Бош прокуратура гумонланувчилар сонига оид рақамларни келтирди
Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳозиргача аниқлик киритилмаган асосий саволлардан бири - гумонланувчи сифатида қўлга олинганлар сони ва уларнинг жорий ҳолатига оид масала юзасидан қўйидагиларни маълум қилди:
— Қорақалпоғистонда 1—2 июль кунлари оммавий тартибсизликлар содир этилгани ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича жами 171 нафар шахс айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган.
Оммавий тартибсизликлар юзасидан дастлаб 516 нафар шахс ушланган бўлиб, шундан 5 нафарига нисбатан уй қамоғи ҳамда 166 нафарига нисбатан Жиноят кодексида кўзда тутилган жиноятлари учун қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган, қолган ҳуқуқбузарларга нисбатан эса суд томонидан маъмурий жавобгарлик доирасида қамоқ жазоси тайинланган.
Қорақалпоғистонда 2022 йил июль ойида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича мустақил комиссиянинг, кенг жамоатчиликнинг сўрови ва кафиллиги ҳамда депутатлик корпусининг жамоатчилик назоратига олишга рухсат бериш юзасидан киритган илтимосномалари инобатга олиниб, қамоққа олинган 107 нафар айбланувчига нисбатан қўлланган эҳтиёт чоралари ўзгартирилиб, уларнинг 10 нафарига уй қамоғи ва 97 нафарига жамоа кафиллиги эҳтиёт чоралари қўлланган ва қамоқдан озод қилинган.
Шунингдек, кейинги тергов давомида уй қамоғида сақланаётган 14 нафар айбланувчига нисбатан ҳам эҳтиёт чораси жамоа кафиллигига ўзгартирилган. Айни вақтда жиноят ишининг 22 нафар шахсга оид бўлган қисми (20 нафарига қамоқ, 1 нафарига жамоа кафиллиги ва 1 нафар уй қамоғи қўлланган) айблов хулосаси билан тамомланиб, судга юборилган, қолган айбланувчилар ва бошқа ҳолатлар юзасидан жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган.
Ҳозирда алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланмоқда, иш бўйича 39 нафар айбланувчи қамоқда сақланмоқда.
Тартибсизликлар пайтида вафот этганлар рўйхати эълон қилинадими?
Нукусдаги воқеалар пайтида вафот этган шахслар, уларнинг ўлим сабаблари ва уларнинг рўйхатига оид савол очиқлигича қолмоқда.
Нукус воқеаларини ўрганиш Комиссияси берган саволига Ўзбекистон Бош прокуратураси бундай жавоб қайтарди:
- Оммавий тартибсизликлар вақтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари очиқ суд мажлислари давомида бирма бир муҳокама қилинади.
Шунингдек, прокуратура оммавий чиқишлар пайтида қаерда ва қандай вазиятда ўқотар қурол ва махсус воситалардан фойдаланилганини ҳам маълум қилди.
- Оммавий тартибсизликлар вақтида қурол ва махсус воситалар асосан 01.07.2022 йилда Жўқорғи Кенгес маъмурий биноси, 02.07.2022 йилда Нукус шаҳар ИИО ФМБ (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси.-таҳр.) ва аэропорт биноси олдида мазкур стратегик объектларга амалга оширилган ҳужумларни бартараф этиш мақсадида қўлланилган. Жамоатчиликни хавотирга солаётган ушбу ҳолатлар бўйича, хусусан, ўқотар қурол ва махсус воситалар қўлланилишининг қонунийлиги юзасидан алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, тергов якунига кўра, ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади.
"Комиссияда қурбон бўлганлар ҳақида тўлиқ маълумот бор!"
Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия Озодликнинг норозилик чиқишлари ва тартибсизликлар пайтида қурбон бўлганлар сони ва қурол ишлатилишига оид сўровига жавоб берди.
Комиссия аъзоси ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов яқин кунларда жамоатчилик бераётган саволлар юзасидан махсус ҳисобот тайёрланаётганини билдирди.
"Қурбон бўлганларни барчасини тўлиқ адреси ва исми шарифи комиссияда бор. Уларни уйларига комиссия аъзолари бориб, холидан тўлиқ хабар олинган. Айбдор ёки айбдор эмаслигидан қатъий назар, оила аъзоларига ёрдам пакетлари берилган. Ўлганлик масаласи юзасидан экспертиза хулосалари олинган. Қурбонлар яқинлари билан шахсан гаплашганман, комиссия аъзолари хам гаплашишган.
Қуроллар борасида хам маълумотлар олинган. Яқин кунларда дастлабки ҳисобот хақида ишлаяпмиз. Маълумотлар тўлиқ тақдим қилинади", деди Комиссия аъзоси Аъзам Фармонов.
Комиссия аъзоси ҳисобот тайёр бўлмасдан Нукус воқеаларида нобуд бўлганлар рўйхати ва уларнинг ўлим сабаблари тўғрисида маълумотни очиқлай олмаслигини ҳам билдирди.
Маҳкаманинг онлайн намойиши қачон тикланади?
Комиссия Бош прокуратурадан гувоҳлар сўроқ қилиб бўлинганидан кейин суд жараёнларининг онлайн намойиши яна давом эттирилиши-эттирилмаслиги юзасидан ҳам жавоб олган.
Жиноят-процессуал кодексига кўра, гувоҳлар сўроқ қилинаётган вақтда жараённи онлайн намойиш этиш тақиқланган эди.
- Суд муҳокамасининг гувоҳлар кўрсатмалари эшитиш босқичида ЖПКнинг 432-моддаси талабига кўра, суд ажрими билан онлайн намойиш этиш тўхтатилган. Суд жараёнлари тарафларнинг музокараси босқичида ОАВ вакиллари томонидан онлайн намойиш этилишига суднинг ташаббуси билан ёки диноят процесси иштирокчиларининг илтимосномасига кўра, раислик этувчисуд томонидан рухсат этилиши мумкин, дейилади Бош прокуратура жавобида.
Форум