Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:34

Тошкентда 2 ойда 1400 қаровчисиз ва назоратсиз бола ушланди


Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг икки ойи мобайнида Тошкент шаҳрида ота-она қаровисиз қолган, бозорларда меҳнат қилаётган 1400 нафар бола ушланиб, улар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига юборилган. Ички ишлар мулозимига кўра, бу болаларнинг аксарияти вилоятлардан келган бўлиб, бозорларда арава тортиш, машина ювиш каби ишлар билан шуғулланган.

Тошкент шаҳар ИИББнинг ҳуқубузарликни олдини олиш бошқармаси бошлиғи Рашид Умуровнинг маҳаллий нашрларга берган маълумотига кўра, “Тозалаш-Антитеррор” оператив-қидирув тадбири бошланганидан буён ўтган 18 кун ичида пойтахтда ота-она қаровисиз ва назоратсиз қолган 398 нафар бола ушланган.

Тошкент шаҳар ИИББнинг ўзини таништирмаган мулозими эса Озодлик билан суҳбатда, йил бошидан буён қарийб бир ярим минг нафар ана шундай бола ушланганини айтди:

“Жорий йил бошидан буён 1400 нафар вояга етмаган бола олиб келинди. Бу болаларнинг асосий қисмини вилоятлардан Тошкентга иш излаб келганлар ташкил этади. Бу болалар бозорларда арава тортиш, машина ювиш билан шуғуланишади. Новвойхона, ошхона, сомсахоналарда ишлайди. Вояга етмаганлар билан ишлайдиган участка инспекторлари уларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Марказига олиб келишади. Биз бу болаларнинг ота-оналарини чақириб, тушунтириш ишлари олиб боргандан сўнг бериб юборамиз”, деди мулозим.

Ўрикзор улгуржи бозорида ишлайдиган Ботир исмли тадбиркорнинг айтишича, арава тортадиганлар орасида вилоятлардан келган ёш болалар кўп:

“Бу болалар бозор атрофидаги квартираларда 10-15 киши бўлиб ётишади. Битта аравани ҳар куни 18 минг сўмга ижарага олади ва кечгача ишлайди. Топишлари ёмон эмас. Ўртача бир кунда юз минг сўмгача ишлаши мумкин. Албатта, бу вилоятдан келганлар учун катта пул. Лекин, уларни милиция ходимлари доим таъқиб қилиб юради. Айниқса, катта байрамлар арафасида ҳаммасини автобусга босиб олиб кетишади. Байрамлар ўтгандан сўнг яна пайдо бўлишади. "Яшаш учун кураш", деган гап борку?!” деди тадбиркор.

Тошкентга вилоятлардан келиб, пул топишга ҳаракат қилаётган вояга етмаган болалар ҳаётини мониторинг қилган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, қишлоқлардаги оғир ижтимоий аҳвол, болаларни катта шаҳарларга иш излаб келишга мажбур қилади:

- Аввало, вояга етмаган болаларнинг шаҳарга иш излаб келиши сабабини оилалардаги иқтисодий қийинчиликлардан излаш керак. Кузатувларимизга кўра, аксарият хонадонларда болалар ўсмир ёшидан бошлаб ишлашга мажбур бўлади. Биргина Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан юздан ортиқ бола ва ўсмир Тошкентнинг турли хил жойларида ишлашини мен аниқ биламан. Тўғри, ҳуқуқ идораларининг гапларида жон бор. Боланинг назоратсиз қолиши ва қора ишларда ишлаши унинг соғлиғига, руҳиятига ҳам салбий таъсир қилади, бу жамият учун ҳам хавотирли. Лекин, мамлакатдаги иқтисодий таназзул болаларни шунга мажбур қилмоқда, - деди Абдураҳмон Ташанов.

Тошкент ИИББ маълумотига кўра, пойтахтда ушланган назоратсиз ўсмирларнинг аксарият қисмини коллеж ёшидаги болалар ташкил этади.

Ўзбекистон коллежларидаги давомат даҳшати ҳақида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси сайти ўтган ой охирида мақола нашр қилган эди.

Касаба уюшмалари сайтидаги мақолада таъкидланишича, коллежларда исми қайд этилган ўқувчиларнинг Россия ва Қозоғистонга, шунингдек, Тошкент шаҳрига пул топиш мақсадида кетгани юзасидан ҳавотир билдирилади.

Ўзбекистоннинг барча туманларидаги касб-ҳунар коллежларида ўқувчилар давомати бўйича февралда бошланиб, шу кунгача давом этаётган рейдлар натижаларига кўра, юздан зиëд ота-она маъмурий жавобгарликка тортилди¸ ўнлаб ўқитувчилар ва коллеж директорларига хайфсан берилди.

Озодлик жорий йил давомида биргина Наманган шаҳридаги ертўлалардан 400 нафардан ортиқ киши қўлга олинган бўлиб, уларнинг асосий қисми болалар бўлганлиги ҳақида ҳам хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG