Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:36

Режимнинг узоқ муддатли режалари. Жапаров ва Ташиев иккинчи муддатга елкама - елка бормоқда


Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев - Бишкек, 25 март, 2022
Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев - Бишкек, 25 март, 2022

Қирғизистон президенти Садир Жапаров иккинчи муддатга президентликка номзодини қўймоқчи – бу қирғиз халқи учун янгилик эмас. Ажабланарлиси шундаки, у ва унинг энг яқин сафдоши – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев мамлакатнинг тартибсиз сиёсий манзарасини қай даражада жиловлай олганида.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов 29 январь куни 55 ёшли Жапаровнинг бир муддатдан кейин президентликдан кетишига “халқнинг ўзи йўл қўймаслигини” айтди.

“Президентимиз навбатдаги сайловларда иштирок этади”, деди Байсалов Қирғизистонда «Озодлик» радиоси мезбонлик қиладиган “Эксперт Талдаит” (“Эксперт таҳлили”) ток-шоусида.

“Конституция рухсат беради, шунинг учун у буни ярим йўлда қолдирмайди. Халқнинг ўзи бунга йўл қўймайди. Халқнинг умиди бор, яқин уч йилда улар катта ютуқларга гувоҳ бўлишади”, деди Байсалов.

Байсаловнинг сўзларини Жапаровнинг расмий вакили ҳам тезда тасдиқлади ва Қирғизистон раҳбари 2026 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларида иштирок этишини айтди.

Жапаровнинг амалдаги ҳамкори Ташиев декабрь ойида Жапаровнинг иккинчи муддатга сайланиши ғоясини маъқуллаб, унинг ўзи бу лавозимни эгаллашга интилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди.

“Кўча”га қарши рейдлар: Қирғизистонда машҳур бўлган Салимбой
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:24 0:00

Бундан ташқари, президентнинг узоқ йиллик ҳамкори бўлмиш Ташиев давлат раҳбари 2021 йил январь ойида эски конституцияга кўра сайлангани учун бутун олти йиллик муддат давомида ҳокимиятда қолишга ҳақли эканлигини таъкидлади. Бу конституция президентларга қайта сайланишга рухсат бермасди. Бироқ ўша сайловдан бир неча ой ўтиб қабул қилинган янги конституция иккинчи муддатга сайланишга имкон бергани боис, Жапаров 2027 йилда янги конституцияга кўра иккинчи беш йиллик муддатга сайланиши мумкин, деб тушунтирди Ташиев Facebook’да.

Бу қизиқ ҳолатга ойдинлик киритар экан, Ташиев қўшиб қўйди: “Саккиз йилдан сўнг мамлакатда Садир Жапаровдек халқ учун куйинадиган яна бир шахс пайдо бўлишига ишонаман”.

Буларнинг барчаси сиёсат кўпинча қисқа муддатли бўлиб келган мамлакатда режимнинг узоқ муддатли режаларини кўрсатаётгандек гўё: мустақилликнинг ўттиз йили давомида учта президент ўз лавозимини тарк этишга мажбур бўлган.

Бошқа томондан, Қирғизистон бу кунларда жуда ўзгача кўринади. Афтидан, президентлар билан бир хил куч ва имтиёзларга эга бўлган саҳна ортидаги таъсирли шахслар йўқолди.

Сайловларда ҳамиша рақобатга тайёр бўлган сиёсатчилар ва бизнес-магнатлар ҳам ғойиб бўлди.

Бир пайтлар фаол бўлган Қирғизистон фуқаролик жамияти – фаоллар ва журналистлар, шунингдек, сиёсий мухолифларнинг ҳибсга олиниши ва қамоқ жазолари давом этаётган бир пайтда анча жимиб қолди.

"Шу орада ҳозирги раҳбарият аввалги раҳбарларга қараганда ҳокимиятни марказлаштириш учун яхшироқ ҳаракат қиляпти, – дейди Швеция халқаро муносабатлар институти таҳлилчиси Йохан Энгвалл. – Аммо Қирғизистон тарихидан биламизки, ҳукумат ҳаддидан ошиб кетса, вазият тезда ўзгариши мумкин".

“Даромад оқимини қўлга олиш"

Жапаров ва Ташиев ҳокимиятга келишидан олдинги ўн йилда Қирғизистон президентларнинг ҳокимиятни ўз қўлида марказлаштириш имкониятини чеклаш учун махсус ишлаб чиқилган конституция бор эди.

Албатта, бу ҳар доим ҳам шундай бўлавермасди, лекин асосий қонуннинг эски таҳрири бўйича сайланган биринчи президент Алмазбек Атамбаев ҳеч бўлмаганда, яна сайловда қатнаша олмаслигини тан олди.

2010 йилги конституция қабул қилинишига мамлакатнинг биринчи икки президенти Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевнинг инқилоблар натижасида ҳокимиятдан ағдарилгани сабаб бўлганди.

Бу сиёсий нотинчлик Қирғизистон билан қўшни давлатлар – Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан аниқ фарқдир, уларда режимлар ўзини сақлаб қола олган.

Қирғизистон бўйича “Давлат - сармоя бозори сифатида” номли китоб муаллифи Энгвалга кўра, фарқ қисман Қирғизистон сиёсий иқтисоди услубидадир.

"Қирғизистонда сиёсий куч ва иқтисодий бойлик чамбарчас боғлиқ. Бироқ мамлакатнинг иқтисодий ресурслари доим турли тадбиркорлар ва парламентарийлар ўртасида нисбатан тарқоқ бўлиб келган ва президентлар энг ёғли даромад оқимлари устидан назоратни тўлиқ марказлаштира олмаган", деб тушунтирди Энгвалл электрон почта орқали.

Ҳозирча, Жапаров ва Ташиев авторитар Бакиевнинг хатоларидан сабоқ олаётганга ўхшайди, уларнинг ҳар иккаласи ҳам илгари раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

2021 йилда ҳукумат кучлари ўша пайтда хориж назорати остида бўлган «Қумтор» олтин конини ўз назоратига олганида ва Канаданинг Centerra Gold компанияси кейинчалик ҳукумат билан суддан ташқари келишувга эришганида “даромад оқими”ни тортиб олиш энг муҳим вазифа эди.

Бу икки шахс ҳокимиятни қўлга олганидан кейинги биринчи йилда амалга оширилган бу ҳаракат ҳукумат даромадларини ошириб, маошларни кўтариш имконини берди, бу эса президентнинг юқори рейтингини сақлаб қолишга ёрдам берарди.

Кон эгалланган вақтда расмийлар Қумтордаги коррупция бўйича тергов доирасида юқори мартабали сиёсатчиларни ҳибсга олишни бошлади. Уларни олган пулларини қайтариш шарти билан қўйиб юборишди.

Ташиевга кўра, собиқ бош вазир ва президентликка номзод Ўмурбек Бабанов, масалан, давлатга 1 миллиард сўм (11 миллион доллардан ортиқ) ўтказган.

Ўтган йили расмийлар мамлакатнинг энг йирик ароқ ишлаб чиқарувчиси «Аю» давлатга ўтганини эълон қилди. Бемор ва хорижда яшаётгани айтилаётган компаниянинг асосий бенефициари ўтмишда 2015 ва 2020 йиллардаги парламент сайловларида иштирок этган партияни молиялаштиришда ёрдам берган.

Бироқ, кўпчилик қирғизлар учун, қайси ҳукумат бўлишидан қатъи назар, бузуқ тузумнинг тимсолига айланган икки киши билан нима қилиш керак эди?

Контрабанда ва пул ювиш билан боғлиқ кўплаб суриштирувлар чоғида «Озодлик» радиоси Қирғиз хизмати ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан суҳбатлашган манбалар криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев ва собиқ божхоначи Раимбек Матраимовни қиймати миллиардлаб долларга баҳоланган яширин империя аъзолари сифатида таърифлаган.

АҚШ Молия вазирлиги иккисига ҳам санкция қўйиб, Кўлбоевни трансмиллий гиёҳвандлик ва одам савдоси билан шуғулланувчи "тож кийган ўғри", Матраимовни эса коррупцион божхона схемасидаги иштироки натижасида "юз миллионлаб доллар" ўмарган шахс деб атаган. "Қонундаги ўғри" жиноий иерархиядаги энг юқори унвон бўлиб, у анъанавий равишда собиқ Совет республикаларидаги жиноий гуруҳлар раҳбарларига берилади.

Қирғизистонда эса Кўлбоев ҳам, Матраимов ҳам жазосиз қолишган. Улар Жапаров президентлиги даврида озодликка чиққунча қамоқда бироз номигагина ўтирганди.

Аммо ҳозир ундай эмас.

Қирғизистон Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга "бериб юборди"ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:36 0:00

Октябрь ойида Бишкек марказидаги ресторанлардан бирига кундузи уюштирилган рейдда Кўлбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан отиб ўлдирилган эди.

Шундан сўнг машҳур жиноятчиларнинг кўпчилиги жиноят ҳаётидан воз кечишларини айтиб видеомурожаатлар билан чиқишди.

Узоқ вақт давомида Жапаров ўзи туғилган Иссиқкўл вилоятидан чиққан Кўлбоевнинг ўлдирилиши ҳақида деярли ҳеч нарса айтмади.

Бироқ 25 январь куни президент давлат ахборот агентлигига интервью бериб, Кўлбоев унга ҳокимиятга келишига ёрдам бергани ҳақидаги узоқ йиллик айбловларни рад этди.

Матраимовга келсак, ҳозирда унинг қаердалиги номаълум бўлса ҳам, расман ҳибсга олиш ордери чиқарилган.

27 январь куни Матраимов туғилган Ўш шаҳрида сўзлаган Ташиев расмийлар Матраимовнинг барча мол-мулкини мусодара қила бошлаганини айтди ва у келажакда Қирғизистонда яшашни истаса, камтарона «Матиз» ҳайдаши керак, деб ҳазил қилди.

Мустақил сиёсатшунос Айжан Шаршенованинг “Озодлик”ка айтишича, қирғиз жамоатчилиги бу иккисининг қулашини олқишлаган бўларди.

Бироқ Қирғизистоннинг янги “қаттиқ авторитар” сиёсий тизими «тузилмасиз» бўлиб қолмоқда ва институционал ривожланиш сезилмаяпти, дейди Шаршенова.

“Ҳокимиятнинг барча бўғинларидаги асосий муаммо шундаки, улар шахсга йўналтирилган ва гўё икки етакчи – президент Жапаров ва хавфсизлик хизмати раҳбари Ташиев атрофида айланиб юрибди”, дейди Шаршенова «Озодлик» билан суҳбатда.

Форум

XS
SM
MD
LG