Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:30

Қўқон фестивалига ҳозирлик: минглаб фарғоналик текин меҳнатга мажбурланмоқда


Қўқон марказидаги бу ишларни қилаëтганлар қурувчилар эмас¸ балки ўз ишини қўйиб¸ текин мардикорлик қилишга мажбурланган давлат хизматчилари экани айтилмоқда.
Қўқон марказидаги бу ишларни қилаëтганлар қурувчилар эмас¸ балки ўз ишини қўйиб¸ текин мардикорлик қилишга мажбурланган давлат хизматчилари экани айтилмоқда.

Озодликка бир-биридан мустақил хабар йўллаган фарғоналикларнинг айтишича¸ Қўқонда ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайëргарлик ишларига бюджет ташкилотлари ходимларидан тортиб то ўқувчи қизларгача мажбуран жалб этилмоқда.

Бир ойдан бери тўхтовсиз бораëтган бу ҳозирлик ишлари¸ айниқса¸ шу кунларда қизғин тусга кирган. Ишдан ҳайдалиш таҳдиди билан Қўқонга юборилаëтган юзлаб олий маълумотли иқтисодчи ва молиячи¸ банкир ва юрист фестиваль ўтадиган ҳудуддаги бинолар фасадини бўямоқда¸ сувсиз кўчаларга гул экмоқда¸ кўча тозаламоқда.

1000 нафарга яқин талаба ва ўқувчи қиз эса¸ президент ва хорижлик меҳмонларга тақдим этиладиган концерт-томошасида фон бўлиш учун жазирамада таътилга чиқарилмасдан бир ойдан бери массовкага қатнамоқда.

Озодлик боғланган Қўқон ҳокимлиги расмийси¸ 10 сентябрь куни бошланадиган фестивалга тайëргарликнинг тўхтовсиз давом этаëтганини билдирди¸ айни пайтда фарғоналикларнинг бу жараëнда кўнгилли равишда қатнашаëтганини иддао қилди.

Банкир ва юрист Қўқондаги уй ва дўконлар фасадини бўямоқда

Озодлик гаплашган фарғоналиклар ўзларининг Молия бошқармаси¸ Пенсия жамғармаси ва банк ходими эканини айтди.

Ишдан ҳайдалиш таҳдиди боис шахсини очиқламаган бу хабарчилар¸ давлат идораларида ишловчиларнинг¸ ҳатто¸ Мустақиллик байрами кунлари ҳам Қўқондаги “ободонлаштириш” ишига мажбурланганини билдирди:

1 сентябрь халқимизнинг, юртимизнинг энг буюк байрами бўлишига қарамай, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги барча идора ва ташкилот ходимларини Қўқон шаҳрида мажбурий меҳнатга жалб этди. Қўқон "Халқаро хунармандлар фестивалига" тайёр бўлмаганлиги сабабли, барча туманлардаги Ободонлаштириш, Йўл қурилиш, Банк, Молия, Қурилиш ташкилотлари, Солиқчилар ва мактабларни олиб келиб 1 сентябрдан 4 гача туну кун шу ерда ишлашни топширди. Биз қачон дам оламиз, шундай улуғ байрамда хам қора меҳнат қилсак, оила даврасида дам олмасак, бу ахир қандай замон бўлди! Президентнинг мажбурий меҳнатни йўқ қилиш хақидаги гаплари шунчаки баландпарвоз гаплар холосми, ёки Ғаниев президентни менсимайдими?

Бу биноларни таъмир қилаëтганларнинг ҳам қурувчи-уста эмас¸ балки бюджет ташкилотларидан мажбуран олиб чиқилган бошқа касб эгалари экани айтилмоқда.
Бу биноларни таъмир қилаëтганларнинг ҳам қурувчи-уста эмас¸ балки бюджет ташкилотларидан мажбуран олиб чиқилган бошқа касб эгалари экани айтилмоқда.

Пенсия жамғармасининг вилоят туманларидан биридаги ходими ¸ ўзи ва ҳамкасбларининг асосий ишини қўйиб¸ бир ойдан бери 30-40 километрга текин “мардикорлик”ка юборилаëтганини айтди:

Бошлиқ буни туман ҳокими буюрди деса¸ туман ҳокими буйруқни вилоят ҳокими Ғаниев берганини айтган. Ҳар бир ташкилотга фалонча одам юборасан¸ деб топшириқ берилган. Ҳар бир туманга эса¸ Қўқоннинг фестиваль ўтказиладиган¸ меҳмонлар кўзи тушадиган кўча ва майдонларини бўяш¸ тозалаш¸ гул экиш учун алоҳида майдон бўлиб берилган. Олий маълумотли банкир¸ ҳуқуқшунос ва молиячилар бировларнинг уйини бўядик¸ сув йўқ ерларга кўчат ўтқазиб чиқдик. Энг қизиғи¸ бу ҳудудлардан бир неча метр ичкарига ўтсангиз¸ ҳамма ëқ дабдала”.

Маҳаллаларга ҳам "жон солиғи" солинди

Озодликка хабар йўллаган яна бир фарғоналикка кўра¸ бутун Фарғона бўйлаб маҳалла раисларига ўз ҳудудида яшовчи аëллардан кунига камида учтасини Қўқонга юбориш ҳақида оғзаки буйруқ берилган:

Маҳалла раислари эса яна бориб кам таъминланган оилалардаги аëлларга босим қилаяпти. Бундайларга нафақа бериш ҳар 6 ойда қайта кўриб чиқилади ва раис Қўқонга кўча-кўйларни тозалашга одам бермаган оилаларни¸ ëрдамнинг узилишини айтиб¸ қўрқитаяпти. Ҳар йили пахта мавсумида бошланарди бунақа босимлар. Бу йил пахтадан олдин фестивали чиқти. Боласига маҳалладан ëрдам олаëтган аëлларни ҳар кун ҳокимлик биноси олдида тўплаб¸ автобусга солиб¸ Қўқонга жўнатишаяпти. Улар бориб¸ ремонтдан кейинги қора ишлар¸ кўча ва ариқларни тозалаяпти. Бу ишлар учун уларга на пул¸ на овқат берилмаяпти¸ албатта”.

Талаба қизлар бир ойдан бери “фон”да

Озодликка Қўқон педагогика институти талаба қизлари номидан юборилган хабарда ëзги таътилда уйга кетишга рухсат берилмагани¸ бунинг ўрнига президент ва фестиваль меҳмонларига атаб ҳозирланаëтган шоу-томошада қатнашиш буюрилгани айтилади.

Қўқонда 10-15 сентябрь кунлари ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивали очилиш маросими учун тайёргарликка жалб этилганмиз. Бизга қулдан ҳам баттар муносабатда бўлишмоқда, чунки қулларга ҳам сув, нон беришган. Бизга эса бир қултум сувни ҳам раво кўришгани йўқ. Ҳамма харажатларни ўз ҳисобимиздан қилмоқдамиз! Фақат ётоқхона беришди, холос. На кундалик харажатларимиз учун, на озиқ-овқатимиз учун бир чақа ҳам беришгани йўқ! Йўлкира ва кундалик харажатларни тўлиқ қоплаймиз, 3 маҳал овқат берамиз, дея қоп-қоп ваъдалар беришган эди. Ректоримиз салқингина жойда чойни ичиб тайёргарликни томоша қилиб ўтирибди. Биз эса қуёш тиғида-жазирамада қовурилмоқдамиз! Бунинг устига Тошкентдан келган режиссёр бизга жуда қўпол муносабатда бўлмоқда, оғзи шалоқ, элементар этика қоидаларини ҳам билмайди. Халқаро ҳамжамиятга яхши кўриниш учун биз талаба қизларни шунчалик хўрлаш шартми”¸ дейилади талаба қизлар мурожаатида.

Озодлик суҳбатлашган айни институт талабаларидан бири 5 сентябрь куни 1000 нафарга яқин талаба ва ўқувчи қизнинг фестиваль шоу дастурига¸ асосан¸ фон учун жалб қилингани ва бир ойдан бери Худоëрхон саройи олдида ҳар кун репетиция бўлаëтганини айтди.

Бу талаба қиз¸ таътилдан қолиб¸ шоуда қатнашганларга бир ойлик стипендия ваъда қилингани ва ҳозиргача берилмаганини эътироф қилди. Айни пайтда¸ талаба қизларга уч маҳал овқат берилаëтгани ва шахсан ўзининг эътирози йўқлигини билдирди.

Озодлик шу кунларда Қўқон фестивалига ҳозирлик жараëнида маъмурий босим остида мажбурий текин меҳнатнинг кучайиб кетганига оид маълумотларга изоҳ беришни сўраб ҳам Қўқон шаҳар¸ ҳам Фарғона вилояти ҳокимлигига мурожаат қилди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги расмийси¸ бу жараëнга масъул шахсларнинг кабинетида йўқлиги боис¸ улар билан боғланиш имкони йўқлигини билдирди.

Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси эса¸ “айни кунларда фестивалга ҳозирлик” кечаю кундуз давом этаëтгани айтиб¸ бу жараëнда мажбурийлик йўқлигини иддао қилди.

Халқаро фестиваллар даври?

Президент қарори билан 2019 йилдан бошлаб Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади.

Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов маҳаллий матбуот билан суҳбатда¸ фестивалнинг асосий тадбирлари ўтказиладиган Ўрда хиёбонининг бутунлай янгилангани¸ юзга яқин давлатдан келиши айтилаëтган меҳмонлар учун 10 янги меҳмонхона қурилгани¸ марказий кўчалардаги 110 кўп қаватли уйнинг “миллий услуб”да таъмирлангани¸ шаҳар йўлларини таъмирлаш бўйича 4 миллиард сўмлик иш қилинганини билдирган.

Мирзиëев ҳукумати мамлакатга хориж сайëҳларини жалб қилиш иддаоси билан уюштираëтган дабдабали фестиваль ва маданий тадбирлар сонини ошириб бормоқда.

Самарқандда Каримов давридан бери ўтказиб келинаëтган “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ëнига энди Сурхондарëда Халқаро бахшичилик санъати фестивали¸ Тошкентда “Вино санъати” фестивали ва Қўқонда Халқаро ҳунармандчилик фестивали қўшилди.

Давлат бюджети ва ҳомийлик ëрдамлари асосида ўтказилиши белгиланган бундай дабдабали тадбирларга тайëргарлик жараëнида минглаб давлат ишчи-хизматчисининг мажбурий меҳнатга олиб чиқилаëтгани¸ тадбиркор ва фермерларнинг бу тадбирларга пул беришга мажбурланаëтгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG