Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:13

Қирғизистон: Парламент сайлови якунларига доир беш хулоса


Қирғизистонда популист-президент Садир Жапаров даврида биринчи марта сайлов ўтказилди. Сайлов бир палатали янги парламентнинг 90 нафар аъзосини аниқлаб беради. Аввалги таркибда 120 депутат бор эди. Қонунчилик органидаги ўринлар сони – Конституцияга ўзгартишлар киритилиб, президент ва ҳукуматга анча кенг ваколатлар берилиши маъқулланган умуммиллий референдумдан сўнг камайтирилган.

Озодлик/Озод Европа радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер сайлов якунлари бўйича хулосаларини баён қилди.

Ҳукуматпараст партиялар ғалабаси

​Сайловда энг кўп овоз тўплаган учала партия ҳам ҳукумат измидаги сиёсий партиялардир. Башоратларга кўра, “Ата-Журт Киргизстан” (16.6 фоиз), “Ишеним” (13.3 фоиз) ва “Интимак” (10.59 фоиз) партиялар рўйхати бўйича 54 ўриндан камида 36 тасини банд этди.

Диний йўналишдаги “Иймон Нури” партияси 5.2 фоиз овоз жамғариб, парламентга ўтган олтинчи ва сўнгги партия бўлди. Дарвоқе, у ҳам ҳукуматпараст партия.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров сайлов бюллетени билан. 28 ноябр 2021 йил
Қирғизистон президенти Садир Жапаров сайлов бюллетени билан. 28 ноябр 2021 йил

Бир мандатли округларда ҳам ҳукуматпараст номзодларнинг қўли устун келаётганини ҳисобга олганда Жапаров ҳукумати янги парламент томонидан тўлиқ дастакланишига шубҳа қолмади.

Мухолифат: Овозларимизни ўғирлашди

Ҳукуматпараст партияларнинг тантанаси манзарасида мухолифат натижалари анча ғариб кўринади. Мухолифатдаги кучлар орасида сайловда энг кўп овоз тўплагани партия “Бутун Киргизистан” партиясидир (6.6 фоиз).

Илғор сиёсий куч саналадиган ва кўплаб ёш номзодларни илгари сурган янги “Альянс” партияси ҳам ўзини қатор масалаларда мухолифатчи ўлароқ кўрсатади. Ушбу партия 8.08 фоиз овоз билан тўртинчи ўринни эгаллади.

Таниқли мухолифат сиёсатчиси Омурбек Текебоев раҳбарлик қиладиган “Ата Мекен” партияси атиги 3.42 фоиз овоз йиғди. Партия сайлов натижалари сохталаштирилганини даъво қилмоқда.

Сайлов натижаларини тан олишни истамаган партиялар вакиллари. Чапдан биринчи Омурбек Текебоев
Сайлов натижаларини тан олишни истамаган партиялар вакиллари. Чапдан биринчи Омурбек Текебоев

“Биз камида 8-10 фоиз ооз олишимиз керак эди. МСК сайти аввалига партиямиз учун 71 мингга яқин сайловчи овоз берганини кўрсатди. Сайт узиб қўйилиб, қайта ёқилганидан кейин қарасак, 41 минг овоз қолибди. Бу бизнинг номзодларга берилган овозлар ўғирланганини билдиради”, дейди Текебоев.

МСК тизимида носозлик, қаллобликда айбловлар

“Ата Мекен”, “Азаттик” партиялари, Социал-демократик партия ва “Улуттар Биримдиги” дастлабки овоз бериш натижалари эълон қилинганидан сўнг Бишкекда матбуот анжумани чақириб, Марказий сайлов комиссиясининг овозларни санаш автоматлаштирилган тизими 40 дақиқа ишламай қолганидан кейин эълон қилинган натижаларни тан олмасликларини билдиришди.

“Улуттар Биримдиги” етакчиси Нурлан Адаев носозлик чиққунича унинг партияси ҳисобида 47 074 та овоз бўлганини, тизим қайта ёқилганидан сўнг қарийб 17 минг овоз “йўқолиб қолган”ини айтмоқда.

Мухолифат вакилларига кўра, варақалар сонининг қарийб 10 фоизи ёки салкам 122 мингтаси бекор қилингани ҳам уларни овозлар ўғирланган, деб ўйлашига сабаб бўлади.

Мухолифат партиялари натижаларни бекор қилишни ва янги сайлов кунини белгилашни талаб қилмоқда.

Сайлов кунида ҳам қоидабузарликлар содир этилгани ҳақида шикоятлар бор: айтилишича, сиёсий партиялар ва айрим номзодлар ўзларига овоз бериш шарти билан сайловчиларнинг сайлов участкаларига бориб-келиши учун транспорт харажатларини тўлаганлар.

Шунингдек, баъзи жойларда электрон овоз бериш қурилмалари узлуксиз ишламаган. Сайловчилардан тўлдирилган варақаларни муаммо бартараф этилгунича стол устида қолдиришни сўраганлар. Айрим ҳолларда сайлов комиссиялари аъзолари варақаларни сайлов қутисига ўзлари ташлашларини айтишган.

Жуда кам сайловчи қатнашди

Ушбу парламент сайлови овоз берган сайловчилар сони бўйича энг паст натижа билан Қирғизистон электорал тарихига кирди: участкаларга сайловчиларнинг атиги 32.25 фоизи келган холос. Бу 2020 йил октябрида ўтказилиб, алал-оқибат натижалари бекор қилинган олдинги парламент сайловига қиёсан ҳам жуда кам – ўша сайловда 58.89 фоиз сайловчи қатнашган эди.

Қирғизистон фуқаролари сўнгги 14 ойда тўртинчи марта умуммиллий овоз беришга чиққан бўлса, ҳар гал овоз берганлар сони фақат камайгани қайд этилган.

Янги тизим туфайли юзага келган чалкашлик

Илк бор парламент сайлови аралаш тизим бўйича ўтказилди.

Апрель ойидаги референдумда ижро ҳокимияти ваколатлари кучайтирилган янги Конституция маъқуллангач, парламентдаги ўринлар сони қисқартирилган эди. Белгиланган 90 депутатдан 54 нафари партиялар рўйхати бўйича ва 36 нафари бир мандатли округлардан сайланди.

Маълум қилинишича, айрим сайловчилар нафақат партияга, балки унинг рўйхатидаги аниқ бир номзодига ҳам овоз бериш талабини тушунмай, маҳаллий сайлов комиссиялари аъзоларидан ёрдам сўраганлар. Бу овоз бериш махфийлиги принципига хилофдир.

XS
SM
MD
LG