Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:19

Гиёҳванд моддалар савдосида гумонланган шахс қандай қилиб Жапаровга куёв бўлаёзди?


Садир Жапаров.
Садир Жапаров.

Яқинда вертолётда Лаззат Нуркожоевага турмуш қуришни таклиф қилган йигит гиёҳванд моддалар сотувчиси бўлиб чиқиши мумкин. Қирғизистон президентининг жиянига уйланмоқчи бўлган Афтандил Сабирбеков ушланиб, тергов изоляторига жойлаштирилди.

У ва яна 12 нафар шериги, ИИВ хабарига кўра, гиёҳванд, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини кўп миқдорда сотиш мақсадида ноқонуний ишлаб чиқаришда айбланмоқда. Бу борада Президент маъмурияти изоҳ берди. Унда айтилишича, Сабирбеков ўзига нуфузли ҳомий топиш учун давлат раҳбари билан қариндош бўлишга уринган.

Бир неча ҳафта олдин деярли бутун мамлакатда давлат раҳбарининг қариндоши, Садир Жапаровнинг укасининг қизи Лаззат Нуркожоеванинг Афтандил Сабирбековга унаштирилгани муҳокама қилинаётган эди. Кейин куёв жуда дабдабали тадбир уюштирди. У Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан вертолёт ижара олиб, бунинг учун қарийб икки минг доллар тўлаб, ўз севгилисини тоғларга олиб келди ва ранг-баранг фейерверклар фонида унга турмуш қуришни таклиф қилди. Қиз «розиман» деди. У бу ҳақдаги видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирди.

Шунда кўпчилик ҳайрон бўлди: Президентнинг потенциал куёви ким? Наркотикларни назорат қилиш хизмати бу саволга бир кун аввал кутилмаган жавоб берди. Агентлик ҳибсга олинганларнинг фотосуратларини жойлаштирган ҳолда, жиноий гуруҳ зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берди. Улар орасида журналистлар президентнинг бўлажак куёвини дарҳол таниди.

Сабирбековнинг ҳибсга олинганини президент маъмурияти ҳам тасдиқлаган. Унда куёв «собиқ» деб аталган ва у ўзининг жиноят ишларини яшириш учун Садир Жапаров билан қариндош бўлишга урингани айтилган.

“Бу йигитнинг асосий мақсади ўзининг ноқонуний фаолиятини ҳимоя қилиш учун ҳокимиятдан одам («криша») топиш бўлган, дейишга тўлиқ асос бор. Собиқ куёв ва унинг ҳамтовоқларининг ноқонуний қилмишлари тергов жараёнида аниқ бўлади”, деди Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов.

Гиёҳванд моддалар савдоси хизмати тарқатган видеога қараганда, бу гуруҳ аъзолари, жумладан, президентнинг бўлғуси куёви ҳам ўтган қишда қўлга олинган. Дабдабали унаштириш билан боғлиқ жанжалдан сўнг Садир Жапаровнинг ўзи жияни учун узр сўради, бироқ куёвнинг ҳаддан ташқари исрофгарчилигини танқид қилди. Гиёҳвандликка қарши курашувчилар бу иш билан шуғулланаётганидан Садир Жапаров бехабар бўлган чоғи.

“Аслида, жиян учун ҳаммаси хайрли тугади, муҳими, тўйгача бормади. Лекин бу ерда гиёҳванд моддаларга қарши курашувчиларга савол туғилади. Улар уни қўлга олган бўлса, нега президентга вақтида хабар беришмаган? Нега улар жияни ўз ҳаётини жуда ёмон одам билан боғламоқчи эканлигини президентга хабар беришмаган, нега улар айтишмаган?” дейди бишкеклик фуқаролик фаоли Урмат Жанибоев.

Айни пайтда адвокатлар қайд этишича, қонунга кўра, тезкор ходимлар давом этаётган операция ҳақида ўз бошлиқларидан бирортасига, ҳатто президентга ҳам хабар бермасликка тўлиқ ҳақли эди. Аммо, ҳуқуқшунос Таттуубубу Эргешбоева фикрича, Қирғизистонда буни тасаввур этиб бўлмайди. Унинг фикрича, жияни ва унинг бўлажак турмуш ўртоғи билан бўлган бу воқеа сиёсий асосга эга.

“Президентга унинг яқинлари билан боғлиқ масала хабар берилмаган. Бу тўғридан-тўғри обрў-эътибор масаласига тааллуқли бўлиб, уларни одатда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг "тўққизинчи хизмати" текширади ва кўпинча уларнинг олди олинади Бу, эҳтимол, сиёсий кучлар ўртасидаги рақобат сабаблидир”, деб тахмин қилади у.

Бироқ, бу жанжалда кузатувчилар президент маъмурияти томонидан қилинаётган қандайдир пиар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно этмаяпти. Улар давлат раҳбари қонунбузарликларни, ҳатто бу унинг яқин атрофидан келган бўлса ҳам, аяб ўтирмаслигини кўрсатишмоқчи. Ҳатто бу унинг куёви бўлса ҳам. Ҳозир уни 12 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG