Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:02

Қашшоқлик ва қатағондан қочиб. Туркманистонлик юзлаб этник қозоқ тарихий ватанига кўчиб келди (ВИДЕО)


Туркманистондан кўчиб келаëтган қозоқларни кутиб олиш, 2021 йил 13 май.
Туркманистондан кўчиб келаëтган қозоқларни кутиб олиш, 2021 йил 13 май.

Жорий ойда 250 дан ортиқ этник қозоқ Туркманистондан Қозоғистонга кўчиб келди.

13 май куни кечқурун Жанаўзен темирйўл станциясида Туркманистондан келган қозоқларни улардан олдин кўчиб келган қариндошлари кутиб олди.

“Мен ўз ватанимга бир умрга қайтиб келганим ва болаларим билан учрашганимдан жуда хурсандман”, – дейди Зейнеш исмли кекса аёл.

Уни чегаранинг нариги томонида қариндошлари ва дўстлари кузатиб қўйган.

Яқинда қозоқ заминидан қўним топган яна бир туркманистонлик Ажаргулнинг ҳикоя қилишича, кўчиш қарори осон бўлмаган. У Қозоғистонда янги ҳаёт бошлаётганидан мамнун экани, аммо кўплаб қариндошлари Туркманистонни тарк эта олмаганидан афсусда эканини айтади.

“Улар қолишди. Хўш, мен кўчиб келиб тўғри қилдиммикан, деб ўйлаб қоламан. Лекин, очиғи, мен бу кунни бир йилдан кўпроқ кутдим”, – дейди у.

2020 йилга қадар иммиграция ҳужжатлари ҳар икки мамлакат томонидан маъқулланган 400 дан ортиқ этник қозоқ Қозоғистонга кўчиб ўтиши керак эди. Аммо уларнинг кўчиши коронавирус пандемияси сабаб кечикди.

Ниҳоят 200 кишидан иборат биринчи гуруҳ жорий йил февралда Қозоғистонга етиб борди. Иккинчи гуруҳ эса 13 май куни поездда сафарга отланди.

Сўнгги гуруҳдан ўрин олганлар Қозоғистонга кўчиб келишга Туркманистондаги қашшоқлик, иш ҳақи пастлиги ва эркинликлар йўқлиги туртки бўлганини маълум қилишди. Аммо уларнинг айтишича, бу борада асосий омил Қозоғистонга олдинроқ кўчиб кетган оила аъзолари билан бирлашиш истаги бўлди.

Ажаргул Қозоғистоннинг нефтга бой Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида қолишни режалаштираётганини айтди. Чунки унинг қариндошлари бир неча йилдан бери Каспий денгизи бўйидаги ушбу шаҳарда яшаб келади.

Қозоғистон раҳбарияти тарихий ватанига кўчиб келган этник қозоқларга фуқаролик беради. Ўтган асрнинг 90-йилларидан бери Қозоғистонга Ўзбекистон, Хитой ва бошқа қўшни давлатлардан тахминан 1 миллион этник қозоқ кўчиб келган.

Сўнгги манзил – Манғистау

Туркманистондан кўчиб келган кўплаб этник қозоқлар ишсизлик даражаси юқори бўлишига қарамасдан, айнан Манғистау вилоятида яшашни маъқул кўрмоқда.

“Бошқа вилоятларга боришни истамайдилар, чунки уларнинг Манғистауда аллақачон ўрнашган, ер сотиб олган ва уй қурган кўплаб қариндошлари бор”, – дейди янги меҳмонларга ёрдам бериб келаётган фаол Райҳон Дарибаева.

Райҳон Дарибаева¸ “Мунайли тумани фуқаролик ташаббуси” деб номланувчи нодавлат гуруҳ раҳбари
Райҳон Дарибаева¸ “Мунайли тумани фуқаролик ташаббуси” деб номланувчи нодавлат гуруҳ раҳбари

Қозоғистон ҳукумати моддий ёрдам, арзон нархда уй-жой ва бошқа имтиёзларни таклиф қилади. Бироқ давлат имтиёзлари бир шарт билан берилади: улар Қозоғистоннинг ишчилар етишмаётган шимолий ҳудудларига кўчиб ўтишлари керак.

Ҳамма ҳам оғир ва қаҳратон қиши билан танилган шимолга боришни хоҳламайди. Аммо мамлакатнинг бошқа ҳудудларида яшашга қарор қилганларга ҳукумат ёрдам кўрсатмайди. Дарибаеванинг сўзларига кўра, бошқа жойга кўчишга қарор қилганларнинг аксари оёққа туриб олгунича қариндошлари ёрдамига таянади.

2000-йиллар бошида Туркманистондан кўчиб келган Дарибаева “Мунайли тумани фуқаролик ташаббуси” деб номланувчи нодавлат гуруҳни ташкил этди. Гуруҳ бошқа мамлакатлардаги этник қозоқларга эмиграция ва кўчиш масалаларида маслаҳат беради.

Туркманистонлик этник қозоқлар 20 йилдан ортиқ вақтдан бери Қозоғистонга кўчиб келмоқда. Улар одатда Туркманистондаги уйлари ва мол-мулкларини сотадилар. Аммо сўнгги гуруҳ аъзолари молиявий аҳволи оғир эканини айтмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган бир неча киши 2019 йилда кўчиш бўйича ҳужжатларни қўлга киритганидан кейин ишини ташлаб, уйини сотганини ҳикоя қилди. Улар бир неча ой ичида Қозоғистонга кўчиб ўтамиз, деб умид қилишган. Аммо пандемия туфайли мулкларини сотиб топган пуллари эвазига кун кўришга мажбур бўлишган.

“Мен бор-будимни сарфладим ва охирида қорин тўйғазиш учун қарз олишга мажбур бўлдим”, – дейди кўчиб келган аёллардан бири.

Ортда қолганларнинг тақдири нима бўлади?

Янги кўчиб келганлар Туркманистон аҳолиси бошдан кечираётган қийинчиликлар ҳақида ҳам гапириб беришди.

“Туркманистонда иш топиш жуда қийин. Кўпчилик на иш, на даромадга эга. Маош жуда кам. Мен таниган кўплаб одамлар ойига тахминан 20 доллар ишлаб топади. Порасиз иш тополмайсиз”, – дейди ёшгина жувон.

Унинг айтишича, Туркманистонда нафақат этник озчилик вакиллари, балки кўплаб туркманлар ҳам имкони бўлса мамлакатни тарк этишни хоҳлайди. Хусусан, чет элда таҳсил олаётган туркман талабалар ватанига қайтмасликка ҳаракат қилади.

Туркманистон улкан энергия бойликларига эга бўлишига қарамай, мамлакатда қашшоқлик авж олган, чунки табиий газ экспортидан тушадиган мўмай даромад оддий халққа етиб бормайди.

Янги кўчиб келганлар, шунингдек, тарихий ватанда эркинроқ ҳаёт кечиришга умидвор. Қозоғистон намунали демократик давлат саналмаса-да, Туркманистонга нисбатан очиқроқдир. Шимолий Кореяга қиёсланадиган Туркманистон эса дунёдаги энг репрессив давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатда ҳукумат аҳоли кундалик ҳаётининг барча жабҳаларини назорат қилади.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка интервью берган аёллардан бири Туркманистондаги қариндошлари хавфсизлигидан хавотирда эканини айтади. Бошқалар ҳам айни жиҳатдан ташвишда.

Манғистау вилоятининг Мунайли туманига эндигина кўчиб келган қозоқ оила сафар олдидан Туркманистон хавфсизлик хизмати ходимлари уларни суҳбатга чақирганини сўзлаб берди. Улар мобил телефонга ўрнатилган прокси-сервер орқали Туркманистонда блокланган веб-сайтлар, иловалар ва ижтимоий тармоқларга кирган-кирмаганини текширган.

Янги кўчиб келганларнинг аксари бошқа мамлакатда бўлишларига қарамай, Туркманистондаги асл вазият ҳақида мухбирларга сўзлаб беришдан бош тортдилар. Уларга хавотирига кўра, танқид сабаб Туркманистон ҳукумати уларнинг мамлакатда қолган қариндошларидан ўч олиши мумкин.

XS
SM
MD
LG