Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:53

Қирғизистон: Гўшт нархи ошишида очиқ кийинган аёлларни айблаган имом танқидга учради


Садибақас Доолов.
Садибақас Доолов.

Қирғизистонлик имом Садибақас Доолов аёллар очиқ кийинаётгани учун уларнинг «эти» арзонлаб, гўшт нархи ошиб бораётганини таъкидлади.

«(Гўшт) қачон қимматлашади? Биласизми? Қачон сиз яшаган ҳудудда аёллар эти арзонлай бошласа. Аёлларнинг эти арзонлашиб, сонларини бармоғидек ёки қўлидек кўрсатиб юра бошласа», - деди Доолов жорий ош бошида.

Ислом университети раҳбари бўлиб ишлаган мулла қарияларни «бу шармандаликка» чек қўйишга ва аёллар очиқ кийинишини тўхтатишга чорлади.

Доолов маърузаси ижтимоий тармоқларда тарқай бошлаганидан сўнг, асосан мусулмонлар яшайдиган Қирғизистонда кўпчилик норозилик изҳор қилди. Айримлар имомни аёлларни ҳақорат қилишда ва камситишда айблаб, жиноят ишини очишга чақиришди.

Давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси (ҚМДБ) эса имомнинг бу сўзлари ҳеч бир қонунга зид эмаслигини айтиб, унинг ёнини босди. ҚМДБ Дооловнинг сўзлари ҳеч қандай исломий қонунни бузмагани, ҳеч кимнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмагани ҳамда сиёсатга алоқадор эмаслигини хулоса қилди. ҚМДБнинг маълум қилишича, Дооловнинг маърузаси ушбу учта мезон бўйича ўрганиб чиқилган.

ҚМДБ 2020 йилда Дооловни нуфузли «Айкол» медали билан тақдирланган. Бошқарма Доолов билан суҳбат ўтказилгани, унинг нутқи кўпчилик томонидан нотўғри талқин қилинаётганини билдирди.

Бу орада қирғизистонлик икки фаол Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Бош прокуратурага расмий ариза билан мурожаат қилиб, тергов ўтказишни сўради.

Дооловнинг сўзларига кўра, 30 дақиқалик ваъзда айтилган изоҳлари танқидчилар томонидан нотўғри талқин қилинган. Ўз фикридан қайтмаган мулла одамлар «ҳамма нарсада ҳокимият ёки савдогарларни айбламаслик» учун ўзларининг ахлоқий қадриятларига бир назар солишлари кераклигини назарда тутганини таъкидлади.

«Нима учун гўштнинг (юқори) нархи ҳақида гапиришингиз ҳақида сўз кетди. Лекин аёллар яланғоч юрса, сизнинг шаънингиз ранжимайди», - деб тушунтирди Доолов. Имом аёлларни камситиш нияти бўлмаганини қўшимча қилди.

Аммо кўплаб қирғизистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари имомни аёлларга нафрат, жаҳолат ва динни нотўғри талқин қилишда айблашди.

«Қойилмақом! Энди Googleда (аёллар бошдан оёғигача ёпиниб юрадиган) баъзи араб мамлакатларидаги гўшт нархини текшириб кўрчи, назариянг у ерда ҳам ишлайдими», дейилади Интернетдан ёзилган изоҳларнинг бирида.

Қирғизистонлик бир аёл эса киноя билан «агар оғир оқибатларга олиб келишини билганимда, калта юбка киймаган бўлардим», деб ёзди. «Иқтисодий инқироз ва ёмон йўллар ортида ҳам аёллар турса керак», дея қўшимча қилди у.

Қирғизистонлик яна бир фойдаланувчи Доолов экстремистик ғояларни илгари сургани ҳамда унинг талқини хавфсизлик хизматлари томонидан текширилиши кераклиги ҳақида ёзди.

Яна бир неча киши шубҳали ғояларга эга дин арбоблари ёш авлодга ислом динини ўргатаётганидан хавотир изҳор қилди.

Доолов ижтимоий тармоқларда фаол. Instagram тармоғида унинг 124 минган ортиқ, YouTube платформасида эса 200 минга яқин обуначиси бор.

Хабарларга кўра, имом 1980 йиллар охири, 1990 йиллар бошида қўшни Тожикистондаги хусусий мадрасада таҳсил олган. Шунингдек, Доолов Қирғизистон жанубидаги Ўш давлат университетида филология бўлимида ўқиган.

Қирғиз матбуотига кўра, Доолов Қирғизистондаги камида иккита ислом мактабининг раҳбари бўлиб ишлаган. Айни дамда у Бишкекнинг Свердлов туманидаги масжидда имомлик қилади.

XS
SM
MD
LG