Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Путиннинг рейтинги тушиб кетди. Кремль россияликлар устидан назоратни кучайтирмоқда


Путиннинг видеоконференция тарзида ўтган матбуот анжумани - Москва, 17 декабр, 2020
Путиннинг видеоконференция тарзида ўтган матбуот анжумани - Москва, 17 декабр, 2020

2020 йил охирида Россия Тергов қўмитасимухолифатчи Алексей Навальнийга қарши янги жиноят ишини очди. Қўмита Кремль танқидчисини унинг коррупцияга қарши ташкилоти учун йиғилган бир неча юз миллион рублни ноқонуний тарзда ўзлаштирганликда айбламоқда.

Шунингдек, декабрь ойида президент Владимир Путин Россия фуқароларини «хорижий агентлар» деб белгилаш имконини яратувчи қонунни имзолади. Қонунга кўра, сиёсий фаолият билан шуғулланадиган ёки Россиянинг «ҳарбий-техник салоҳияти борасида атайин маълумот йиғиш» билан машғул ҳамда бунинг эвазига четдан маблағ оладиган фуқаролар «хорижий агентлар» деб эълон қилиниши мумкин.

Сиёсий фаолиятга эса митинглар уюштириш, сайловларни назорат қилиш, партиялар фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликка ўзгартириш киритиш тўғрисида «оммавий чиқиш» қилиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари тўғрисида «фикрларни тарқатиш» мисол бўла олади. Ўз фаолияти қонунда белгиланган мезонларга мос келадиган шахслар уларни «чет эл агентлари» рўйхатига киритишлари учун ўзлари мурожаат қилишлари керак бўлади.

Путин истеъфоси талаб қилинган намойишларда ўнлаб норози қўлга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00

Путин, шунингдек, Россия оммавий ахборот воситаларига қарши цензурага қўл урган чет эл ижтимоий тармоқларини блоклаш имконини берувчи қонун лойиҳасини ҳам имзолади. Эндиликда Бош прокурор Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда ахборот ресурсларига «Россия оммавий ахборот воситаларига қарши дискриминация қилувчи нашр» мақомини бериши мумкин. Қонун лойиҳаси YouTube, Twitter ва Facebook каби сайтларга ҳам татбиқ этилади.

Москвадаги Карнеги маркази таҳлилчиси Андрей Колесниковнинг таъкидлашича, дума сайловлари арафасида Кремль Россия халқи устидан назоратни кучайтирмоқда. Россия парламентининг қуйи палатаси бўлмиш Думага сайловлар жорий йилнинг сентябрь ойига қадар ўтказилиши керак.

Сайловлар арафасида Путин ва Кремль назорати остидаги «Единая Россия» партиясининг рейтинги пастлигича қолмоқда. Коронавирус пандемияси Россияда сўнгги уч йил давомида кузатилиб келаётган ижтимоий жараёнларни тезлаштирди. Путиннинг рейтинглари 2011-12 йиллардаги кўрсаткичларга тушиб кетди.

«Аввалроқ Путинни қўллаб-қувватловчи йирик гуруҳ ҳақида ишонч билан сўзлашимиз мумкин эди», - деди Колесников.

«Эндиликда у ҳануз мавжуд ёки йўқлигини, уни сайловлар пайтида сафарбар қилиш мумкин ёки йўқлигини айтиш жуда қийин. Ушбу гуруҳ аъзолари демократик қарашларга эга бўлмаган, аммо ҳозирги вазиятдан норози бўлган бир неча кичик гуруҳларга бўлиниб кетаётгани эҳтимолдан холи эмас», - дея сўзини давом эттирди у.

Аҳоли норозилигининг асосий сабабчиси Россия иқтисодининг аҳволидир. Гарчи Россия пандемиядан кўпчилик кутганидан яхшироқ ўтаётган бўлса-да, ҳукумат 2020 йилда реал даромад 3 фоизга қисқаришини айтмоқда. Мустақил иқтисодчилар эса бу кўрсаткич аслида 1-2 фоизга юқорироқ эканини айтмоқдалар.

Ўтган ойда РБК нашрининг иқтисодиёт бўйича муҳаррири Иван Ткачёв «Даромадлар 2014-17 йилларда бир маромда қисқарди. 2020 йил охирига келиб улар 2013 йилга, яъни «Қримгача даврга» таққослаганда 10 фоизга паст бўлади», деб ёзган эди.

Энг камбағал россияликлар учун вазият шу қадар қийинлашдики, декабрь ойида ҳукумат айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотлари чакана нархларига чекловларни жорий қилди.

Бундан ташқари, кўпчилик сайловчилар Россия Конституцияси ислоҳ қилинганидан норози. Улар ислоҳотлар замирида ўзларининг ёки ҳатто Россия манфаатлари эмас, балки Путиннинг шахсий манфаатлари ётишини айтмоқдалар.

Таҳлилчилар 2024 йилда президентлик муддати тугайдиган Путин конституцияни ўзгартириб, ўзига замин тайёрлаганини айтиб келадилар.

Путин рейтинги тушиб бораётганини сезиб турибди. 2000-2004 йилларда бош вазир ўлароқ ишлаган ва ҳозирда мухолифатга ўтган Михаил Касянов Путин 2020 йилги матбуот анжуманини бошқача ўтказганини айтди.

Ўтган йилларда Путин олдиндан режалаштирилган жонли савол-жавоб сессиясини ўтказиб, россияликларнинг турли саволларига жавоб берар, улар кўтарган муаммоларни вилоят расмийларига ҳал қилишни буюрар эди. Яъни, у ўзини яхши царь, ҳудудлардаги амалдорларни эса ёмон боярлар ўлароқ кўрсатар эди.

2020 йилда «Президент билан жонли мулоқот» шоуси бутунлай бекор қилинди. Шундай бўлса-да, унинг айрим унсурлари Путиннинг 17 декабрь куни журналистлар билан ўтказган йиллик матбуот анжуманига киритилди. Анжуман давомида Путин ҳукуматнинг қуйи табақаларини танқид қилмади. Аксинча, президент ҳукуматнинг барча табақаларини коронавирус инқирози туфайли кўрилган чоралар учун олқишлади.

«Назаримда, бу йил Путин унга мамлакатни бошқариш имконини бериб келаётган ҳокимият вертикалини ҳимоя қилди», - деди Касянов.

Тўрт соатга чўзилган матбуот анжумани давомида Путин руслар муаммолари учун айбдор изланадиган бўлса, АҚШ Марказий разведка бошқармаси ва бошқа қабиҳ хорижий кучлар айбланиши кераклигини айтди.

Анжуман якунида Путин ҳукумат 7 ёшгача бўлган ҳар бир бола учун оилаларга 5000 рубль беришини эълон қилди.

«Популизм бу – одамларга мурожаат қилиш, уларнинг ёнини олиш, амалдорларни ва турли хўжайинларни танқид қилиш ҳамда фуқароларга муаммолар ечилишини ваъда қилиш уринишидир», - дея сўзини давом этди у.

«Бу сафар Путин бундай қила олмади, чунки аксарият руслар орасида унинг салбий рейтинги ўсиб бормоқда. Путин энди бюрократлардан устун эмас».

Касянов Россияда анъанавий популист авторитаризм ўрнига «стандарт авторитаризм» бошланганини айтиб, у тез орада «тоталитаризмга айланиб кетиши мумкинлиги» ҳақида огоҳлантирди.

Кремлнинг сиёсий маслаҳатчилари 2011-13 йилларда Россияни қамраб олган оммавий норозилик тўлқинини эсдан чиқаргани йўқ. Ўшанда 2011 йил декабрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида «Единая Россия» қўл урган фирибгарликлар ошкор бўлиши ҳамда Путиннинг 2012 йилда президентлик лавозимига қайтиши россияликлар эътирозига сабаб бўлган эди.

«Халқ ўзгариш содир бўлишини хоҳлайди», - деди Касянов.

«Бу аниқ. Россияликларнинг ярмидан кўпи ўзгариш хоҳлайди. Аммо ҳокимият курсисида ўтирганлар бундай ўзгаришлардан қўрқишади. Улар аҳоли ҳаддидан ошиб кетишидан қўрқишади. Оммавий норозиликларни назарда тутяпман», - дея сўзини давом эттирди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, айнан шунинг учун ҳам Кремль асосий эътиборни Навальнийга қаратмоқда.

Россия хавфсизлик агентлари сўнгги ойларда Навальнийни камида уч марта заҳарлашга урингани айтилмоқда. Мухолифатчи ўтган август ойида Сибирнинг Томск шаҳрида «Новичок» типидаги асабни фалажловчи модда билан заҳарланиши ортидан ўлишига оз қолди. Навальний айни дамда Германияда соғлиғини тикламоқда.

Эндиликда Россия расмийлари Навальний Россияга қайтишига тўсқинлик қилиш учун унга қарши янги жиноят ишини қўзғатдилар. Мухолифатчи Россияга қайтгани тақдирда қамоққа юз тутиши мумкин.

XS
SM
MD
LG