Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Хорижга ишчи кучи экспорт қилаётган Қирғизистонда муҳожирларга қарши кайфият кучаймоқда


Бишкекдаги жанубий осиёлик ишчилар.
Бишкекдаги жанубий осиёлик ишчилар.

Москвада пицца буюртма қилсангиз, уни қирғиз курьери уйингизга олиб келиш эҳтимоли катта. Бишкекда шундай қилсангиз, тиббиёт мактабига пул тўламоқчи бўлган ёш покистонлик куръер келиши мумкин.

Яъни, ўтган ҳафтагача.

17-18 май кунлари кечаси Бишкекда жанубий осиёлик талабалар оломон ҳужумига учради. Бу воқеа Қирғизистондаги муҳожирлар ҳам Россиядаги марказий осиёликлар каби ксенофобик зўравонликка дучор бўлиши мумкинлигини кўрсатди.

Март ойи охирида Москва яқинидаги “Крокус Сити Холл”га қилинган қонли ҳужумдан сўнг қирғизлар, тожиклар ва ўзбеклар Россия шаҳарларида агрессив тажовузлар нишонига айланган бўлса ҳам, Қирғизистон ҳукумати ҳали тартибсизликлар бошланмасдан олдин “ноқонуний миграция”ни бостириш бўйича чора кўришларини айтишган эди.

Бир неча хорижлик касалхонага ётқизилган бу тартибсизликларни маҳаллий аҳолининг кўпчилиги қораламоқда. Аммо 1000 дан ортиқ покистонлик мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Покистон талабаларини Қирғизистондан олиб кетмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:01 0:00

Айрим бишкекликлар ётоқхонадан чиқишга қўрқаётган талабаларга овқат олиб келишган.

Аммо Қирғизистон ҳукумати муҳожирларга қарши рейдларини фаол ошираётгани, пойтахтда тобора кўпаяётган хорижлик аҳоли сабабли юзага келаётган тарангликдан хабардор эканликларини кўрсатади.

Нега бундай бўлмоқда ўзи?

Хорижий ишчилар учун квоталар кўпайтирилди

Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Бишкекдаги жанубий осиёликлар яшайдиган ётоқхоналарга уюштирилган ҳужумларни қоралаш ўрнига, зўравонликлар рўй бергандан бир кун ўтиб, чет элликларга нисбатан чора кўришни талаб қилиб тўпланган оломонининг талабларида “жон бор” деб айтди.

Маълумот учун, Ташиев ҳуқуқ-тартибот идоралари сафида муттасил кўтарилиб ҳозирги лавозимга етган хавфсизлик фахрийси эмас. У мамлакатнинг амалдаги президенти Садир Жапаровнинг иттифоқчиси бўлиб, у популистик мухолифат етакчиси бўлган даврлардан буён унинг сафдошидир.

Ташиев ўз видеомурожаатида полиция тарқатиб юборишга қийналган оломон “Бангладеш, Покистон, Ҳиндистон, Миср ва бошқа мамлакатлардан келган талабалар ва ишчилар сони ортиб бораётганидан” қўзғалганини таъкидлаган.

Жапаров жорий йил баҳорида ноқонуний муҳожирларни таъқиб қилишни буюрганидан сўнг, Ташиевнинг айтишича, ҳар куни "20, 30 ёки 50 га яқин" шундай муҳожир қўлга олинган.

Ташиев 1000 нафар Бангладеш ва 1500 Покистонлик депортация қилинганига қарамай, 5000 нафар ноқонуний муҳожир борлигини тахмин қилмоқда.

Бу ксенофобияни бостиришга қаратилган тадбирлар эмас.

Аммо Ташиев ҳукумат Жанубий Осиё давлатларидан ишчи кучи қидираётганини айтишни унутди.

Октябрь ойида Меҳнат вазирлиги 2024 йил учун чет эллик ишчиларга квотани 50 фоизга, 16,6 минг ўриндан тахминан 25,000 ўринга оширишини маълум қилганди.

Уларнинг учдан икки қисмидан сал камроғи саноат, қурилиш ва транспорт соҳаларига, яна 13 фоизи тоғ-кон саноатига, 14 фоизи хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларига ажратилган.

Шу ойда 17 000 га яқин бўш иш ўринларига ариза берганларнинг қарийб ярми Бангладеш, чорак қисми Покистон ва 16 фоизи Хитойдан.

18 май куни, Бишкек тунги тартибсизликлардан ҳали ўзига келмай туриб, Меҳнат вазири Гулнора Баатирова бунга изоҳ берди.

“Хусусий тадбиркорлар айтишича, хорижликлар мунтазам ва ўз вақтида ишга келишади, айрим ҳолларда эса белгиланган жадвалдан ташқари ҳам ишлашади. Аксарият фуқароларимиз Россия ва бошқа қўшни давлатларга ишлаш учун кетиб, ўша ерда доимий резидент мақомини олган. Қирғизистонга қайтиб, ишлашга ундовларимиз доим жавобсиз қолади”, деди Баатирова.

Маҳаллий ходимларга келсак, “кўпчилик ўз вақтида ишга келмай, маошини олгандан кейин икки-уч кун ғойиб бўлиб, байрам ва туғилган кунларда дам олишни сўрайди”, деган вазир май ойида 6,5 минг бўш иш ўрни қолганини таъкидлаб.

Тикув сектори кўпроқ қўлга муҳтож

Баатированинг айтишича, айниқса ишчи кучи етишмайдиган тикувчилик саноати ўн минглаб қирғизистонликларни иш билан таъминлаган.

Бангладешга нима учун айниқса талаб катта экани шу билан изоҳланади: Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Авазбек Отахонов кўпроқ ишчи кучини жалб қилиш мақсадида апрель ойида ҳатто Даккага борган эди.

Бишкекдаги тикувчилик цехи эгаси «Озодлик» радиоси қирғиз хизмати билан суҳбатда Бангладешдан келган ишчи аёллар “яхши ва сифатли тикишини”, Ҳиндистондан келган ишчилар эса “тиришқоқ ва тез ўрганишини” айтди.

Табиийки, меҳнат бозорига кириб келган бу ўйинчилар Қирғизистонда маҳаллий рақобатчиларидан пастроқ маошларга ҳам ишлашлари мумкин.

Мустақил иқтисодчи Азамат Акенеевнинг «Озодлик»ка айтишича, иш ҳақи ошиши Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг дастлабки икки йилида Қирғизистон иқтисодидаги кучли ўсиш ортидан содир бўлди ва бу Қирғизистон учун санкциялар остида қолган Россия бозорига кириш учун имкониятларни кенгайтирган.

Аммо уруш ва унга боғлиқ санкциялар инфляция ва иқтисодий мавҳумликни ҳам оширди, шу билан бирга, “бизнес ҳам бу кўтарилган иш ҳақини тўлашни хоҳламайди ёки бунга қодир эмас”, деди Акенеев “Озодлик» билан суҳбатда.

Украинада уруш бошланганидан бери «Озодлик» радиоси қирғиз хизмати томонидан кенг ёритилган кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар фаолияти ҳам шу тоифага кириши мумкин.

Россия рубли қиймати 2022 йил биринчи ярмида босқиндан олдинги қийматидан ошди, ана шунда Қирғизистон тикувчилик фабрикалари ўзининг энг муҳим харидорининг юқори талабини қондириш учун ишчи кучи етишмаслигига дучор бўлди.

Аммо рубль чет эл валюталарига, жумладан, қирғиз сўмига нисбатан яна пасайгач, россиялик харидорлар учун қирғиз кийимлари қимматлашди.

Натижада улар харажатларни камайтириш учун узоқ мамлакатлардан арзонроқ ишчи кучи қидира бошлади.

Меҳнат муҳожирларини тобора ўзига жалб этаётган яна бир соҳа ўсиб бораётган қурилиш саноати бўлиб, қўшни Ўзбекистондан келган муҳожирлар бу секторда Жанубий Осиёдан келган муҳожирлардан кўп.

«Хаотик» сиёсат, коррупция ва амалдаги қуллик

Шу ой бошида, 17-18 майдаги тартибсизликлардан олдин Меҳнат департаменти расмийлари хорижлик ишчилар учун квоталар кутилганидан кўра кўпроқ хорижликлар оқими туфайли вақтинча тўхтатилганини айтди.

Албатта, расмий меҳнат квоталари танганинг бир томони.

Қирғизистондаги 60 000 га яқин чет эллик талабаларнинг 24 000 дан ортиғи Ҳиндистон ва Покистондан бўлиб, уларнинг аксарияти тиббиёт йўналишида таҳсил олади.

Узоқ вақтдан бери аҳвол шу: Қирғизистонда тиббий таълим анча арзон ва кўп сонли талабалар Қирғизистоннинг иккинчи йирик шаҳри Ўш ва Бишкекдан бир соатлик масофада жойлашган Кант каби шаҳарларга муҳим иқтисодий фойда келтиради.

Бошқа жойларда бўлгани сингари бу ерда ҳам баъзи талабалар ўқишга пул топиш учун иш қидиради – Меҳнат вазирлиги эса талабалик визаси бунга рухсат бермаслигини айтади.

Апрель ойида Бишкек шаҳар полицияси “хорижий талабалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиши, шунингдек, улар иштирокидаги жиноятлар олдини олиш ва фош этиш мақсадида” куръер бўлиб ишлаган 400 нафар хорижлик талаба ҳибсга олинганини маълум қилган эди.

16 май куни Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси 28 нафар Покистон фуқаросини визаси муддати тугаганидан сўнг Бишкекдаги тикувчилик цехида “ноқонуний ишлагани” учун қўлга олди.

Аммо жорий йил боши ва ўтган йил бундай баёнотлар камроқ эди.

«Адолат» нотижорат юридик клиникаси раҳбари, миграция бўйича собиқ юқори лавозимли амалдор Чўлпон Жакупованинг айтишича, миграция сиёсатида «тартиб йўқ».

"Охирги икки йил ичида хорижлик ишчилар сони ортиши жуда яққол кўзга ташланди. Менимча, мансабдор шахсларнинг шахсий манфаати аралашмаса бундай бўлмасди. Яъни, коррупция", дейди Жакупова.

Қирғизистонда одам савдоси ҳам катта бизнес.

Шу ой бошида «Озодлик» радиоси қирғиз хизмати ўтказган суҳбатлар шуни кўрсатдики, кўплаб жанубий осиёликлар Қирғизистонга одатий визалар билан олиб келинган, аммо иш визаси бериш ҳақидаги ваъдалар бажарилмаган.

“Шунинг учун улар бир устахонадан иккинчисига кўчиб, маош олмасдан, қулликка тушиб қолганини айтишади, кўпчилигининг паспорти олиб қўйилган, қўлидан ҳеч нарса келмайди”, дейди Нурислом Қамбаров. Унинг компанияси Бангладеш ва Қирғизистон ўртасида миграцияга кўмак бериш билан шуғулланади.

Мисол тариқасида Қамбаров Бишкекдаги бир манзилда 40 га яқин Бангладешлик тор шароитда яшаётганини аниқлаганини айтди.

“Уларни бу ерга бангладешлик ватандошлари олиб кетган ва ташлаб кетган, мен уларнинг 25-30 нафарига виза олиб бердим, бунинг учун улар Ўзбекистонга чиқиб келишлари керак эди”, дейди тадбиркор.

Бишкекда оломон хорижликларга ҳужум қилди - ўнлаб одам яраланган, 4 киши ҳибсда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:48 0:00

“Миллий-ватанпарварлик нутқлари” муҳожирларга қарши кайфиятни кучайтирмоқда

Одатда муносиб иш топиш қийин бўлган меҳнат бозоридаги кескин вазият “миллий-ватанпарварлик нутқлари” туфайли янада кучаяди, деди Жакупова.

Ўтган ҳафтадаги инқироз пайтида бу жуда кўп кузатилган, афтидан, ҳукумат бошиданоқ бу инқирознинг олдини ололмаган.

12 майдан 13 майга ўтар кечаси Миср фуқаролари ва қирғизлар ўртасидаги муштлашув бўлган. Полиция дастлаб воқеа ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Фақат ҳибсга олинган мисрликларнинг қирғиз халқидан узр сўрагани тасвирланган видеони чиқарган. Видео 17 май куни интернетда тарқала бошлаган.

18 май куни покистонлик талабалар яшайдиган ётоқхоналарга қилинган ҳужумдан сўнг Ички ишлар вазирлиги қирғиз йигитни калтаклаган мисрликлар аслида ўз ётоқхонасини у ва яна уч ҳужумчидан ҳимоя қилганини кўрсатадиган тўлиқ хронологияни эълон қилди.

Ушбу гумондорлар аллақачон ҳибсга олинган бўлса ҳам (тўрт Миср фуқароси уй қамоғида), орадан беш кун ўтиб покистонликлар ётоқхонасига ҳужум қилиб уларни калтаклаган қирғизлар ҳақида жуда кам хабарлар бор.

21 май куни полициянинг хабар беришича, хорижликка ҳужум қилишда гумон қилинган бир фуқарони қўлга олинган, бироқ ҳодиса ётоқхоналардан бир неча километр узоқликда содир бўлган кўринади.

Бундан фарқли ўлароқ, 21 май куни Қозоғистон-Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган олти покистонлик қўлга олингани ҳақида хабар берилди.

Зўравонликдан жабр кўрган покистонлик талабалардан тўғридан-тўғри узр сўраган ягона расмий бош вазир ўринбосари Эдил Байсалов бўлди, у энг кўп зарар кўрган Қирғизистон халқаро университети ётоқхонасига борди.

У ерда Байсалов ётоқхонага ҳужум қилганларни "очиқ қамоққа олиш"га чақирди.

“Улар нафақат эшикларни, балки ҳожатхонага олиб борувчи хоналарни ҳам бузиб киришган. Қизлар у ерга яширинган экан... Пул, гаджет ва тақинчоқларни олиб кетишган”.

Президент Садир Жапаров 20 майгача сукут сақлади, у ўз веб-сайтида эълон қилинган мурожаатида “ватанпарвар ёшларимизнинг чет эл фуқароларининг ноқонуний миграциясини тўхтатиш ва бундай ҳолатларга йўл қўяётганларга нисбатан қатъий чоралар кўришни талаб қилишини тўғри", деб атади.

Бироқ Жапаров буни қамоққа олинган сиёсий рақиблар томонидан мувофиқлаштирилган «провокация» натижаси деб атади ва чет эллик талабалар ўз ётоқхоналарида ҳужумга учрагани ҳақидаги далилларни эътиборсиз қолдирди.

“Агар [ётоқхоналарда] ўғрилик, полицияга ҳужум ёки талабаларга ҳужум бўлса, биз қаттиқ чора кўрар эдик. Яхшиямки, бундай бўлмади”, деди у ўз фуқароларини ксенофобиядан огоҳлантиришдан олдин.

“1 миллиондан ортиқ халқимиз хорижда меҳнат қилиб, ўқимоқда. Шу сингари бу ерга ҳам ишлаш ва ўқиш учун келишмоқда, бундан хурсанд бўлишимиз керак”, деган президент.

Форум

XS
SM
MD
LG