Шимолий Корея 15 октябрь тонгида Жанубий Корея билан боғловчи автомобиль ва темир йўлларни портлатиб юборди. Бу ҳақда Жанубий Корея Қуролли кучлари Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълум қилди.
Бу амалиётни кескин қоралаган Сеул ҳукумати Пхеньян маъмуриятини Корея ярим оролида тарангликни кучайтиришда айблаган.
Шимолий Корея ҳудудида амалга оширилган портлашлардан жанублик ҳарбийлар жабр кўрмаган.
Вайрон қилинган йўллар яқинда Жанубий Корея маблағи ҳисобига таъмирланган эди. Шу тариқа Сеул Пхеньян билан ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш ва тинчликни қарор топтириш истагида собит эканини билдирган.
Пхеньян эса бир муддат олдин Шимолий Кореяни Жанубдан буткул ажратиш мақсадида йўллар портлатилиши ҳақида баёнот берганди.
Шимол маъмурияти инфратузилма иншоотларининг йўқ қилинганини Жанубий Корея томонидан дронлар орқали аксилҳукумат фикрлар акс этган варақалар тарқатилганига жавоб эканини айтган.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин 14 октябрь куни “душман томонидан мамлакат суверенитетига дахл қилувчи жиддий провокация уюштирилгани” важидан шошилинч йиғилиш ўтказган.
Сеул қўшни ўлка ҳудудига дронлар учирилганини рад этган.
Бунга қадар КХДР ўқув машғулоти иддаоси билан Жанубни бир неча бор ўққа тутгани маълум.
2023 йил декабрда эса Ким Чен Ин эҳтимолий урушга тайёргарлик ҳолатини эълон қилган.