Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:33

Қозоғистон энергетика вазири: “АЭС қуришдан бошқа чора йўқ”


Атом электр станцияси қурилиши бугунги кунда қозоқ жамиятида қизғин муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир. Озодлик радиоси қозоқ хизмати энергетика вазири Магзум Мирзагалиевдан аҳолининг АЭС қурилиши бўйича фикри ҳақида сўради.

– Экология кодексига биноан, биринчи тоифага мансуб ҳар қандай лойиҳа жамоатчилик эшитувидан ўтиши шарт. Бунинг муайян, қонуний тартибга солинган тартиб-таомили бор, жамоатчилик эшитувлари қурилиш бошланишидан олдин ўтказилади, – дея маълум қилди Мирзагалиев.

Озодлик мухбири аҳолининг катта қисми АЭС қурилишига қарши чиққан тақдирда қарордан воз кечилиши ёки кечилмаслиги билан қизиқди.

– Бу сиёсий масала. Мен энергетика вазири ўлароқ фикр юритаман. Аввал ҳам айтганимдек, станция қуриш зарурлигини баланс кўрсатиб турибди. Бизда фақат битта танлов бор: электрсиз, қоронғида ўтиришни хоҳлаймизми ёки чироқсиз қолмаслик чорасини кўрамизми. Масалага мана шу нуқтаи назардан ёндашиш лозим. Биздаги мавжуд станциялар асосан кўмирда ишлайди, улар 40-50 йил олдин қурилган. Ҳозирча нари-бери коримизга яраб турибди, лекин улар мангу ишлай олмайди. Ҳаётий воқелик шундайки, кўмир ёқиб электр олиш, кўмир технологиялари эскирди, улар тарихга айланиб бўлди. Бизга нима қолади? Бошқа иложимиз йўқ-ку, – дея жавоб беради Мирзагалиев.

Чернобиль АЭС ва “Фукушима”да юз берган фожиалар такрорланмаслиги кафолатлари ҳақидаги саволга жавобан вазир “ҳеч ким ҳеч қачон бунақа кафолат бермаслиги табиий”лигини айтди, аммо “станцияни қурадиган инвестор ёки ўз технологиясини тақдим этувчи ширкат тегишли тартибда жавобгарликни ўз зиммасига олади”, деб қўшимча қилди.

Бугунги кунга қадар АЭС қурилиши учун Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғи ҳамда Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Курчатов шаҳри потенциал майдон сифатида кўрилмоқда. Вазир нега айнан шу икки ҳудуд кўриб чиқилаётганига изоҳ берди.

– Сейсмик нуқтаи назардан иккала вариант ҳам мақбул. Бироқ Улкен қишлоғи инфратузилмалар нуқтаи назаридан жозибалироқ, чунки у ердан Шимол – Жануб линияси ўтган, электр узатиш тармоғи қуввати 500 киловольтга тенг ва у асосий истеъмолчилар – жанубий минтақаларга яқинроқ жойлашган. Қурилиш майдонини белгилаш хусусида якуний қарор олинганича йўқ. Аммо зарур ишлар аллақачон бошланган, “Самрук-Казина” АЖ ҳузурида лойиҳа гуруҳи ташкил этилган, – деди Мирзагалиев.

Озодлик мухбири вазирдан радиофаол чиқиндилар қаерда сақланиши тўғрисида ҳам сўради. Мирзагалиев ҳозирча жой йўқлигини айтди ва “технология ва қувват хусусида бир тўхтамга келишимиз керак”, дея қўшимча қилди.

Энергетика вазирига кўра, АЭС қурилиши 10 йилгача чўзилиши мумкин. Шу боис яқин тўрт-беш йил давомида электр энергияси танқислиги муаммоси Россиядан импорт қилиш ҳисобига бартараф этилади.

28 декабрь куни “Самрук-Казина” АЖ бошқаруви раиси Алмасадам Саткалиев “Atameken Business” нашрига берган изоҳида Россиянинг “Росатом” ширкати билан музокара олиб борилаётганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, Қозоғистонда АЭС қуриш масаласи Россия ҳукумати билан расмий учрашувлар чоғида муҳокама қилинган бўлиб, ҳозирда қурилиш вендери (пудратчиси)ни танлаш бўйича тендер жараёнининг барча иштирокчилари, шу қаторда “Росатом” ширкати билан ҳам маслаҳатлашувлар давом этмоқда.

Аввалроқ АЭС қурилиши бўйича Франция, АҚШ, ХХР ва Россия ширкатларининг таклифлари ўрганилаётгани маълум қилинган эди.

Ўтган ҳафтада Магзум Мирзагалиев Қозоғистонда АЭС қуриш хусусида ҳали қарор олинмаганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, потенциал қурилиш учун майдон “ҳозирча танланмаган”, вазирлик эса “халқаро тажрибаларни ўрганмоқда”.

Жорий йилда энергетика вазирлиги Қозоғистоннинг 2035 йилгача энергетика балансини ишлаб чиққан эди. “Унда атом электр станциясини қуриш муҳимлиги урғуланган”, дейди Мирзагалиев ва атом энергетикасига муқобил энергия манбасини кўрмаётганини айтади.

Сўнгги бир неча ой мобайнида расмийлар мамлакатда электр энергияси етишмаслиги ҳақида гап кетганида атом электр станцияси қурилиши эҳтимолига бир неча бор тўхталишди. Совет даврида, 1949 йилдан 1989 йилгача шимоли-шарқдаги Семипалатинск вилоятида юзлаб марта ер ости ва ер усти ядро синовлари ўтказилган Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши жуда ҳассос мавзу ҳисобланади. Мамлакатнинг йирик шаҳарларида бўладиган норозилик акцияларида баъзан “АЭС қурилишига рози эмасмиз” деган шиорлар янграйди.

Айрим экспертлар АЭС қурилиши мавзуси Москва томонидан қўзғатилаётганини айтадилар. Сентябрь ойи охирларида ўтказилган минтақавий форум чоғида Россия президенти Владимир Путин, агар Қозоғистон атом электр станцияси қуришга қарор қилса, уни барпо этиш ва эксплуатация қилишда мамлакатга ҳамкорлик ва кўмак таклиф қилган эди.

2019 йили, президент сайловидан кейиноқ Тоқаев, агар зарурат туғилса, АЭС қуриш масаласи референдумга қўйилишини айтган. Амалдаги қонунчиликка кўра, референдум ўтказиш қарори республика президенти томонидан қабул қилинади.

Кейинроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев мамлакатда электр энергияси танқислиги белгилари мавжудлиги ҳақида гапираркан, атом электр станцияси қурилиши мавзусига яна бир карра тўхталди.

У “атом станцияси борасида оммага ёқмайдиган қарорлар қабул қилишга тўғри келиши”ни айтаркан, “етакчининг роли айнан нооммабоп қарорлар қабул қилишдан иборат”лигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG