Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:49

Мирзиёев Петербургдан МДҲнинг 2020 йилги саммитини Тошкентда ўтказадиган бўлиб қайтди


Ш.Мирзиёев ва В.Путин, Санкт-Петербург, 2018, 6 декабрь.
Ш.Мирзиёев ва В.Путин, Санкт-Петербург, 2018, 6 декабрь.

2019 йилда Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раисдошлик қилади, 2020 йилда эса МДҲ саммитини қабул қилади.

6 декабрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ норасмий саммитида қатнашди. Давлат раҳбарини Россия президенти Владимир Путин кутиб олди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

“Учрашувда Ҳамдўстлик давлатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт-коммуникация салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, хавфсизликни мустаҳкамлаш, замонавий хатар ва таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилди. Гуманитар, таълим ва туризм соҳаларида алмашувларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди", дейилади расмий хабарномада.

МДҲ саммитида, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никола Пашинян, Беларус президенти Александр Лукашенка, Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, Молдавия президенти Игорь Додон, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовлар қатнашди.

Евросиё Иқтисодий Кенгаши (ЕОИК) йиғилиши.
Евросиё Иқтисодий Кенгаши (ЕОИК) йиғилиши.

Саммитни бошлашдан олдин Россия президенти раислигида Евросиё Олий иқтисодий кенгаши йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда Александр Лукашенка Владимир Путин билан газ ва Беларус тракторлари нархлари масаласида тортишгани жамоатчилик эътиборига тушди. Кейинроқ, Лукашенка журналистлар олдида қилган чиқишида “бироз қизишиб кетгани”ни тушунтирди ва Владимир Путиндан узр сўради.

ЕИҲ учрашуви давомида иштирокчилар томонидан Владимир Путин таклифи билан ягона газ ва нефть бозори ҳамда умумий орбитал космик гуруҳ тузиш таклифи ҳам қабул қилинди.

МДҲ давлат раҳбарлари учрашуви эса тушлик форматида ўтказилиб, унда ҳар бир иштирокчи истаган масалани кўтаришига рухсат берилди.

Саммит давомида Ўзбекистон президенти МДҲ аъзоси бўлган давлат раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бироқ, журналистларга Владимир Путиндан ташқари қайси бир давлат раҳбари билан ўзбек президентининг юзма-юз учрашуви бўлиб ўтгани борасида ортиқча хабар берилмади.

Шавкат Мирзиёев биргаликда янги бозорлар очиш, божхона тартибларини соддалаштириш, МДҲ давлатлари томонидан минтақавий ва халқаро транспорт йўлларидан янада самарали фойдаланишни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Олий тоифали учрашув доирасида келгуси 2019 йилда Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раисдошлик қилиши, 2020 йилда эса МДҲ саммитини қабул қилишига келишиб олинди.

2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев МДҲ ташкилотига эътиборни кучайтиргани сезилмоқда.

МДҲ давлат раҳбарларининг саммит якунидаги умумий фотоси.
МДҲ давлат раҳбарларининг саммит якунидаги умумий фотоси.

Президент сайти хабарига кўра, ўтган бир йил мобайнида Ўзбекистон МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, Ўсимликлар карантини бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Фан-техника ва инновация соҳаларида ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгаш, Агросаноат мажмуи масалалалари бўйича кенгаш, Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича комиссия, МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши, МДҲнинг хизматлар бўйича эркин савдо ҳудуди тўғрисида битимини ишлаб чиқишга оид юқори даражали ишчи гуруҳ ва бошқа органлар фаолиятига қўшилди.

Ўзбекистон президенти ташрифи шу куниёқ ўз якунига етди.

6 декабрда Петербургда КХШТ саммити ва унинг бош котиби сайлови бўлиб ўтиши ҳам олдинроқ режалаштирилган эди.

Аммо, Россия президенти аппарати вакили Юрий Ушаков сўзларича, КХШТ бош котиби сайлови Арманистон президенти Никол Пашинян илтимосига биноан кейинроққа – Арманистондаги президент сайлови якунига қадар қолдирилди. Ҳозирча Коллектив Хавфсизлик Шартномаси бош котиби лавозимини Россия вакили Валерий Семериков эгаллаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG