Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

"Танлов ташвиқот соясида қолмоқда." АЭС бўйича референдум


АЭС бўйича жамоатчилик тинглови. Остона, Қооғистон. 20 август, 2024
АЭС бўйича жамоатчилик тинглови. Остона, Қооғистон. 20 август, 2024

Қозоғистонда 6 октябрь куни АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилади. Ҳукумат "мамлакат ҳаётидаги ҳар бир муҳим ўзгариш жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда қабул қилиниши" ва халққа атом электр станциясини қуриш ёки қурмасликни танлаш ҳуқуқи берилганини таъкидламоқда. Озодлик қозоқ хизматининг ёзишича, мамлакатдаги ҳуқуқ ҳимоячилари фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари чекланганини айтишмоқда.

Қозоғистон АЭС қурилиши бўйича яқинда қарор қабул қилади. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев 2 сентябрдаги "халққа мурожаати"да референдум 6 октябрда ўтказилишини эълон қилиб, шундай деди: "Бу мавзу бир йилдан бери жамоатчилик кун тартибида турибди. Бу фуқароларнинг вазмин қарор қабул қилиши учун етарли муддат деб ҳисоблайман."

"Бўлажак референдум кенг умуммиллий мулоқотнинг яна бир кўриниши ва "тингловчи давлат" ғоясини амалга оширишнинг ёрқин намунаси бўлади. Аслида, бундай қадамлар билан биз янги ижтимоий-сиёсий маданиятни шакллантирмоқдамиз, муҳим давлат қарорларини қабул қилишнинг янги меъёрларини яратмоқдамиз," деди Тоқаев.

6 октябрь куни ўтказиладиган референдумда битта савол кўтарилади: "Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?"

Марказий сайлов комиссияси АЭС бўйича референдум ўтказиш учун 15,5 миллиард тенге керак бўлишини маълум қилди.

OzodNazar: “Ўзатом” “Росатом” билан АЭС бўйича шартнома имзолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:51:07 0:00

Ҳукумат атом электр станцияси бўйича танқидлар кучайганидан сўнг АЭС қурилиши ҳақида референдум ўтказилишини эълон қилганди. Ўтган йили АЭС қурилиши мўлжалланаётган Балхаш яқинидаги Улкен қишлоғида оммавий тингловлар ўтказилганида фаоллар: "Агар АЭСда фалокат содир бўлса, оқибати бутун халққа таъсир қилади, шунинг учун бу масалани фақат Улкен қишлоғи аҳолиси учун муҳокама қилиш нотўғри," деган эди. Кейинчалик Тоқаев сентябрь ойидаги "мурожаати"да бу масалани умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қилди.

Жорий йилда АЭС қурилиши масаласи бўйича республиканинг камида 20 та шаҳрида оммавий муҳокамалар ўтказилди. Ташкилотчилар айтишича, муҳокамалар давомида "атом энергетикаси ва атом электр станциялари ҳақида батафсил маълумот" берилган. Бироқ, баъзи фаоллар кампанияни кескин танқид қилиб, уни "Энергетика вазирлигининг атом электр станциясини қўллаб-қувватловчи тарғибот кампанияси" деб атади.

Вилоятларда атом электр станциясини қуриш масаласида оммавий мунозаралар уюштирган Қозоғистон Фуқаролар Альянси президенти Бану Нургазиева буларни "халқ тақдири ҳақида қайғуриб" ташкил этганини айтди.

Унинг айтишича, оммавий эшитувлар ўтказилиши ҳақида жамоат кенгашлари веб-сайтларида олдиндан эълон қилинган ва уларга кучли экспертлар таклиф этилган.

"Аввало, маълумот етказиш керак. Буни ким қилиши керак? Маълумотларни малакали мутахассислар – энергетика, физика ва экология соҳаси вакиллари бериши лозим. Шундан сўнг муҳокама бошланади. Одамлар мунозарага киришишдан олдин экспертлардан маълумот эшитишлари зарур. Одамлар ўйлана бошлайди. Шунинг учун биз муҳокамалар учун кучли экспертларни таклиф қилдик. Бу тадбирларга бюджетдан бир тийин ҳам сарфланмади. Биз ўз бюджетига эга бўлган ва ходимларини хизмат сафарига юбориши мумкин бўлган ташкилотлардан мутахассисларни жалб этдик," дейди Бану Нургазиева.

Семейлик фаол Елдос Досанов АЭС бўйича оммавий эшитувлар пайтида қўлга олиниб, 15 суткага қамалди. Унинг айтишича, муҳокама куни унга нисбатан бир вақтнинг ўзида иккита баённома тузилган – "Рўйхатдан ўтмаган ташкилот фаолиятига алоқадорлик" ва "Полиция талабларига бўйсунмаслик".

Илгари ҳам ижтимоий-сиёсий масалаларни кўтарган рўйхатдан ўтмаган "Олға, Қозоғистон" партияси вакили АЭС қурилишига қарши фикр билдириш имконига эга бўлмаганини айтганди.

У референдум олдидан АЭС ҳақида етарли маълумот йўқлигини таъкидлаб, фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари бузилмоқда дейди.

"Ҳокимиятга ишонч даражаси паст бўлган, Россия эса қўшни давлатни босиб олишга қизиқишини тўхтатмаган бир пайтда бизга АЭС керак эмас. Фикримча, АЭС қурилиши масаласини 5-10 йилга кечиктириш лозим. Ҳозир бунинг мутлақо зарурияти йўқ. АЭС ҳақида маълумотлар чекланган, унинг афзалликлари ва камчиликлари тўғрисида тўлиқ тасаввур йўқ. Ҳам иқтисодий, ҳам экологик хавфлар бор. Бу ерда Қозоғистон мустақиллигига таҳдид бор деб ҳисоблайман," дейди у.

Қозоғистон миллий қонунчилиги ва мамлакат томонидан ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар фуқароларга атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган лойиҳалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқини беради.

"Яшил нажот" экологик жамияти раиси Сергей Куратовнинг таъкидлашича, Қозоғистонда жамоатчилик муҳокамалари жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш эмас, балки "буғ чиқариш" механизмига айланиб қолган. Шу сабабли уларнинг қарор қабул қилиш жараёнига таъсири жуда оз.

Бундан ташқари, маълумот етарли бўлмаган ёки умуман йўқ бўлган ҳолатларда қарорлар қабул қилиниши мумкин эмас. Шунинг учун муҳокамалар натижасиз тугаши табиий, дейди у.

Ўтган йил октябрь ойида Demoscope жамоатчилик фикрини тезкор мониторинг қилиш бюроси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, қозоғистонликларнинг 46,6 фоизи АЭС қурилишини қўллаб-қувватласа, 37,7 фоизи бунга қарши экан.

Президент ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти номидан 7-18 август кунлари ўтказилган телефон сўрови эса респондентларнинг 53,1 фоизи АЭС қурилишини қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Сўралганларнинг 32,5 фоизи АЭСга қаршилигини айтган. Улар асосан авариялар ва атроф-муҳитга салбий таъсирдан хавотирда эканликларини билдирганлар. Сўровда 1200 киши иштирок этди. Респондентларнинг 14,4 фоизи ҳали танлов қилмаганликларини маълум қилишган.

Одамларнинг Қозоғистонда АЭС қурилиши ҳақидаги фикрлари турлича.

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш тарафдорлари қуйидаги асосларни келтирмоқда:

1. Қозоғистонда энергия тақчиллиги тобора ортиб бормоқда.

2. Атом энергетикаси барқарор энергия манбаи бўлиб, иссиқлик ва гидроэлектростанцияларга муқобил бўла олади, шамол ва қуёш энергия манбалари эса доимий эмас.

3. АЭС нисбатан кам сув талаб қилади, бу буғланиш миқдорига тенг.

4. Қозоғистон танлаган сув реактори зилзила ва сув тошқинлари каби табиий офатларга бардошли.

5. Атом электр станцияси нисбатан кам радиоактив чиқинди ишлаб чиқаради, кўмир ёқилганда эса кўп миқдорда ифлослантирувчи моддалар ажралиб чиқади.

6. Хавфсизликка устуворлик берилмоқда.

7. АЭС юқори иқтисодий самарадорликка эга.

АЭСга қаршилар асослари:

1. Энергия самарадорлигини ошириш учун мавжуд инфратузилмани янгилаш мумкин.

2. Қозоғистонда атом энергиясидан ташқари бошқа кўплаб энергия манбалари, жумладан, газ электр станциялари мавжуд. "Яшил" энергетика соҳасида ҳам истиқболли лойиҳалар кўп.

3. Балхаш кўли саёзлашиб бормоқда ва АЭСнинг сув ҳавзасига таъсири бўйича тадқиқотлар ўтказилмаган.

4. АЭСнинг тўлиқ хавфсизлигини кафолатлаш мумкин эмас, чунки мутлақо хавфсиз реакторлар бўлмайди.

5. Радиоактив чиқиндилар муаммоси ҳали ҳам ўз ечимини топмаган.

6. Украинадаги уруш, шунингдек, Запорожье ва Курск АЭСларидан босим воситаси сифатида фойдаланиш атом энергетикаси билан боғлиқ хатарларни кўрсатмоқда.

7. Чет эл технологияларига қарамликнинг пайдо бўлиши сиёсий ва иқтисодий босим воситасига айланиши мумкин.

Россиянинг Ўзбекистондаги махфий АЭС лойиҳаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:36:03 0:00

Ҳатто кўпчилик АЭС қурилишини қўллаб-қувватласа ҳам, реакторни ким қуриши ҳозирча номаълум. Хабар қилинишича, Қозоғистон ҳукуматига тўртта давлат – Россия, Хитой, Франция ва Жанубий Кореядан таклифлар келган. Баъзи мутахассислар Россиянинг "Росатом" компанияси танланишидан хавотирда.

Форум

XS
SM
MD
LG