Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Европа Иттифоқи Украина можароси ва қочқинлардан "чарчади"ми?


Украина байроғига ўранган қочқинлар Польшага етиб келмоқда.
Украина байроғига ўранган қочқинлар Польшага етиб келмоқда.

Европа Иккинчи Жаҳон урушидан бери энг йирик қочқинлар оқимига дуч келди. Россия Украинага бостириб кирганидан бери 6 миллиондан ортиқ одам – асосан аёллар, болалар ва қариялар Европанинг турли давлатларига кўчиб ўтди.

Брюссель Украинага ёрдам давом этишини айтаётган бўлса-да, сиёсатчилар ва Евроиттифоқ аҳолиси “Украина можаросидан чарчагани” ҳақида гапира бошлади. Уларнинг аксарияти CОVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодий тикланишнинг сустлиги шароитида қийналаётганини айтмоқда.

Украинани қўллаб-қувватлаш тобора сусайиб бораётганидан хавотирлар кучайди. Киев ўзининг қарши ҳужумида боши берк кўчага кириб қолди.

Бироқ, кўплаб экспертлар “Украина инқирозидан безиш" ҳақидаги хабарларга скептик қарайди ва буни Россия дезинформацияси сифатида кўрмоқда.

Қочқинлар инқирози

БМТ қочқинлар агентлиги маълумотларига кўра, 21 ноябрь ҳолатига кўра, 2022 йил февралидан бери 6,3 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этган. Биргина Европа 5,9 миллион украиналик қочқинни қабул қилган.

Европа Иттифоқи Россия босқинидан 10 кун ўтиб, украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тўғрисида қонунни қабул қилди ҳамда 2001 йилда қабул қилинган Вақтинчалик Ҳимоя Директивини илк бор ишга туширди. Ушбу тизим бўйича украиналик қочқинлар рўйхатдан ўтиш учун фақат шахсий гувоҳнома ёки паспортни кўрсатиши етарли бўлади. Кузда Европа Иттифоқи ички ишлар вазирлари 2024 йил мартда тугайдиган енгиллаштирилган тартибни яна бир йилга узайтирди.

Эвакуация қилинганлар 2022 йил 7 март куни.
Эвакуация қилинганлар 2022 йил 7 март куни.

Россиянинг кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери ҳозирда 6 миллиондан ортиқ одам Украинани тарк этган.

Сўнгги ўн йил ичида миграция масаласи ЕИда мунозарали ва бўлинувчи масалага айланди. Бу 2016 йилдаги Брехит референдумининг ҳал қилувчи омили бўлди, натижада Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқиб кетди ва Европа сиёсий ўнг қанотининг яшаришига сабаб бўлди.

2015 йилда рекорд даражада, 1,3 миллион одам қуруқлик ва денгиз орқали хавфли йўлларни босиб ўтиб Европага кирган ва бошпана сўраган. Европага келган қочқинларнинг аксарияти Суриядаги фуқаролар уруши ва «ИШИД» экстремистик гуруҳидан қочганлар. Қочқинларни қабул қилиш борасида Европа Иттифоқи 2 қутбга бўлинди: блокнинг баъзи давлатлари қочқинларни қабул қилиш блокнинг маънавий бурчи эканлигини билдирди, бошқалар эса аксинча ўз чегараларини ёпишни афзал кўрди.

Ҳатто барча қийинчилик ва ноаниқликларга қарамай, украиналиклар бошқа қочқин гуруҳлари билан солиштирганда яхши мослашяпти, дейди Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича ҳукуматлараро ташкилот (ОECD) халқаро миграция бўлими раҳбари Жан-Кристоф Дюмонт.

Март ойидаги статистик маълумотларга кўра, аллақачон мустаҳкам украин ҳамжамиятига эга бўлган Полшада қўшни Украинадан келган қочқинларнинг 71 фоизи иш топиб улгурган. Германияда иш билан бандлик даражаси пастроқ бўлган, июнь ойида сўровда қатнашган қочқинларнинг фақат 24 фоизи иш топганини билдирган.

"Украиналикларнинг иш билан бандлик кўрсаткичлари ажойиб, уларнинг аксарияти бир йил олдин келган. Бунинг сабаблари кўп. Масалан, биринчи кундан бошлаб уларга меҳнат бозорига кириш имкони берилди; қолаверса уларнинг кўпи юқори малакали. Ишчи кучининг танқислиги ва улар таяниши мумкин бўлган украин жамоаларининг мавжудлиги ҳам асосий омиллардан ҳисобланади” дейди Дюмонт.

2022 йилги босқиндан кейинги дастлабки ойларда Полша бошқа мамлакатларга қараганда кўпроқ украиналик қочқинларни қабул қилди. Яқинлик, ташкил этилган муҳожирлар жамоаларининг мавжудлиги, тил ва маданият ўхшашлиги Полшани украиналиклар учун энг мақбул манзилга айлантирди. Ҳозир эса кўплаб қочқинлар Германияни танламоқда.

Европа Иттифоқи статистик маълумотларига кўра, центябр ойи охирида Германияда деярли 1,2 миллион украиналик рўйхатга олинган, Полшада бу кўрсаткич 958 мингга яқин.

Нега Германия? Варшава университети қошидаги Европа маркази билан тадқиқот олиб борган Полшада жойлашган бандлик агентлиги ЭWЛнинг яқинда эълон қилган ҳисоботида украиналиклар полшаликларга қараганда немис жамиятига яхшироқ интеграциялашган деган хулосага келди.

Ҳисоботга кўра, бунда Германияда янги ўрнашган украин жамияти асосий омил бўлган. Улар янги келган дўстлари ва танишларига мослашишда кўмак бериб келмоқда.

Германия юқори иш ҳақи, мажбурий тил курслари, қочқинлар учун имтиёзлар ва сифатли соғлиқни сақлаш тизими билан жозибали кўринади.

Украиналиклар янги давлатда муваффақиятли мослаша олган бўлсада, иқтисоднинг қисқариши ўсиб бораётган инфляция ва иқтисодий турғунлик, коронавирус пандемиясининг узоқ давом этаётган оқибатлари билан курашаётган Европа Иттифоқи бўйлаб намоён бўла бошлади.

Украиналик қочқин Кишинёвда ўғли билан Германияга кетаётган автобусни кутмоқда. 2022 йил 13 апрель.
Украиналик қочқин Кишинёвда ўғли билан Германияга кетаётган автобусни кутмоқда. 2022 йил 13 апрель.

Инфляция рекорд даражага етган ва 27 миллиондан ортиқ ишсиз мавжуд Европа Иттифоқида мигрантлар учун имтиёзлар, уй-жой ва янги иш ўринлари билан таъминлаш тобора қийинлашиб бормоқда. Европа Иттифоқининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида украиналик қочқинларга нисбатан «бирдамликнинг сусайиши» блокдаги иқтисодий тушкунликнинг натижаси эканлиги айтилади.

Европа Комиссиясининг Украина бўйича маслаҳатчиси Лодевейк Асшер шундай ёзади:

«Яшаш нархининг ошиши мезбон жамиятлардаги кам ва ўрта даромадли оилаларни қамраб олди.»

Биргина Берлинда шу йилнинг ўзида бошпана сўраб мурожаат қилган 10 мингдан ортиқ муҳожир учун бошпана етарли эмас. «Ҳозирда вазият унчалик яхши эмас», деди Берлиндаги қочқинлар бўйича давлат идораси матбуот котиби Саша Лангенбах сентябрь ойи охирида АПга берган интервьюсида.

«Бу биз ўтган йил кутганимиздан анча юқори». Йил охиригача Берлин қабул қилган 11 минг украиналик қочқиндан ташқари яна 5500 муҳожирни қабул қилишни кутмоқда.

Германиянинг бошқа шаҳарлари ҳам қочқинларни пул ва уй-жой билан таъминлашда қийналмоқда. Жорий йилнинг январь ва август ойларида Германиядан бошпана сўраб 220 мингдан ортиқ одам мурожаат қилган, уларнинг аксарияти Сурия, Афғонистон, Туркия, Молдова ва Грузиядан, бир йил аввал эса 240 мингга яқин одам мурожаат қилган. Бироқ, бу рақам 2015-16 йиллар оралиғида Германияга келган 1 миллион қочқин билан солиштирганда паст кўрсаткич.

Европа Иттифоқидаги иқтисодий вазият аъзо давлатларни украиналик қочқинлар учун ажратадиган давлат маблағларини қисқартиришга олиб келди. Рейтерс Германия Молия вазирлиги расмийсидан иқтибос келтирган ҳолда Берлин келаси йили қочқинларни қабул қилиш ва интеграция қилиш билан боғлиқ федерал харажатларни икки баравар камайтиришни режалаштираётганини ёзди.

Муҳожирлар учун Германиядан кўпроқ пул сарфлаган ягона мамлакат Полша бўлиб турибди. Полша таълим, соғлиқни сақлаш ва оилавий имтиёзлардан бепул фойдаланиш учун 15,4 миллиард евро (16,6 миллиард доллар) ажратган.

Аммо Германия сингари, Полша ҳам келаси йили украиналик қочқинлар учун харажатларни қисқартириши мумкинлигини эълон қилди. Полша ҳукумати матбуот котиби Пётр Мюллер қочқинларга ёрдам 2024 йилгача узайтирилмаслиги ва камида ҳозирги даражада сақланиб қолиши мумкинлигини айтди.

«Қонун ва адолат» партиясидан сайланган Полшанинг янги бош вазири Доналд Туск билан вазият ўзгариши мумкин. Туск парламентга мурожаатида «Ғарб дунёсидан Украинага бу урушда тўлиқ ёрдам беришни қатъий талаб қилишини» айтди.

Украиналик қочқинлар Прагада рухсатнома учун навбатда турибди. 2022 йил 2 март.
Украиналик қочқинлар Прагада рухсатнома учун навбатда турибди. 2022 йил 2 март.

Чехия украиналик қочқинларга 3,9 миллиард евро сарфлади.

2022 йил июнь ойида чех парламенти янги келганлар учун ижтимоий нафақаларни қисқартирди Июль ойида эса Чехиядаги украиналик қочқинлар учун уй-жой имтиёзлари кескин қисқартирилди.

Ажабланарлиси шундаки, қочқинларга ёрдамнинг қисқариши Европа Иттифоқига келаётган украиналиклар сони сезиларли камайиши билан бир вақтда юзага келмоқда, дейди ОECD вакили Дюмон.

Евростат томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларида ойлик вақтинчалик ҳимоя грантлари 2022 йил июль ва центябр ойлари орасида 200,000 дан 2023 йилнинг худди шу даври учун 80,000 гача камайган.

«Сўнгги 12 ойда Украинадан Европага миграция оқими нолга яқин бўлди. Демак, украиналикларнинг катта гуруҳларини қўллаб-қувватлаш зарурати актуаллигини йўқотди », дейди Дюмонт.

Украиналиклар Европада янги ҳаётга мослашаётган бир пайтда, кўпчилик қочқинлар бошидан кечирадиган экзистенциал муаммо билан курашмоқда: уйга қайтиш истаги.

Урушнинг охири кўринмаса ҳам, кўплаб қочқинлар қачондир Украинага қайтишларига қатъий ишонмоқда.

БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг яқинда ўтказган сўрови шуни кўрсатдики, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва ЕИга номзод Молдовадаги қочқинларнинг 67 фоизи Украинага қайтишга умид қилмоқда, улардан 14 фоизи кейинги уч ой ичида қайтишни режалаштирмоқда.

Украиналик қочқинлар Молдова билан чегарадаги Маякий-Удобне чегара пунктида.
Украиналик қочқинлар Молдова билан чегарадаги Маякий-Удобне чегара пунктида.

"Бизнинг 2021 йилги тадқиқотимиз шуни кўрсатдики, 1980 йилдан бери дунё бўйлаб барча қочқинларнинг атиги учдан бир қисми ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин ўн йил ўтиб ўз ватанларига қайтган. Украинага қайтиш даражаси ҳам паст бўлиши мумкин дейди АҚШда жойлашган РЭНД институти таҳлилчилари

Европа Иттифоқи бўйлаб жамоатчилик фикрини кузатувчи Эвробарометер томонидан яқинда ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, европаликларнинг 86 фоизи урушдан жабр кўрган одамларга гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишни маъқуллайди; 77 фоизи урушдан қочганларни кутиб олишга тайёр; 71 фоизи эса Россияга қарши иқтисодий санкцияларни қўллаб-қувватлайди.

Кремль дезинформацияси

Европа Иттифоқи расмийлари Кремлни Иттифоқ ичида, хусусан, ижтимоий тармоқларда Украинага қарши кайфиятни авж олдирганликда айблади.

«Россия дезинформацияси Европа Иттифоқига аъзо давлатлардаги жамоатчилик кайфиятида шубҳалар, чалкашликлар, норозиликларни уйғотиш ва маҳаллий ҳокимиятларга ишончни йўқотиш ҳаракат қилмоқда», деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар бўйича вакили Питер Стано.

Мазакнинг сўзларига кўра, украиналик қочқинларга ҳар қандай ёрдам кўрсатишга қарши бўлган 40 фоиздан «тахминан 15 фоизи» россияпараст қарашларга эга. «Улар урушни НАТО қўзғатмоқда ва Россия шунчаки жавоб қайтармоқда. Украина эса душман” деб ҳисоблайди.»,

Россиянинг дунё бўйлаб дипломатик ваколатхоналари ўша мамлакатларидаги ижтимоий тармоқларни ёлғон хабарлар билан тўлдирмоқда, дея қўшимча қилди у.

«Украинага кенг миқёсли босқин бошланганидан бери Россия ва кремлпараст инсонлар Украинадан келган қочқинларга қарши кўплаб ёлғон ва чалғитувчи маълумотларни тарқатишмоқда», деди Стратегик мулоқот институте таҳлилчиси Юлия Смирнова.

Институт Телеграмда қочқинлар ҳақидаги рус тилидаги баҳс-мунозараларни кўриб чиқди ва дезинформациялар мақсадли гуруҳга қараб фарқланишини аниқлади.

Кремль россияликлар орасида украиналик қочқинлар мамлакатни бошқараётган «нацистлар»дан қочиб кетмоқда, дея маълумот тарқатган бўлса, европалик ва россиялик бўлмаган қатлам орасида қочқинлар хавфли, ношукур, зўравонлик ва жиноятга мойил экани ҳақида дезинформация тарқатилган дейди Смирнова.

Форум

XS
SM
MD
LG