Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:22

“Қизалоғимизни сотишга мажбур бўлдик”: Афғонистонда ялпи очарчилик


Шошилинч чоралар кўрилмаса, миллионлаб афғонлар оч қолади, дея огоҳлантирмоқда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури. Унинг маълумотига кўра, қарийб 22.5 миллион киши (Афғонистон аҳолисининг ярми) аллақачон озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига дуч келган, шундан 3.2 миллион нафари болалардир.

Би-би-си мухбирлари Ҳирот шаҳри яқинида бошқа болаларини боқиш учун чақалоқ қизини сотган серфарзанд оилани топишди.

“Уйимизда на ун, на мой бор. Шундай қилишга мажбур бўлдик”, дейди болаларнинг отаси.

Би-би-си хабарига кўра, қизалоқни 500 долларга сотганлар. Бу пулга оила бир неча ой яшаши мумкин. Чақалоқ юришни ўргангач, уни харидорга топширишади. У қизчани вояга етказиб, ўз ўғлига никоҳлаб қўйишга ваъда берган. Аммо бу ваъда бажарилишига кафолат йўқ.

Би-би-си мухбирлари айтишича, очарчилик туфайли шунчаликка борган ягона афғон оиласи эмас бу. “Мамлакат дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бирини бошидан кечирмоқда. Вазият ҳалокатли нуқтага яқинлашиб қолди”, дейди Озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.

Августда, чет мамлакатлар қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг ҳокимиятни Толибон радикал исломий ҳаракати эгаллаб олди. Унинг ҳукумати ҳануз дунёнинг ҳеч бир мамлакати томонидан расман тан олинмаган.

Бу Афғонистон халқини илгари Европа мамлакатлари, шунингдек, Жаҳон банки ва Халқаро валюта фонди кўрсатиб келган иқтисодий ёрдамдан тўсиб қўйди. Хорижий давлатларнинг кўмаги Афғонистон ялпи ички маҳсулотининг 40 фоизини ташкил қиларди.

Оқибатда мамлакатда озиқ-овқат ва дори-дармон инқирози чуқурлашди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошди. Бундан ташқари, Афғонистонда сўнгги тўрт йилда иккинчи марта кучли қурғоқчилик рўй берди. Ушбу омиллар манзарасида, БМТ маълумотига кўра, ҳар куни тўйиб овқатланаётган афғон оилалари атиги беш фоизни ташкил этмоқда.

Сентябрь ойида Женевадаги конференцияда халқаро ҳамжамият афғон халқига мадад бериш учун бир миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратиш мажбуриятини олди. Бу пулларнинг учдан бир қисми Жаҳон озиқ-овқат дастурини амалга оширишга сарфланиши кўзда тутилган. Бироқ Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти ҳозирча ажратилган маблағнинг арзимаган қисмини олганини ва бу жуда озлигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG