Қирғизистонлик ёзувчи Ўлжабой Шокир мамлакатда трансгендерларга бағишланган биринчи бадиий асарни чоп эттирди. Унинг қиссаси бўлган воқеаларга асосланади – муаллиф муаммоларни ўз ўғлининг тақдири орқали ёритган.
Алик Шокиров – трансгендер. У қиз бола бўлиб туғилган, аммо ўзини ҳамиша эркак каби ҳис қилган. Буларнинг барини идрок этиш унга осон кўчмаган. Ўсмирлик чоғларида у чуқур тушкунлик ҳолатини, ўз жонига қасд қилиш хаёлларини, қариндошлари билан зиддиятларни бошидан кечирган.
Орадан йиллар ўтиб отаси Ўлжабой Шокир кўнглидаги гапларни очиқ сўзлашга жазм қилди: у трансгендер ўғли ва шу туфайли оиласи бошидан ўтказган қийинчиликлар ҳақида китоб ёзди.
“Ўғлим аёллар исми ёки кийим-кечагини ҳақорат деб билади. Болалигидан бери шундай. Аммо ота-оналарга хос худбинлик билан унга зуғум қилганмиз, “Қиз бола мана бундай кийиниши керак”, деб мажбурлаганмиз. Стереотиплар билан яшаганмиз-да. Қиссада ана шу муаммоларни одамларга етказишга ҳаракат қилдим. Ва ЛГБТ вакиллари ҳам барча каби одамлар эканини, улар асло табиатнинг хатоси эмаслигини тушунтиришга уриндим”, дейди Ўлжабой Шокир.
“Одам+” асарини ёзиши учун Ўлжабой Шокирга ўғли Аликнинг дўстлари билан танишуви туртки бўлган. Ёзувчининг айтишича, уларнинг аксариятидан ҳатто энг яқин қариндошлари ҳам воз кечган экан. Шунда ёзувчининг кўнглига адабиёт воситасида одамларни бағрикенгликка ўргатиш фикри келибди.
“Азал-азалдан мусаввирлар, файласуфлар, ёзувчиларни қамоққа тиқишга ҳаракат қиладилар. Чунки улар ҳамиша жамиятнинг олдинги сафида турган. Агарда санъат ва адабиёт жамиятда резонанс чиқармаса, у асло санъат ёки адабиёт эмас. Агар ёзишдан қўрқсанг, довот-қаламни қўйиб, бошқа касбнинг этагидан тутганинг маъқул”, сўзида давом этади Ўлжабой Шокир.
Аликка бағишланган китобда отаси бир неча исмнигина ўзгартирган холос. Қолган ҳамма нарса – ўғлининг шахмат мусобақасидаги ажойиб ғалабаси, унинг ўз вужудидан нафратланган кезлари ҳақидаги лавҳалар – бари реал воқеалардир. Асар шу қадар ҳаққоний чиқдики, ўзига атаб ёзилган қиссани ўқишга ўғилнинг юраги бетламади.
“Ўқисам, ўша кунларга қайтишим мумкиндек туюлаверди. Даҳшатга тушдим. “Ота, ўқий олмайман, ўқишни истамайман, дедим. У қистамади”, дейди Алик Шокиров.
ЛГБТга бағишланган Қирғизистонда биринчи асар халқаро донорлар кўмагида рус, қозоқ ва ўзбек тилларига ўгирилиб, бир неча минг нусхада нашр қилинди.
“Мавзу, ҳақиқатан ҳам, жуда ёпиқ. Бу ҳақда гапиришни ёқтиришмайди. Гапирганлар пешонасига ёрлиқ ёпиштирилиши хавфи ҳар доим мавжуд. Ҳатто ЛГБТ-ҳамжамиятни ҳимоя қилувчи ҳуқуқбонларни ҳам аяб ўтиришмайди. Адиб бу муаммо ҳар биримизга дахлдорлигини оддий одамларга айнан бадиий адабиёт орқали етказиб беришга қарор қилиб, менимча, жуда тўғри қилган”, дейди “Смарт Жаран” ассоциациясининг лойиҳалар координатори ёрдамчиси Сайқал Малик қизи.
Ўлжабой Шокир “Одам+” асарини ёзишга икки йил сарфлади. Аммо китобга нуқта қўйилган эмас. Ёзувчи уни трилогияга айлантиришга ва ҳар бир янги қисмда ушбу мураккаб мавзуда очиқ сўзлашни давом эттиришга ваъда бермоқда.