Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Қўшнилар қўллови билан Қирғизистон Қамбарота-1 ГЭСини қура оладими?


 Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қамбарота-1 лойиҳасига 2022 йил июнида старт берган эди. 8 июнь, 2022
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қамбарота-1 лойиҳасига 2022 йил июнида старт берган эди. 8 июнь, 2022

Бундан ўн йил аввал Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг қўшни Қирғизистон билан биргаликда улкан тўғон қуриш лойиҳаси бўйича келишиб олишини тасаввур қилиш қийин эди.

Ўтган ҳафта бу уч мамлакат Норин дарёсида ГЭС билан тўғон қуриш бўйича йўл харитасини имзолади. Бу ҳолат энергия ва сув тақчиллиги Марказий Осиё давлатларини бирлаштира олишини кўрсатади.

3 миллиард долларга баҳоланаётган лойиҳа доирасида қурилиш ишлари 2024 йилда бошланиши кўзда тутилган. Аммо уч қўшни мамлакат тўрт йилда якунлашни режалаштираётган лойиҳа қандай молиялаштирилиши ҳақида жиддий саволлар бор. Бошида лойиҳага Россия бош-қош бўлиши кўзда тутилган эди.

Қуввати 1 900 мегаваттга яқин бўладиган Қамбарота-1 ГЭС Жалолобод вилоятида қурилади.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда истиқомат қилувчи иқтисодчи эксперт Азамат Акенеев лойиҳани «сиёсий» дея баҳолади.

«Шундай экан, қўшни давлатлар иштирок этаётгани у чиндан амалга ошишига умид уйғотади», — деди у.

Норин дарёсида улкан ГЭС қуриш ғояси совет даврига бориб тақалади. 2008 йилда Бишкек лойиҳани жонлантириш учун айнан Москвага мурожаат қилганди.

Аммо ишлар режадагидек кетмади.

Россия томонидан лойиҳа учун ажратилган 300 миллион долларлик имтиёзли кредитнинг бир қисми ғойиб бўлди. Ўшанда Россия матбуоти бу ҳолатда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги президенти Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевни айблаганди.

2010 йилда Бакиевлар оиласи ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг, Қирғизистон ва Россия ўртасида Норин дарёсида тўғон ҳамда яна бир қанча кичик гидроэнергетика иншоотларини қуриш бўйича янги келишув имзоланди.

Аммо 2016 йилга келиб Қирғизистон Россия ҳукуматига алоқадор икки компания билан шартномаларни бекор қилди. «Интер РАО» Қамбарота-1 лойиҳасини амалга ошириши, «Русгидро» эса кичикроқ ГЭСлар қуриши кўзда тутилган эди.

Ўша пайтдаги давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев лойиҳа тўхтаб қолишига «объектив сабаблар» борлигини айтганди. Бундан бир йил олдин Россия Қримни аннексия қилгани учун санкцияларга йўлиққан, глобал миқёсда нефть нархлари тушиб кетган эди.

«Бу узоқ вақт давом этади... Қирғизистон мазкур келишувлардан чиқиб, янги инвесторлар топиши керак», — деганди ўшанда Атамбаев.

Баъзи экспертлар Россия лойиҳани якунлашга бошидан тўлиқ қизиқмаганини тахмин қилишади.

Уларнинг фикрича, Москванинг асосий мақсади Кремль билан муносабатлари совуқлашган ва дарёнинг юқори оқимида мега-тўғонлар қурилишига кескин қаршилик кўрсатган Ўзбекистонга таъсир кўрсатишга уринишдан иборат бўлган. Ўзбекистон тўғонлар қурилиши мамлакат қишлоқ хўжалиги секторига салбий таъсир кўрсатишини айтиб, лойиҳага қарши чиқиб келаётган эди.

Ўша йили Ўзбекистоннинг қаттиққўл биринчи президенти Ислом Каримов вафот этди. Каримов ўлими ортидан Тошкентнинг қўшнилари билан муносабатларида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси катта академиги Равшан Назаров таъкидлаганидек, эндиликда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан сув-энергетика соҳасида ҳамкорликни яхшилаш Тошкентнинг миллий ривожланиш стратегиясида муҳим ўрин тутади.

Назаров Озодлик билан суҳбатда Тошкент Норин дарёсида сув ҳажми ўзгаришидан ҳануз хавотирда бўлса-да, бугунги кунга келиб тўғон лойиҳасини таҳдид сифатида эмас, барқарорлик манбаи сифатида кўраётганини айтди. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг энергияга бўлган эҳтиёжи тобора ортиб бормоқда.

Қирғизистонлик энергетика бўйича эксперт Расул Умбеталиев Озодлик радиоси қирғиз хизматига шу ҳафта берган интервьюсида:

«Агар Қозоғистон ва Ўзбекистон [тузиладиган компаниянинг] 66 фоизига эгалик қиладиган бўлса, бу икки давлат бизнинг сув ресурсларимизни бошқаради. Бу миллий манфаатларга зид», — дея нолиди.

Бу йил Қамбарота-1 Марказий ишлаб чиқариши мумкин бўлган қўшимча энергияга эҳтиёж катта эканлиги ошкор бўлди.

Лойиҳага қўл ураётган уч мамлакат Совет Иттифоқидан қолган ягона энергия тармоғи орқали боғланган. 2022 йилнинг бошида электр тармоғидаги муаммо туфайли бир вақтнинг ўзида учала мамлакатда ҳам узилишлар содир бўлди.

Бу йилги қишки мавсумда эса ҳаво кескин совиши ортидан минтақада йирик муаммолар юзага келди. Ўзбекистондаги уйлар зулматга чўмилди, совуқ ва электр қуввати етишмаётган заводлар ходимларни ишдан бўшатишга мажбур бўлди.

Ҳозир Қамбарота-1 лойиҳаси олдида турган яна бир йирик муаммо ушбу мамлакатларнинг барчасига тааллуқлидир. Минтақада коммунистик даврдан бери электр энергияси субсидияланиб келади. Шунинг учун мазкур соҳага сармоя киритиш даромад олиб келмайди. Ҳозирги кунда нархларни ошириш сиёсий беқарорликни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолат катта муаммо бўлиши мумкин, чунки бошида ишлаб чиқариладиган энергия учун ушбу уч мамлакат асосий бозор бўлади. Шундай бўлса-да, келажакда Жанубий Осиё мамлакатларига энергия экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

«Иқтисодий нуқтаи назардан, ҳеч нарса ўзгармаган», — деди иқтисодчи эксперт Акенеев.

Қирғизистон Қамбарота-1 жойлашган вилоятда кўприклар ва туннеллар қуриш учун 1,5 миллиард сўм (17,5 доллар) ажратди. Мамлакат бу билан ГЭС қуриш нияти жиддий эканини кўрсатмоқчи бўлди.

Мазкур инфратузилма лойиҳалари ёз ойларидан йўлга қўйилди.

Ноябрь ойида Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Сабирбек Султанбеков EDF француз давлат энергетика компанияси лойиҳага қизиқиш билдирганини даъво қилди, бироқ тўлиқ маълумот бермади.

Октябрь ойида Бишкекда бўлиб ўтган иқтисодий форумда Қирғизистон бош вазири ўринбосари Адилбек Қасималиев Жаҳон банкини «Қамбарота-1» лойиҳасини қўллашга чорлаганди.

«Қирғизистон Жаҳон банкини ушбу лойиҳаларда иштирок этишга расман таклиф қилади», — деган эди ўшанда Қасималиев.

Озодлик радиоси Жаҳон банкига изоҳ сўраб қилган мурожаатига жавоб олмади. Банк 2020 йил ҳозирлаган ҳисоботда Қирғизистоннинг энергетика секторига хусусий сармоя киритилишига тўсқинлик қилаётган омиллар орасида «электр энергиясининг доимий равишда паст нархда сотилиши» ҳамда тариф сиёсатидаги ўзгаришлардаги «чекинишлар» қайд этилган эди.

Economist.kz сайти асосчиси, олмаоталик иқтисодчи Қасимхан Қаппаровнинг сўзларига кўра, сармоя жалб қилиш уринишлари самараси ГЭСни яшил энергия лойиҳаси сифатида тақдим этишга боғлиқ бўлишини айтди.

«Бу, эҳтимол, ушбу уч давлат ташқи ҳамкорисиз йирик интеграция лойиҳаси бўйича ташаббус кўрсатган биринчи ҳолат», — деди Қаппаров.

«Эҳтимол, Қозоғистон ва Ўзбекистон нияти жиддийлигини кўрсатиш учун 20 миллиондан 30 миллион долларгача уруғ сармояларини киритади. Бунинг ортидан халқаро ташкилотлардан йирикроқ сармоя жалб қилишларига тўғри келади», — дея қўшимча қилди у.

Форум

XS
SM
MD
LG