Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:06

Қўқондаги тарбияси оғир қизлар коллежида “6 ойда 10 дан ортиқ ўқувчи ўз жонига қасд қилди”


Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 2018 йил октябридан буён “бир неча ўн ўқувчи қиз ўз жонига қасд қилди”.

Бу ҳақда тилга олинган коллеждаги ишидан четлатилган ва ойлардан буён ҳуқуқлари тикланишини талаб қилиб келаётган тарбиячиларнинг Озодликка мурожаатидан маълум бўлди.

Тарбиячилар мурожаатномасига ўқувчи қизларнинг ўз жонига қасд қилганига исбот сифатида тиббий муассаса маълумотномасини илова қилди.

Коллежнинг шикоятчиларга алоқаси йўқ собиқ тиббиёт ходими шахсан ўзи гувоҳ бўлган икки суицид ҳолати ҳақида айтиб берди.

Бош прокуратура матбуот хизмати сўнгги 6 ойда Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида суицид фактлари қайд этилмаганини билдирди.

Тилга олинган коллеж директори Озодликнинг суицид ҳолатларига оид саволини эшитди ва жавоб бермай, алоқани узиб қўйди.

“15 октябрдан буён шу кунгача коллежда бир неча ўн қиз ўз жонига қасд қилганини” исм-фамилияси айтилмаслиги шарти билан иддао қилган ўқитувчилар, айтганларига далил сифатида, Қўқон шаҳар Шошилинч тиббий ёрдам шифохонасидан олинган маълумотнома фотонусхасини Озодликка тақдим этди.

Бир ойда 36 қиз учун "Тез ёрдам" чақирилди

Маълумотномада тиббиёт муассасасига 2018 йилнинг 15 октябрдан 15 ноябригача Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежидан мурожаат қилган тарбияланувчилар исм-фамилияси, қачон мурожаат қилгани ва қандай ташхис қўйилгани ёзилган.

Рўйхатга кўра, шифохонага 2000 йилдан буёғида туғилган 36 қиз мурожаат қилган.

"Тез ёрдам"га мурожаат қилган ўқувчи қизлар тўғрисида маълумот
"Тез ёрдам"га мурожаат қилган ўқувчи қизлар тўғрисида маълумот

"Тез ёрдам"га мурожаат қилган ўқувчи қизлар тўғрисида маълумот (давоми)
"Тез ёрдам"га мурожаат қилган ўқувчи қизлар тўғрисида маълумот (давоми)

Рўйхатдаги 36 қизнинг 4 нафари танасида металл игна, 2 нафарида чинни синиғи мавжудлиги,1 нафарида санчилган жароҳат борлиги, 1 қизнинг чап ёнбошида ёт жисм борлиги, 1 ўқувчининг ўнг сони кесилгани, 2 қизнинг билаги кесилгани қайд этилган.

Қолган 25 қизга мутахассис бўлмаган одам тушунмайдиган ташхислар қўйилган. Масалан, кўпчиликка “Ошқозон-ичак, ёт жисм йўқ”, деган ташхис қўйилган. Хўш, бу нима дегани? Нима учун докторлар мурожаат қилган тарбияланувчи танасида ёт жисм бор-йўқлигини аниқлашга уринган?

Бу саволлар жавобини маълумотномани берган тиббиёт муассасидан олишнинг имкони бўлмади.

Икки суицидда 4 қизга ёрдам кўрсатган тиббиёт ходимининг айтганлари

Коллежнинг собиқ тиббиёт ходими (бу ходим номи Озодликка шикоят қилганлар орасида йўқ) маълумотномада танасида игна мавжудлиги айтилган 4 қиз билан боғлиқ воқеани айтиб берди:

“Аниқ числоси эсимда йўқ. Лекин ноябрлиги аниқ. Ўшанда уч қиз коллеждан қочиб кетган. Ушлаб келиб, изоляторга ётқизиб қўйишган. Изоляторда улар қорнига тикув игнаси тиққан. Кейин скорий чақирганмиз. Мен ўзим чақирганман”.

Коллежнинг бу гапни айтган собиқ тиббиёт ходими “Озодликка мурожаат қилган тарбиячиларнинг “6 ойда бир неча ўн қиз ўз жонига қасд” қилди деган иддаосига қўшиласизми?” деган саволга “аниқ нечта қиз ўз жонига қасд қилганини айта олмайман, лекин мен шахсан устида турганим воқеани айтиб бердим”, деди ва жорий йилнинг февралида содир бўлган яна бир воқеани айтиб берди.

“Мен ишга уч кунда бир борардим. 2 февраль куни сменамга бордим. Бабушкин томондан (Қўқон яқинидаги аҳоли пункти – таҳр.) опа-сингил қизларимиз бор. Фамилияси М. (фамилияни тўлиқ айтди – таҳр.) Қизларнинг каттаси М. (исмни тўлиқ айтди – таҳр.) ойнани синдириб, томирини кесибди. Тарбиячиси менинг хонамга - медпунктга олиб кирди. Қонни тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун Тез ёрдам чақирдим. Скорий келгунича қонни тўхтатишга ҳаракат қилдим”.

Бу гапни айтган тиббиёт ходими М.М.нинг ўз жонига қасд қилганини қизнинг оиласидаги муҳитнинг ўта абгорлиги – отаси ҳам, онаси ҳам пиёниста эканлиги, опа-сингил оғир тушкунликка тушгани билан изоҳлади.

Бироқ коллежнинг ҳозирда ишсиз юрган тарбиячилари Озодликка шикоят қилар экан, суицидлар “эпидемиясини” коллежда “янги раҳбарият бошқаруви остида носоғлом муҳит вужудга келгани ҳамда тарбиячилари ишсиз қолганидан норозилик сифатида ўқувчи қизларнинг исёни” сифатида изоҳлади.

Озодлик кўрган расмий ҳужжатларда "тарбияси оғир қизлар коллежи" деб таснифланган бу муассаса ўқувчиларининг мунтазам қўриқланиши ва уларнинг телефондан фойдаланишига рухсат йўқлиги боис¸ ўқувчи қизларнинг ўзи билан боғланиш имкони бўлмади.

Суицидлар расман қайд этилмаган

Бош прокуратура матбуот хизмати Озодлик сўровига жавобан Фарғонадаги маҳаллий органлардан олинган маълумотга таяниб, сўнгги 6 ойда Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида суицид ҳолати қайд этилмаганини хабар қилди.

Ҳозирда ишсиз тарбиячилар Озодлик билан суҳбатда ўқувчи қизлар орасидаги суицид ҳолатларини коллеж раҳбарияти яширмоқда, деб иддао қилди.

2 февралда ўқувчи М.М. нинг томирини ойна синиғи билан кесганини айтиб берган тиббиёт ходими ўша кунги воқеанинг давомини айтар экан, бундай деди:

“Ўша пайтда (М.М.нинг кесилган томиридан отилаётган қонни тўхтатишга уринаётган пайтда – таҳр.) директор опа телефон қилди. “Нима учун “Тез ёрдам”ни мендан бесўроқ чақираяпсиз”, деб сўради. “Эртага коллежни Ички ишлар босиб кетади, текшир-текшир бошланади”, деди. Мен опага сизга ёмонлигим йўқ, лекин ўзим эплолмайман. “Тез ёрдам” чақирмасак, қиз ўлиб қолиши мумкин, дедим. Масъулиятни ўзимга олиб “Тез ёрдам”ни барибир чақирдим. Кейин, янги бир тарбиячи бор, ўша келди. Уям “Нега “Тез ёрдам” чақирдингиз, эртага ички ишлар босса ишдан бўшайсиз”, деб қўрқитди. Майли, бўшатса бўшатаверсин. Лекин қиз ўлиб қолса, мен жавоб бераман, дедим”.

Озодлик 4 апрель, соат 13.45 да (маҳаллий вақт) Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежи директори Қаноатхон Холматова билан телефон орқали боғланди. Умуман суицидлар ва конкрет 2 февралдаги М.М. билан боғлиқ саволни эшитгач, директор алоқани узиб қўйди.

Ўтган йилнинг октябрида бошланган текшир-текшир ва унинг оқибатлари

Озодликка шикоят қилган тарбиячилар Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида 2018 йилнинг 14 октябрь куни бошланган кенг қамровли текширувлар ортидан ишдан бўшатилган педагоглар вакилларидир.

Уларнинг иддао қилишича, ўзлари ва коллежнинг аввалги раҳбарияти уюштирилган фитна қурбони бўлган. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокатлар адолат қилинишини сўраб, ўтган йилнинг 26 ноябрида мамлакат Президентига, Бош прокуратурага, ДХХ ва бошқа идораларга ариза ёзган (нусхаси Озодликда бор).

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ​Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизлар жинсий зўрлангани юзасидан тергов бошлагани тўғрисида Озодлик 23 октябрда хабар қилган эди.

Шу кунда 247 нафар тарбияси оғир қиз ўқийдиган, 100 нафар атрофида педагог ва бошқа ишчи-хизматчилар ишлайдиган Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежининг собиқ директори, унинг ўринбосари, хўжалик бўлими мудири, қоровули ҳамда коллежга алоқаси бўлмаган бир шахс тергов изоляторида сақланаётгани, улар устидан бошланган суд жараёни давом этаётгани айтилди.

Коллеж собиқ раҳбарлари муассаса ҳудудида притон ташкил қилганликда айбланмоқда. Ҳозирча улар устидан қачон ҳукм чиқарилиши Озодликка маълум эмас.

Ўтган йил октябрида бошланган текширувлар ортидан коллежнинг 17 тарбиячиси ва 10 нафар қават тарбиячиси ишдан бўшатилган. Озодликка шикоят қилган тарбиячилар иддаосича, улар ишдан ноқонуний бўшатилган.

XS
SM
MD
LG