Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:04

Қўқон бозорларида Россияда ўтмай қолган ўрик мажбуран соттириляпти


Қўқондаги "Қўқон Музаффар савдо комлекси"дан йўллангани айтилган сурат
Қўқондаги "Қўқон Музаффар савдо комлекси"дан йўллангани айтилган сурат

Қўқон шаҳридаги "Қўқон Музаффар савдо комлекси" бозорида Россияга жўнатилмай қолган ўрик килоси 1 ярим минг сўмдан тадбиркорларга мажбуран тарқатилмоқда. Тадбиркорлар туриб қолган бу мевани аҳоли 500 сўмдан ҳам олмаётганидан нолимоқда. Расмий маълумотга кўра, шу кунда Россияга жўнатилмай қолган 200 тоннадан ошиқ ўрик шаҳар бозорлари музлатгичларида сақланмоқда.

"Қўқон Музаффар савдо комлекси" бозорида озиқ-овқат сотаётган сотувчилардан тушган шикоятга кўра, 26 июнь тонгидан бозор маъмурияти музлатгичда сақланган ўрикни мажбуран тарқата бошлаган:

- Уриниб, анча-мунча қорайиб қолган ўрикни килосига 1 минг 500 сўм берасизлар, деб 40 килограмдан тарқатиб чиқишди. Мукаммал, деган принцесса бор бозор маъмуриятида. Ҳаммани мажбурлаяпти. Россияга кетмай қолганмиш. Шаҳар бўйича жами 4 вагон ўрик, дейишди. Халқнинг 500 сўмдан ҳам олгиси келмаяпти. Бугун сотмасак, эртага умуман кетмайди. Биз зараримизга сотяпмиз ҳозир, - деди исмини ошкор қилмаётганимиз тадбиркор.

"Қўқон Музаффар савдо комлекси" масъулияти чекланган жамияти Россияга жўнатилмай қолган ўрик борлиги, 27 июндан сотувга чиқарилганини ҳам айтди. Аммо, тадбиркорларга сотиши учун мажбурлаб тарқатилаётганига оид иддаоларни инкор қилди.

Қўқон шаҳридаги бошқа бир озиқ-овқат деҳқон бозори раҳбари ҳам Қўқонда Россияга аталган ўриклар жўнатилмай қолганини тасдиқлади.

Исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимдан олинган маълумотга кўра, май ойи охирларида Қўқон шаҳридаги бозорларга боғбонлардан ўрик сотиб олиб, Россияга жўнатиш учун ҳозирлаш сўралган:

"Ҳамма бозорга 30-50 тоннадан ўрик запас қилиб қўйиш ҳақида ҳукуматдан топшириқ келди. Биз банкдан 80 миллион сўм кредит олиб, боғбонлардан ўрикни килосига 1 минг 400 сўм бериб сотиб олдик. Кейин шаҳарни бир четидан холодильник қилиб берди. Ўша ерда сақладик. Мана энди бу ўрик Россияга кетмади, чунки Россияни Озарбойжондан келган ўрик босиб кетганмиш. Энди мажбурмиз - ўзимизда ўтказамиз бу ўрикни, бўлмаса, кредитни қандай ёпамиз?!" деди исмини ошкор қилмаётганимиз бозорқўм.

Бу бозорқўм ҳам шу кунларда ўтмай қолган ўрикни бозорга чиқаришга тайёрланаётганини айтди. Банкдан олинган кредитни ёпиш учун бу маҳсулотни боғбондан сотиб олинган нархда сотишга мажбурлигини ҳам тан олди:

"Ҳозирча ўрикни савдоси яхши ҳали. Бозорда, навига қараб, 2 минг сўмлиги ҳам бор, 200 сўмлиги ҳам. Биз олган ўрик узоқ йўлга чидайдиган, яхши навли ўрик. Шу кунларда сотиб юбормасак, музлатгичда йўқ бўлиб кетади. Чунки, ҳозир энди шафтолини жўнатиш бошланди, жуда яхши кетаяпти", деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Қўқон шаҳар ва Фарғона вилояти ҳокимликларидан бу вазиятга бирор изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

2016 йилда Ўзбекистон ҳукумати Россияга 800 минг тоннадан кўпроқ мева-сабзавот етказиб бериш ниятини билдирган. Бу 2015 йилга нисбатан 17 бараварга кўпдир.

Ўзбекистонга валюта киримини кўпайтиришнинг янги имкони сифатида бу йил Россияга ҳўл мева ва сабзавот экспортини фавқулодда оширган ҳукумат соҳани тўлиқ монополия остига олди.

Президентнинг 2016 йил, 7 апрелда имзолаган “Янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ихтисослаштирилган «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компаниясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан экспорт билан шуғулланадиган янги ширкат ташкил этилди.

Бундан буён мамлакат чегараларидан олиб чиқиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари фақат шу ширкат орқали ўтиши лозим. Боғбон-деҳқонлар эса ҳосилини ширкатга ёки ундан рухсат олган маҳаллий агрофирмаларга сотиши мумкин, холос.

Натижада, Қўқондаги каби бир масканда катта миқдорда йиғилган маҳсулот, масалан, ўрик савдоси, айланиб-ўргилиб, яна маҳаллий тадбиркорга зарар келтирмоқда.

Май ойида андижонлик боғбонлар эртапишар гилосларини «Ўзагроэкспорт» ширкати вақтида сотиб олмаётгани, бошқа экспортчи тужжорларга ҳам сотишга рухсат берилмагани боис, ҳосилини сотолмаётганидан шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG