Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:52

Қозоғистон Россия билан чегара вилоятларига четдан кўчиб келган қозоқларни жойлаштирмоқда


Эрондан эвакуация қилинган этник қозоқлар. Шимолий Қозоғистон, 21 сентябрь, 2021 йил
Эрондан эвакуация қилинган этник қозоқлар. Шимолий Қозоғистон, 21 сентябрь, 2021 йил

Сўнгги ойларда хориждан ота-боболари ватанига қайтган этник қозоқларнинг айтишича, расмийлар уларга мамлакатнинг Россия билан чегарадош шимолий вилоятларига жойлашишни буюрмоқда.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, аҳоли жойлаштириш дастури аҳоли сийрак яшайдиган минтақаларда ишчи кучи танқислигини бартараф этишга қаратилган. Аммо кўпчилик расмий Остона русийзабонлар аксар аҳолини ташкил қилган минтақаларда этник мувозанатни таъминлаш учун шундай қиляпти деб ҳисоблайди.

Ҳукумат мамлакатнинг шимоли-шарқидан шимоли-ғарбигача узанган етти вилоят: Шарқий Қозоғистон, Павлодар, Оқмўла, Шимолий Қозоғистон, Қўстанай, Ғарбий Қозоғистон ва Атирауга мамлакатга қайтган этник қозоқларни – “кандас”ларни жойлаштириш учун квоталар жорий қилди.

Шимолга кўчиб ўтган кандаслар бошқа минтақаларни танлаганларга нисбатан қўшимча молиявий имтиёзларга эга бўлади. Имтиёзлар орасида оила-аъзолари учун тахминан 450 АҚШ доллари миқдорида бир марталик тўлов ва ижара, коммунал тўловлар учун субсидия бор.

Ҳукуматнинг кўпроқ аҳолини шимолга кўчириш дастури янгилик эмас. Остона кандасларни жойлаштиришдан ташқари, шимолга ички миграцияни ҳам рағбатлантирмоқда.

Аммо сўнгги ойларда бу жараён анча фаоллашди, мамлакатга қайтган баъзилар ўз хоҳишларига қарши ҳукумат томонидан танланган вилоятларга кўчиб ўтишга буйруқ берилганини даъво қилмоқдалар.

Мисол учун, жорий йилнинг ёзида Туркманистондан кўчиб келган 800 га яқин этник қозоқдан фақат 44 нафарига ўзлари танлаган Манғистау вилоятига жойлашишга изн берилган.

Бошқаларга эса Қозоғистон ҳукумати томонидан белгиланган ҳудудларга кўчиб ўтишга буйруқ берилган, акс ҳолда, улар депортация қилиниши кутилмоқда, дейди бир неча қайтиб келганлар.

Қуралай Эсенмуратова бир неча йил аввал Манғистауга кўчиб келган кекса онаси ва ўғли билан бирга яшаш учун июль ойида Туркманистоннинг Болқон вилоятидан келган эди.

Аммо у ва бошқа қайтиб келганлар Қозоғистон чегарасини кесиб ўтганларида, расмийлар гуруҳга уларнинг янги яшаш жойлари аллақачон ажратилганлигини айтишган.

57 ёшли Эсенмуратованинг паспортига виза муҳри босилиб, у шимолий Павлодар вилоятига кўчиб ўтиши кераклиги уқтирилган, бу вилоятда эса унинг оиласи ва дўстлари йўқ.

“Манғистауга етиб келганимизда, расмийлар биздан зудлик билан визаларимизда кўрсатилган ҳудудларга боришимизни талаб қилишди”, дейди Эсенмуратова Озодлик радиосининг қозоқ хизматига.

“Улар: “Агар Павлодарга бормасангиз, депортация қилинасизлар деб айтишди”.

Туркманистонлик яна бир кандас, 29 ёшли Соғиндиқ Назаралиев янги релокантлар шимолий вилоятларга кўчиб ўтиш учун босим остида қолганини тасдиқлади.

15 август куни Мангистауга келган Назаралиевнинг айтишича, унинг уч кишилик оиласига Павлодар вилоятига кечиктирмасдан кўчиб ўтишга буйруқ берилган. Ҳозир у Павлодардаги Экибастуз шаҳрида яшайди.

Хориждаги қозоқларни, асосан, Ўзбекистонда (70 фоиз), Хитойда (10 фоиз) ва Туркманистондаги (7 фоиз) қозоқларни ўз ватанларига қайтишга ундайдиган махсус ҳукумат дастури доирасида 1991 йилдан буён 1,1 миллионга яқин этник қозоқ Қозоғистонга кўчиб келган.

Уларнинг аксарияти мамлакатнинг асосан, қозоқлар яшайдиган вилоятлари –Туркистон, Жамбил ва Олмаота вилоятларига жойлашган.

Остонадаги «PaperLab» тадқиқот маркази директори Серик Бейсембаевнинг айтишича, ҳукумат одамларни ўз хоҳишига қарши у ерга жойлашишни буюргандан кўра, "шимолни миграция учун жозибадор қилиш мамсадида унинг иқтисодий ривожланишига сармоя киритиши" керак.

Ўзлик масалалари

Остонанинг шимолдаги этник мувозанатга (ёки баъзилар айтганидек, шимолни қозоқлаштиришга) янада кўпроқ эътибор қаратаётганини баъзилар Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари ортидан мамлакатнинг Россия билан 7600 километрлик чегарасидаги аҳолига Москванинг таъсирини камайтиришга уриниш сифатида кўрмоқда.

Қозоғистон расмийлари сўнгги йилларда баъзи этник русларда кўрилаётган москвапарастлик кайфиятидан анчадан бери хавотир олиб келади.

Бу жараён, айниқса, 2014 йилдан сўнг, Россия Украинанинг Қрим яриморолини ноқонуний равишда аннексия қилгани ва Москва қўллаб-қувватлаган айирмачилар Украина шарқидаги Луганск ва Донецк вилоятларида ноқонуний равишда мустақиллик эълон қилганидан сўнг айниқса кучайди.

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00

Ўша йили Россия президенти Владимир Путин қозоқлар “ҳеч қачон давлатчиликка эга бўлмаган” деди. Қозоғистоннинг давлатчилиги ва ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўювчи бундай изоҳлар ўшандан бери Путин ва бошқа ўта миллатчи Россия етакчилари томонидан қайта-қайта такрорланди.

Ўз ватанларида этник қозоқлар сони 1930-йилларда, яъни Совет Иттифоқида коллективлаштириш кампанияси очарчиликка олиб келган ва камида 1,3 миллион қозоқнинг ўлимига сабаб бўлган ва яна миллионлаб одамлар хорижга қочишга мажбур бўлганида кескин камайган эди.

Айни пайтда Москва руслар ва бошқа этник гуруҳларни Қозоғистонга кўчиб ўтишга ё рағбатлантирган ёки мажбурлаган эди.

Қозоғистон 1991 йилда мустақилликка эришгач, этник қозоқлар аҳолининг 40 фоиздан камини ташкил қилган. Ҳозирда бу кўрсаткич қарийб 70 фоизга етган.

Собиқ авторитар президент Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги демографик мувозанатни ўзгартириб, қозоқ тили, маданияти ва анъаналарини ривожлантириш орқали Қозоғистоннинг миллий ўзига хослигини тиклашида катта ҳисса қўшди.

Этник руслар Қозоғистоннинг 19,4 миллионлик аҳолисининг қарийб 15 фоизини ташкил қилади, Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин бу кўрсаткич 37 фоиз эди. Бироқ Қозоғистоннинг аксарият шаҳарларида рус тили ҳали ҳам кенг тарқалган.

Форум

XS
SM
MD
LG