Мустақил комиссия аъзоси: Қийин ва оғир муҳит… Пушаймонлик, афсус, надомат.
Мустақил комиссия 2022 йил июль ойида Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, "Миллий тикланиш" ДП Марказий Кенгаши раиси Алишер Қодировнинг Бухорода бўлиб ўтаётган суд маҳкамасининг иккинчи кунига оид мулоҳазаларини чоп этди.
"Бугун судланувчиларнинг кўрсатмаларини эшитиш бошланди.
Эшитув судланувчи Турдановнинг кутилмаган баёноти билан бошланди: у барча судланувчилар номидан судланувчи Тажимуратовни улардан алоҳида ўтказишни сўради. Судланувчи Тажимуратовни қолганларни “хоинлар”, “қўрқоқлар” деб ҳақорат қилгани судланувчилар орасида жанжалга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Суд, ички ишлар ходимларини тартибни сақлашга тайёр эканликларини айтиб, илтимосни рад этди.
Биронта судланувчи ўзи гапини тугатмагунча тўхтатилмаяпди. Қийин ва оғир муҳит… Пушаймонлик, афсус, надомат.
Кимдир туғилган фарзандини кўзи билан кўрмаган, кимдир
узоқ тайёргарлик кўрган жаҳон чемпионатида иштирок этолмади, кимдир Британияга ўқишга кетиши керак эди, кимнингдир онаси оғир касал…
Судья процесс талабларига метиндек амал қилаяпти.
Судланувчи Каллиханова жуда таъсирчан гапирди. Тартибсизликларда вафот этган ҳар бир инсонни виждонига юк сифатида қабул қилганини, буни ҳеч қандай қамоқ жазоси кетказаолмаслигини айтиб йиғлаб юборди: “Биз жуда жиддий хато қилдик!Мамлакатимизга тош отдик, мамлакатимиз эса бизга уч маҳал иссиқ овқат бериб, иссиқ-совуғимизни ўлчаб ўтирибди. Жудаям пушаймонман… “
Судланувчи Тажимуратов судланувчиларга савол бериш ҳуқуқидан жуда самарали фойдаланаяпди, деярли барча кўрсатмалардан кейин судланувчиларга ўнлаб саволлар бериб, унинг ортидан эргашганларни жиноятчи эканликларини исботлаб беришга ҳаракат қилаётгандек таасурот уйғотмоқда…
Эртага кўрсатмаларни тинглаш давом эттирилади."
Азамат Турданов Тажимуратовни "фирибгар" ва "жиноятчи" деб атади
Судланувчи Азамат Турдановнинг кўрсатма бериш жараёнидан лавҳалар. Турданов Д. Тажимуратовга қарши кўрсатма берди. У Тажимуратовни "фирибгар" ва "жиноятчи", деб атади.
Азамат Турданов , 1984 йилда туғилган, Нукус олимпия захиралари коллежи директори. Тергов материалларига кўра, "1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларда спортчиларни иштирок этишини таъминлаган ва Д. Тажимуратовни елкасига ўтказиб, Жўқорғи Кенгесни эгаллаш мақсадида олиб борганликда" айбланмоқда.
Мустақил комиссия: Қолган қўлга олинганлар қани?
Қорақалпоғистондаги оммавий намойишлардан кейин ҳуқуқ-тартибот органлари 516 кишини қўлга олганини маълум қилган эди. Бухоро вилоят судида эса 22 киши судланмоқда.
Шу муносабат билан, Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича Мустақил комиссия "жамоатчиликда "қолган шахслар қаерда?" деган мазмунда" саволлар юзага келганини айтмоқда.
"Миллий гвардия ҳамда Бош прокуратура масъулларининг июль ойидаги оммага эълон қилган маълумотларида намойишлардаги иштироки учун 516 киши қўлга олингани маълум қилинган эди. Жамоатчиликда қолган шахслар қаерда деган мазмундаги саволлар юзага келди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Мустақил комиссия шуни маълум қиладики, суд жараёнларида 22 нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса, қўлга олинганларнинг 107 нафари Комиссия ташаббуси билан жамоат кафиллиги ва қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиши орқали ўз оиласи бағрига қайтарилган. Қолган шахслар эса маъмурий жавобгарликка тортилган", дейилади Мустақил комиссия расмий Телеграм каналида.
Ҳуқуқ фаоли: Судланувчиларга қийноқлар қўлланилган бўлиши мумкин
“Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё дастури директори Виталий Пономарев суд жараёнини кузатиб бораётганлардан олинган маълумотга таяниб, судланувчилардан бирининг аҳволи бирдан ёмонлашганини хабар қилди.
"Қорақалпоғистон мухолифатига етиб келган маълумотларга кўра, Бухорода судланувчилардан бири 46 ёшли Саламат Калилаев бугунги суд мажлисларидан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган ва шифокорларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Июл ойида Қорақалпоғистонда рўй берган тартибсизликлар чоғида уган шовқинли граната келиб урган, натижада у оғир жароҳат олган ва шифокорлар оёғини (тиззасигача) кесиб ташлашган. Суд залида чоп этилган фотосуратларда кўриниб турибдики, у ногиронлар аравачасида. Калилаев судланувчилардан ягона бўлиб, унга нисбатан “уй қамоғи” эҳтиёт чораси танланган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, “22 кишидан”дан яна икки нафар судланувчи сўроқ пайтида қийноқлар натижасида оёғидан оғир жароҳат олган", деб ёзди таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарёв ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.
Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.
Тергов материалларига кўра, 47 яшар Саламат Калилаев 2 июль куни Кегейли туманида оммавий тартибсизликларга етакчилик қилиб, миллатчилик замирида Андижон вилояти ҳокимлиги штабига ўт қўйиб, мулкларини нобуд қилганликда айбланмоқда.
Форум