Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:55

Қорақалпоғистонда чорва орасида эпидемия тарқаб¸ моллар ўлмоқда


Қорақалпоғистонлик чорвадор ва ветеринар врачларнинг Озодликка билдиришича¸ минтақанинг қатор туманларида қорамоллар юқумли касалликка чалиниб¸ кўп ҳолларда бу касаллик чорва нобуд бўлиши билан тугамоқда.

Озодлик суҳбатлашган чорва эгалари¸ бу касалликнинг Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятининг қатор туманларига 26-27 май кунлари ёққан қум-туз ёмғиридан сўнг бошланганини билдирди.

Чорва орасида тарқаëтган бу касаллик "нодуляр дерматит" эканини билдирган маҳаллий ветеринар врач¸ бу касалликнинг туз ёмғирига алоқаси йўқлиги, унинг қўшни Туркманистондан кириб келганини иддао қилди.

"Бунақасини кўрмаганман!"

Қўнғирот туманида яшайдиган 68 яшар чорвадор Сапар Мадетов ўз тажрибасида бундай касалликни кўрмаганини айтади:

- Шу ёшга кириб молнинг бундай касал бўлганини кўрмадим. Касалланганда ҳам жуда ёмон касалланаяпти. Молнинг танасига бошидан то орқасигача без чиқиб кетаяпти. Шундан кейин ўт емайди, сув ичмайди, кейин тап этиб йиқилиб ўлаяпти. Бунинг на вакцинаси бор, на даво бўладиган уколи бор. Бизнинг қишлоғимиздаги молларнинг 70-80 фоизига шу касал теккан. Мол аптекаларда дори қолмаган, топган дорисини солиб ётишибди. Моллар тап-тап этиб ўлиб ётибди. Шу пайтгача бўлмаган бундай касаллик, дейди бу суҳбатдош.

Чимбой туманида яшовчи Қутлибека исмли уй бекаси ўз сигирининг бу касалликдан ўлиб қолганини айтади:

- Бизнинг тўрта молимизга шу касал тегди. Эрим мол духтури олиб келиб, укол қилдирди. Биттаси бўлмади, чунки без ичкаридан чиқиб кетган экан, учтаси ҳозирча ўлимса бўлиб турибди. Ўт емайди, оз-моз ем еяяпти. Худо¸ деб ўтирибмиз, дейди Қутлибека.

"Халқ орасида ваҳима"

Қўнғиротли чорвадорнинг айтишича, бундай эпидемиядан хабар топган маҳаллий аҳоли мол гўшти сотиб олишдан қўрқиб қолган:

- Инсофли одамлар моли ўлгандан кейин, даштга олиб чиқиб кўмиб юбораяпти. Инсофсизлари ўлмасдан сўйиб, арзон-гаровга қассобларга олиб бориб бераяпти. Бозордаги гўштларга ҳозир гарантия йўқ. Уни еган одам заҳарланадими, ёки ҳеч нарса қилмайдими, бу ҳақда ҳам аҳолига тушунтириш берилмаяпти, дейди Сапар Мадетов.

Ветеринар изоҳи

Озодлик суҳбатлашган Чимбой тумани ветеринария бўлими бошлиғи Соғинбой Раимов қорамоллар орасида бундай касаллик илк бор тарқалганини тасдиқлар экан, ўлаëтган моллар сонига оид рақамларнинг бўрттирилганини таъкидлади:

- Бу касаллик Туркманистон билан чегарадош бўлган Шуманай ва Амударёга ўтган йили кириб келган эди. Бу йил эса кўтарилиб, бошқа туманларга ёйилди. Бу касалликнинг номи русчада “нодулярный дерматит” дейилади. Молнинг оғиз бўшлиғи, устига, ҳамма жойига без чиқаяпти. Агар ичга чиқса оғир кечади. Ташқарига чиқса, ёрилиб, тузалиб кетаяпти. Ўлган моллар сони кўп эмас, 4-5та мол ўлди ва кўмиб ташланди, деди Соғинбой Раимов.

Ветеринарнинг айтишича, бу ҳолатдан маҳаллий раҳбарларнинг хабари бор ва унга қарши кураш учун тадбирлар белгиланган:

- Бу касалликка қарши вакцина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди. Республика ветеринария бошқармаси ҳаракат қилиб, Россиядан вакцина сотиб олиб келди. Бизнинг туманга ҳам 25 минг дона вакцина келди. Кечадан молларни эмлашни бошлаб юбордик. Ҳозир бу касаллик чекинди, касал моллар соғаймоқда, деди Соғинбой Раимов.

Ветеринарнинг алоҳида таъкидлашича, бу касаллик чорвадан одамга юқмайди, ҳашаротлар ва кана орқали фақат чорвадан чорвага ўтиши мумкин.

Ўзбекистонда чорва молларининг юқумли касалликлар билан касалланиши кузатилиб туради.

Ўтган йилнинг февраль ойида Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг Янги ҳаёт қишлоғида чорва моллари орасида оқсим касаллиги тарқаганини маҳаллий чорвадорлардан бири иддао қилган эди.

Бу хабар ортидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида чорвага оқсим юққанига оид хабар ортидан текширув ўтказган ва чорвада учрайдиган оқсим касаллиги клиник аломатлари аниқланмагани, аммо лаборатория текшируви натижаси кутилаётганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG