Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Қамчиқ довони 21 декабрдан бошлаб вақтинча ёпилди.
Бунга тоғларга қалин қор тушгани ва кўчки хавфи борлиги сабаб бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати Гидрометеоролигия хизмати маркази маълумотларига таяниб хабар қилди.
Хабарга кўра, Қамчиқ довони Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг куч ва воситалари томонидан автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.
Қамчиқ довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шохобчаларига жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Улар учун барча шароитлар (иссиқ овқат, ичимлик суви, дам олиш жойлари) яратилган, дейилади хабарда.
Ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Фейсбукдаги саҳифасида Қамчиқ довонида автомобиллар тирбандлиги вужудга келганлиги ҳақида ёзди.
"Довондамиз! Қооор, бўроооон!!! Минус 5 даража! Одамларнинг юрагига қойил! Айниқса, мана бу укамизнинг! Машина сирпанмасин дея капот устига ётволган! Оллоҳ барчамизни хайрли манзилларимизга етказсин!"
Муаллиф олган суратда автомобил сирғаниб кетмаслигига ёрдам бериш мақсадида бир йўловчининг капотга ётиб олгани акс этган.
Қамчиқ довони Ўзбекистон вилоятларини Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари билан боғловчи ягона автомобил артерияси ҳисобланади.
Собиқ иттифоқ даврида водий вилоятларига автомобил қатнови Тожикистоннинг ҳозирги Сўғд, ўша пайтдаги Ленинобод вилояти орқали бўлган.
Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг Тожикистон раҳбарияти билан алоқалари ёмонлашгандан сўнг чегаралар ёпилган, Қамчиқ довони орқали автомобил йўли қурилган эди.
Айни пайтда Қамчиқ довонидан туннел қазилиб, йўловчи поезд қатнови ҳам йўлга қўйилган.