Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:27

Қирғизистонда “дори-дармон мафияси” ҳақида гапирилмоқда. Бир киши қўлга олинган


Иллюстратив фото
Иллюстратив фото

Қирғизистон махсус хизматлари соғлиқни сақлаш соҳасида тизимли коррупция фош этилганини эълон қилди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) дори-дармон ишлаб чиқариш ширкатларининг омбор ва офисларида тинтув ўтказди.

Дори-дармон мафияси

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев давлат мулозимлари ва шифокорларнинг фармацевтика мафияси фош қилинганини айтди. Бу ҳақда у Олой туманида МХДҚнинг янги биноси очилиши чоғида маълум қилди.

Қамчибек Ташиев
Қамчибек Ташиев

“Кеча менга Қирғизистонда дори-дармон ишлаб чиқарувчилар мафияси мавжудлиги ҳақида билдиришди. Бизда дорилар уч карра, айримлари ҳатто ўн баравар қиммат сотилади. Булар бари қасддан қилинмоқда, фармацевтика мафияси аъзолари дават амалдорлари ва шифокорлардан иборат. Биз уларни фош этдик. Душанба куни бу ҳақда жамоатчиликка ахборот берамиз”, деган эди ўз нутқида Ташиев.

Ваъда қилинганидек, 27 сентябрь куни МХДҚ мамлакатга импорт дори воситаларини олиб кириб, касалхоналар орқали ҳаддан зиёд қиммат нархларда сотиш билан шуғулланувчи фармацевтика ширкатлари фаолияти ҳақида расмий баёнот берди. Махсус хизматлар ширкатларнинг омборхона ва офисларида тинтув ўтказган, икки хил бухгалтерия ҳисоби юритилганини тасдиқловчи молиявий ҳужжатлар мусодара қилинган.

“Тергов давомида мазкур ширкатлар дори воситаларининг қиммат турувчи аналогларини соғлиқни сақлаш тизими орқали пора эвазига ўтказиб, савдо-сотиқнинг қонунга хилоф усулларидан фойдалангани ва ноҳалол рақобат қилганини тасдиқловчи далиллар олинди. Иш бўйича олинган далиллардан келиб чиқиб, ушбу ширкатларнинг раҳбарларидан бири бўлмиш А.В. қўлга олинди”, дейилади Қўмита хабарномасида.

МХДҚ қўлга олинган фуқаронинг тўлиқ исмини ва қайси ширкатнинг омборларида тинтув ўтказилганини эълон қилганича йўқ. Аммо гумонланувчи тергов ҳибсхонасига қамалгани маълум. Бишкек шаҳри Биринчи май тумани суди фармацевтика ширкатлари билан боғлиқ фақат битта иш кўрилаётганини билдирди:

“Бишкек шаҳри Биринчи май тумани суди томонидан 2021 йил 24 сентябрда гумонланувчи В. Афандиевни 2021 йил 23 ноябргача Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида қамоқда қолдириш ҳақида қарор қабул қилинди.”

Бундан ташқари, махсус хизматлар қайд этишича, ушбу ширкатлар гуруҳи ўзаро тил бириктириб ва назорат қилувчи давлат органлари айрим мансабдор шахсларининг ҳомийлиги остида солиқ тўлашдан бўйин товлаган. Дори-дармон билан савдо қилишга рухсатнома бериш ва бу соҳани назорат қилиш Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ваколатига киради.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Жалолиддин Раҳматуллаев дори препаратлари таъминоти қонун доирасида йўлга қўйилганини айтмоқда:

Жалолиддин Раҳматуллаев
Жалолиддин Раҳматуллаев

“Аниқ далиллар бўлганида очиқ-ойдин айтишарди. Бизга ҳеч қандай маълумот келгани йўқ. Бирорта шифокор ёки касалхона номи тилга олинмади. Балки, тергов кетаётгандир. Аммо дори-дармон таъминоти “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун доирасида олиб борилади. У дори-дармон ишлаб чиқарувчи ширкатлар иштирок этиши мумкин эмас. Биз бошқа ҳеч нима дея олмаймиз.”

Маҳсулот бир хилнархи ҳар хил

Бишкеклик Нурлан Шодмонов – аптекалардаги нарх-наводан норози минглаб фуқаролардан бири. Ўтган ҳафта оёғи лат еганида у Бишкек Травматология ва ортопедия марказига мурожаат қилган эди. Нурлан шифокор йўллаган дорихонадан чўзилувчан бинтни 400 сомга сотиб олган. Эртаси куни билса, бу бинт бошқа аптекаларда атиги 150 сом турар экан.

“Мени кўриб қўйган врач касалхона дарвозаси ёнидаги дорихонадан бинт сотиб олиб келишни буюрди. Борсам, бинт учун 400 сом сўрашди. Менга иккита керак эди. Пулим етмагани учун битта олақолдим. Оёғим лўқиллаб оғриб турганидан кейин сотиб олмай нима ҳам қолардим? Эртасига уйимиз яқинидаги аптекада сўрасам, худди шу бинт нархи 150 сом экан. Бир хил маҳсулот турли баҳода сотилаётганидан ҳайрон қолдим. Ва жаҳлим чиқди”, ҳикоя қилади Шодмонов.

Қирғизистон мамлакат аҳолиси учун зарур дори-дармоннинг атиги 3 фоизини ўзида ишлаб чиқаради, қолгани Россия, Ҳиндистон, Германия ва Туркиядан импорт қилинади. 2020 йилда Қирғизистонга четдан жами 839 млн сомлик дори-дармон келтирилган бўлса, жорий йилнинг дастлабки олти ойидаёқ импорт дори-дармон ҳажми 855 млн сомни ташкил қилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги дорилар нархини тўлиқ назорат қила олмайди.

Вазирликнинг Дори-дармон таъминоти бошқармаси директори Тимурлан Кисанов бу тўғрида шундай изоҳ берди:

“Яқинда ҳукуматнинг 570-сонли қарори чиқди. Мазкур ҳужжатга кўра, коронавирус тарқалишига қарши кураш учун мўлжалланган ва имтиёзли баҳода сотиладиган дорилар рўйхатини шакллантирамиз, рўйхатда дорилар нархлари ҳам кўрсатилади. Ушбу дорилар турлари мингга яқин. Шу тариқа айрим дориларнинг нархини аниқлаштирса бўлади. Ҳар бир бемор мобил илова орқали уларнинг баҳосини билиб олиши мумкин бўлади. Аммо биз ҳамма нарсага аралаша олмаймиз. Акс ҳолда айрим ширкатлар дори препаратлари етказиб беришдан бош тортиши мумкин.

Кисанов тилга олган мобил илова айнан қачон ишга тушиши аниқ эмас. Вазирлик бир неча йилдан бери дори воситаларининг электрон-ахборот базасини яратишга уринмоқда. Агар у ишга туширилса, фуқаролар ишлаб чиқарувчи мамлакатдан тортиб дориларнинг якуний нархигача – бутун маълумотни билиш имкониятига эга бўлур эди.

Нарх-наво – асосий муаммо эмас

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, дори-дармон етказиб бериш билан Қирғизистонда 200 дан зиёд ширкат шуғулланади. Аптекалар сони эса 3200 дан ортиқ. Аксарияти Бишкекда жойлашган.

“Гепатитга йўл йўқ” жамоат бирлашмаси раҳбари Нурғози Ботирбековнинг айтишича, нарх-наводан ҳам муҳимроқ масала бор: биринчи галда дори-дармон сифатини ошириш устида бош қотириш керак.

“Қамчибек Ташиев айрим дори препаратлари 10 баравар қиммат сотилаётганини айтяпти. Аммо бизда нарх-навони тартибга солувчи қонун йўқ. Хўш, уларни нимага асосан жавобгарликка тортишмоқчи? МХДҚнинг хатти-ҳаракатлари менга популизм бўлиб кўриняпти. Шундай экан, айбдорлар 50-60 минг сом жарима билан қутулиб кетса, сира ажабланмайман. Назорат механизми бўлмаганидан кейин хоҳлаган баҳоларида сотаверишади-да. Бунга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Ундан кўра контрабанда йўли билан келтириладиган сифатсиз дорилар муаммосига эътибор қаратиш керак. Ҳар куни Қирғизистонга бунақа дорилардан тонналаб олиб кирилади. Улар қаерда ва ким томонидан ишлаб чиқарилганини ҳеч ким билмайди. Мутасадди раҳбарлар айби билан халқимиз соғлиғини йўқотмоқда”, дейди у.

Нурғози Ботирбеков фикрича, дори-дармон бизнесида ҳукуматнинг, Жогорку Кенеш депутатларининг ва тиббиёт соҳаси мулозимларининг қўли бор. Шу боис у мазкур соҳа яқин йилларда тартибга солинишига ишонмаслигини айтади.

XS
SM
MD
LG