Қирғиз Республикаси парламенти - Жўғўрку Кенеш президент Сооронбай Жээнбековнинг бош прокурор Индира Жолдубаевани мансабидан озод қилиш тўғрисидаги тақдимномасини тасдиқлади. Қарорни ёқлаб 105 депутат овоз берди, 2 нафари қарши чиқди.
Азаттиқ радиосининг хабар қилишича, парламент олдида давлат раҳбарининг тақдимномаси бўйича маъруза қилган президент маъмурияти раҳбари Мухамедкалий Абилгазиев прокуратура ўз вазифаларини бажармаганини, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузганини айтиб ўтган.
Бундан аввал давлат раҳбари тақдимномасини Жўғўрқу Кенешнинг конституциявий қонунчилик, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ ва регламент бўйича қўмитаси тасдиқлаган эди. Унга қадар эса «Ата Мекен» ва «Республика – Ата Журт» фракциялари бош прокурор ҳисоботини қониқарсиз дея топган эди.
Парламент депутати Жанар Акаев мажлисда баёнот бериб мансабларидан озод қилинган бош прокурор ва МХДҚ раиси “сиёсий буюртмалар” учун жавобгарлика тортилиши кераклигини айтган эди.
«Қирғиз амалдори учун энг катта жазо -бу унинг истеъфосидир. Биз буни тушундик. МХДҚ раиси, бош прокурор инсонлар тақдири билан ўйнашдилар ва бу ерда [парламентда] такаббурона ўтиришди, бизга қарши бўлишди. Нима учун биз уларни энг катта сифатида истеъфога чиқариш билан чекланиб қолишимиз керак? Бунақа бўлиши керак эмас. Улар инсонлар тақдири ва сиёсий буюртмалар учун жавоб бериши керак. Биз уларни жавобгарликка тортишимиз керак, токи МХДҚнинг янги раиси ва бош прокурор сиёсий буюртмаларни бажармасинлар», - деди Акаев.
Индира Жолдубаева бу мансабга 2015 йилнинг январида ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаев тавсиясига кўра парламентдаги кўпчилик овоз билан тайинланган эди. Бош прокурор лавозимига ҳеч кимга яхши таниш бўлмаган, жамоатчилик танимайдиган инсонинг тайинланиши кўплаб танқидларга сабаб бўлган эди. Шу билан бирга унинг бош прокурорлиги вақтида айрим мухолифат вакилларига, депутат ва сиёсатчиларга нисбатан жиноий иш қўзатилди, улардан айримлари қамоққа ташланди.