Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Қаршида абитуриентлар ота-оналари норозилик акциясига йиғилди. Миллий гвардия ва ИИБ ёрдамга чақирилди


Норози ота-оналарнинг бир гуруҳи.
Норози ота-оналарнинг бир гуруҳи.

23 март куни Қарши шаҳридаги Жамоат саломатлиги техникумида қўшимча квота бўйича ўқишга қабул қилинмаган абитуриентларнинг ота-оналари норозилик билдириб, техникум биноси олдига тўпланди.

Воқеа гувоҳларига кўра, ота-оналар қабул жараёнига коррупция аралашганини иддао қилиб, норозилик билдирган.

Норозиларни тинчлантириш учун Миллий гвардия ва ИИБ ходимлари ёрдамга чақиртирилган.

10-15 март кунлари мамлакатнинг айрим таълим муассаларидг 2020-2021 ўқув йили учун қўшимча квота асосида янги талабалар қабул қилинган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мулозимлари норози ота-оналарнинг коррупция иддаоларини инкор қилди.

Озодликка боғланган қашқадарёлик ота-оналарнинг айтишича, улар 23 март куни Қарши шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми (собиқ Тиббиёт коллежи) биноси олдида қабул жараёнига коррупция аралашганини иддао қилиб йиғилган:

"Биз Касби туманидан келдик. Қизим ўтган йили медтехникумга ҳужжат топшириб, ўқишга кира олмади. 71 балл тўплади, бироқ бу балл ўқишга киришига етмади. Мартнинг бошида қўшимча квота эълон қилишган, лекин буни абитуриентлар эшитмаган. Техникум раҳбарияти пул эвазига фақат таниш-билишларини ўқишга қабул қилишган”, - деди исмини очиқламаган касбилик аёл.

Қарши шаҳридаги Жамоат саломатлиги техникумидаги норозилик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:36 0:00

Қарши туманидан келган Садоқат Хидирова ҳам қизи ушбу техникумга имтиҳон топшириб кира олмаганини айтди:

- Ҳақиқат борми- йўқми? Пул берганлар ўқиб, пул бермаганлар ўқимайдими? Ота-оналар ҳаққини талаб қилиб борди. "Нима учун балли пастларни ҳам оласан пул билан" деб. Улар “бизлар 15 мартгача қабул қилдик” дейишди. Лекин ҳеч кимга қабул ҳақида айтмаган. Пул олгани ёки таниш-билиши борлар чақиртирилган. “Директор чиқсин буёққа, юзма-юз бўлиб, ота- оналарга тушунтирсин”, дедик. Лекин директор чиқмади. Ота-оналарни тартибга чақира олмаганидан кейин техникум ўқитувчилари Миллий гвардияни чақиртирди.

Нишонлик йигитнинг айтишича, ота-оналарни тинчлантириш учун ўндан зиёд формали шахс жалб қилинган:

“Менинг синглим ҳам 55,7 балл билан ушбу техникумга кира олмади. Лекин ундан ҳам паст балл олганлар ўқишга кирган. Одамлар коррупция борлигини айтиб, тўполон қилгач, техникум раҳбарияти Миллий гвардия билан ИИБни чақирди. Бир машина Миллий гавардия, яна бир машина ИИБ ходимлари келди. Жами формалилар 10-15 одам эди. Улар келиб, одамларни тинчлантириб, коррупция борасида хабар бериш учун телефон рақамлари беришди. Кейин техникум ходимлари ҳам ота-оналарни қабул қилиб, 2 апрелгача улар шикояти бўйича аниқ жавоб айтишга ваъда беришди. Кейин одамлар уйларига кетди”.

Техникумга чақиртирилган ИИБ ходимларининг бир гуруҳи
Техникумга чақиртирилган ИИБ ходимларининг бир гуруҳи

Қарши шаҳар Жамоат саломатлиги техникуми ва вилоят Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармасидан ота-оналар иддаоларига бирор изоҳ олиш имкони бўлмади.

Олий ва ўрта таълим вазирлигининг масъул мулозими қашқадарёлик ота-оналарнинг коррупция борасидаги иддаоларини инкор қилиб, буни тушунмовчилик билан боғлади.

“Ҳар битта таълим йўналиши кесимида қабул квоталари сони белгилаб берилган. Давлат тест маркази томонидан ушбу сонга асосан қабул чегарасидан пастга қараб, баллар кетма- кетлигида ўша сон белгилаб берилган яъни қабул чегараси чизиб берилган. Фамилия бўйича рўйхат ҳар бир таълим муассасасига юборилган ва шу рўйхат асосида қўшимча квотага ўқувчилар қабул қилиняпти. Ота-оналарнинг бу даъволари асоссиз. Тушунмовчилик асосида бу айблов келиб чиққан. Сабаби ҳар-хил йўналишларда ҳар-хил балл белгиланган. Масалан, ҳамширалик йўналишида энг юқори баллдан ҳисоблаб кетилган. Бу балл фармацевтика йўналишида балки грантга илинган бўлиши мумкин. Битта йўналишда контрактга илинмаган балл бошқа йўналишда грантда турган бўлиши мумкин. Ота-оналар буни тушунмаяпти”,- деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаётган вазирлик мулозими.

Мулозимга кўра, ота-оналар мурожаатига асосан, кириш синовларида етарли балл ололмаган абитуриентлар учун жорий ой бошида айрим таълим муассасаларига қўшимча қабул квоталари ажратилган:

“Кўп сонли ота-оналар мурожаатларини инобатга олиб ва вазирлик-идораларнинг таклифига асосан, таълим муассасаларига қўшимча қабул квоталарини киритиш масаласида давлат комиссиясига таклиф берганмиз. Шу таклифимиз асосида давлат комиссиясининг 7 мартдаги 10-сонли протоколи билан айрим таълим муассасаларига қўшимча қабул квоталари белгилаб берилди”.

Янги квоталар фақат тўлов-контракт асосида (грантлар йўқ) талаба қабул қилишга мўлжалланган.

  • 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, 47 та тиббиёт коллежлари Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилди.

Янгича тизимдаги ўрта махсус таълимнинг илк йилида, Ўзбекистондаги 201 та коллеж ва 185 та техникумга дастлаб 154 765 та квота ажратилган.

Жумладан, Қарши шаҳридаги Жамоат саломатлиги техникумига ўтган йилнинг ноябрида 674 нафар талаба қабул қилинган. Март ойида ушбу техникумга яна 845 та қўшимча ўрин белгилаб берилган.

Айни пайтда мамлакат бўйича қанча қўшимча квота ажратилгани ҳозирча Озодликка номаълум. Вазирлик мулозими бу рақамни очиқламади.

Ўқишга қабул қилинганларнинг 86 фоизи тўлов-контракт асосида ўқийди.

Мамлакатдаги коллеж ва техникумларга тест синовлари ўтган йилнинг 20-29 ноябрь кунлари бўлиб ўтган.

XS
SM
MD
LG