжуд халқаро тартиб ва Россиянинг ундаги ўрни ҳақида шикоят қилади, лекин Россия бошқа муқобил қарашларга эга эмас".

Путин Россияси ва классик фашизм ўртасидаги яна бир асосий фарқ – оммавий сафарбарликнинг йўқлиги.
"Бу ҳокимият тепасига келган оммавий режим ёки оммавий сафарбарлик асосида ишлаётган тузум эмас, – деб тушунтирди Бернардс Берман. – Аксар диктатуралар цингари, Путин ҳам ўз халқини демобилизация қилишни афзал кўради.”

Расм: Адолф Гитлер 1938 йил 3 октябрда Чехословакия чегарасини кесиб ўтиб, Судетга кириб бориши.
Расм: Адолф Гитлер 1938 йил 3 октябрда Чехословакия чегарасини кесиб ўтиб, Судетга кириб бориши.

Гитлер ва Муссолини деганда “ўзига хос” диктатор етакчи қиёфаси гавдаланади. “Бироқ ҳозир Путин билан ундай эмас. Бу шунчаки унинг харизматик эмаслигида ҳам эмас. Ҳозир яхшими, ёмонми у бизнинг онгимизда стол охирида ёлғиз ўтирган каби гавдаланади.”

Снеговая Путин Россиясида сафарбарлик салоҳияти йўқлигини ва рус жамияти "жуда пассив ва парчаланганлигини" таъкидлади. Қолаверса, Россия посттоталитар жамият бўлиб, у “катта ғоялар атрофида ҳаракатланиш борасида тажрибага эга эмас”.

Бу эса рус жамияти Путиннинг реваншистик ғояларини пассив равишда қабул қилишини англатади".

Берман Путин Россиясини Биринчи жаҳон урушидан олдинги Германияга қиёслади ва буни "заифлашган режим" деб таърифлади
Путин сиёсий тизимини “Гитлер ва Муссолинининг инқилобий, модернизациялашган режимларига ўхшатишдан олдин, 19 асрда “православлик, автократия ва миллийликни” таъкидлаган подшо Николай I эътиқодининг қайта тикланишини ёдга олиш керак”.
“Николай I, Пётр ёки Иван Грознийни олинг. Россия тарихида бундай ғояларнинг узоқ илдизлари бор. Гитлер ёки Муссолини каби шахслар ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ."

XS
SM
MD
LG