Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Қизилсув сув омбори тўсиқлари очилиши оқибатида сувга қўшилиб миллионлаб майда балиқлар оқиб чиққани ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.
ЎзА вазиятга ойдинлик киритишича, Қизилсув (халқ тилида Нўғайли) сув омбори тиклаш-таъмирлаш мақсадида қуритилган.
“Сув омбори 9 миллион метр куб сув ҳажмига эга, ҳозирги пайтда 5 миллион 800 метр куб фойдали ҳажми бор. Сувни очишимизга сабаб қурилгандан буён тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилмаган эди. Авария эшиги, санитар қувурларида таъмирлаш ишларини олиб бориш керак эди. Чунки уларнинг йиллар ўтиб емирилиши оқибатида сув сизиш ҳолатлари кузатилаётганди. Сувни тўлиқ қуритмасдан эса бу ишларни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун хабарнома асосида сувни чиқарганмиз. Қизилсув сув омборидан чиққан сув Яккабоғ гидроузели орқали Чимқурғон сув омборига ташланган. Сув шунчаки оқизиб юборилгани йўқ”, деган Қизилсув сув омбори бошлиғи Тошкент Сиддиқов.
Қурилиши 1980 йилда бошланиб, 1991 йилда фойдаланишга топширилган ушбу гидроиншоот асосан Турнабулоқ дарёсидан тўйинади. Йиғилган сув Яккабоғ гидроузели орқали қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга йўналтирилади.
Тошкент Сиддиқовнинг таъкидича, таъмирлаш ишлари сув энг кам келадиган маҳалда ўтказилмоқда ва тиклаш-таъмирлаш ишлари узоғи билан тўрт кунда тамомланади.
Иншоот вақтида таъмирланмаса келгусида фожиали ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини айтган сув омбори бошлиғи миллионлаб балиқлар оқиб кетгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермаган.