Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:02

Қирғизистон: “Байрактар” хавфсизлик муаммоларини ҳал қила оладими?


Байрактар дрони.
Байрактар дрони.

Қирғизистон ҳукумати Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара хизмати учун Туркиядан “Байрактар” жанговар дронларини сотиб олди.

Президент Садир Жапаров 18 декабрь куни янги ҳарбий техникани кўздан кечириш чоғида “мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган янги-янги муаммолар вужудга келмоқда”, деган эди.

Ўша куни у МХДҚ Жалолобод вилояти бошқармаси янги биносининг очилиш маросимида сўзлаган нутқида ўтган ой Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Миллий хавфсизлик концепцияси маъқулланганини эслатди.

Унинг айтишича, ҳужжат “мамлакатнинг миллий хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган кўплаб амалий чора-тадбирларни ўз ичига олади”. Шунингдек, президент мамлакат раҳбарияти ва МХДҚ кучишлатар ходимлар фаолиятига алоҳида эътибор кўрсатишда ва ҳар бир ходимнинг тўлақонли ишлашига кўмаклашишда давом этади, дея ваъда берди.

“Биз мамлакатимиз миллий хавфсизлигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган омилларга бепарво қараб тура олмаймиз. Давлат хавфсизлик хизмати ходимларига ҳамиша ғамхўрлик қилиши лозим. Улар ўз оилаларидан хотиржам бўлсалар, хизматни ҳам яхши бажаришади”, деди Жапаров.

Президент сўзининг охирида “мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг энг яхши услуб ва механизмларини амалда татбиқ этиш зарур”лигини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг нутқи жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. МХДҚ бошлиғининг собиқ ўринбосари Артур Медетбеков, хусусан, мамлакат хавфсизлигига уюшган жиноятчилик ҳам таҳдид қилаётганини эслатди.

“Қирғизистонда ҳокимият уч марта тўнтариш йўли билан алмашган бўлса, учала ҳолатда ҳам жараёнда уюшган жиноий гуруҳлар иштирок этган. Улар бугунги кунда ҳам энг катта таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Қолаверса, миграция ва ишсизлик ҳам муайян таҳлика туғдиради. Ахир бизнинг меҳнатга яроқли қанчадан-қанча ватандошларимиз хорижда юришибди! Чегара олди ҳудудлар аҳолиси шаҳарларга кўчиб келаётгани, у ерларда қишлоқлар ҳувиллаб қолаётгани ҳам жиддий муаммо. Яна бир масала – ёшларнинг ҳозирги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий инқироз шароитида ноқонуний йўллар ва коррупцион усуллар билан ҳокимиятга интилаётганидир. Бу ҳам ниҳоятда муҳим”, дейди эксперт.

Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Тўқон Мамитов ташқи таҳдидларга қарши кураш йўлларини излаш билан бирга, ички муаммоларни ҳам ҳал қилиш лозимлигини айтади.

“Президент асосий таҳдидларни санаб ўтди, аммо бир нечтасини тилга олмади. Улар экология, миллат саломатлиги, миграция, таълим ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ. Айни пайтда Афғонистон биз учун биринчи даражали таҳдид эмас. Ушбу мамлакатдаги вазият билан дунёнинг қудратли давлатлари шуғулланмоқда. Биз эса кузатишимиз ва баҳоли қудрат ҳаракат қилишимиз лозим. Президент айтиб ўтган таҳдидларга келсак, бизда илмий ходимлар, IT-мутахассислар ва нано-технологиялар билимдонлари тўлиб ётибди. Миллий хавфсизликни таъминлашда улардан фойдаланиш керак. Биз ахборот урушига шай туришимиз лозим. Яна бир гап: агар биз ривожланмоқчи бўлсак ва келажакни ўйласак, экологияни сақлаш учун яшил иқтисодиётни дастаклашимиз ва рақамлаштиришни тезлаштиришимиз шарт. Мана шу икки соҳа катта сармоя талаб қилади”, дейди Мамитов.

Садир Жапаровнинг Жалолобод вилоятига сафари чоғида маълум қилинишича, ҳукумат киберхавфсизлик мувофиқлаштириш марказини қуришни режаламоқда. Ундан олдинроқ эса МХДҚ академиясида таълим жараёнини такомиллаштириш ва сифатли профессионал кадрлар тайёрлаш учун янги бинолар қуриш режаси очиқланган.

Артур Медетбеков ушбу ташаббусларни олқишлайди.

“Мустақилликка эришганимиздан сўнг бизнинг чекистларимиз Россия ФСБ академиясида малака оширишди. У ерда яхши таълим беришади, аммо ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос жиҳатлари бор. МХДҚ академияси барча зарур нарсалар билан таъминланса, янги таҳдидларга қарши курашувчи кадрларни ўзимизда тайёрлашимиз мумкин бўлади”, дейди у.

Ҳуқуқбон Эржон Қайипов миллий хавфсизлик ҳақида гапираркан, айни шу ҳолатга тўхталди.

“Махсус хизматлар учун кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртларини очиш ҳудудларда МХДҚга янги бинолар ва унинг ходимларига уйлар қуриб беришдан кўра муҳимроқ иш. Чекистларимизни ўзга мамлакатларнинг ўқув юртларига ўқишга жўнатишни бас қилиш керак. Айни чоғда хавфсизлик дегани бу давлат чегаралари доирасидаги ва ҳарбий маънодаги тушунча эмас. Бугунги кунда энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, шунингдек, соғлиқни сақлаш масалалари ҳам кун тартибида турибди. Ушбу соҳалар ходимларининг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилашимиз лозим. Бор маблағни кучишлатар тузилмаларга йўналтириш ярамайди. Миллий хавсизлик бир қанча таркибий қисмдан иборат – агар улардан бири заиф бўлса, қолганларини мустаҳкамлашдан фойда йўқ. Инновацион технологияларни эса хавф-хатар ўлароқ қабул қилмаслик керак. Тўғри, уларни таҳдидлар яратиш билан бирга, таҳдидларни бартараф этишда ҳам қўллаш мумкинлигини унутмайлик. Технологиялар бор-йўғи восита, улар ўзича хатар туғдира олмайди. Учувчисиз учар аппаратлар ҳам инновацион технологияларнинг бир туридир”, хулоса қилади Қайипов.

Президентнинг баёнотидан сўнг Қирғизистонда сўз эркинлигига босимлар кучайиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар ўртага чиқди. “Ижтимоий таҳлил институти” фонди директори Рита Қорасартова бу ҳақда шундай фикр билдирди:

“Чекистларнинг турмуш шароити яхшиланиши билан миллий хавфсизлик мустаҳкамланади”, деган сиёсат собиқ президент Алмазбек Атамбаев даврида бошланган бўлиб, ҳануз давом этмоқда. 2005, 2010 ва 2020 йилларда чинакам тўнтаришлар бўлди. МХДҚ бу воқеалардан олдин халқнинг кайфиятини таҳлил қилиши ва фуқаролар норозилигига сабаб бор ёки йўқлигини ўрганиши ва камчиликлар тузатилиши керак эди. 2012 йилда МХДҚга кенг ваколатлар, жумладан, ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш имконияти берилди. Президентнинг “илм-фан ва технологиялар тараққий этяпти, мамлакатимиз хавфсизлигига таҳдид солувчи янги-янги муаммолар пайдо бўлмоқда” деган гапини сўз эркинлигини чеклашга уриниш деб баҳолаш мумкин. Инсонни ижтимоий тармоқларда билдирган фикри учун “ҳокимиятни куч билан босиб олишга уриниш”да айблаб, қамоққа олиш мана шундан бошланади. Ўз фуқароларининг оғзини тикишни хоҳлайдиган режимлар шунақа йўл тутади. Улар, “агар фуқароларни тийиб турадиган чекистларимиз учун уйлар қурсак ва турмуш даражасини оширсак, улар президентнинг ҳар қандай буйруғини бажарадиган бўлади”, деб ўйлашади чамаси. Бироқ буйруқни бажариш – бу бир одамнинг хавсизлигини таъминлаш холос, бутун миллатнинг эмас.

Расмий маълумотларга кўра, “Байрактар” дронлари тўлиқ республика бюджети маблағларига харид қилинган бўлиб, мамлакатнинг мудофаасини таъминлаш, жумладан, давлат чегараларини қўриқлашда қўлланади.

Қирғизистон расмийлари Россия ва Туркия ҳарбий техникаларини харид қилишга 100 миллион доллар ажратилганини маълум қилишди.

XS
SM
MD
LG