Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:38

"Янги Қозоғистон": Тоқаев халқнинг ишончини қозона оладими?


2019 йилнинг мартида Қозоғистон президенти вазифасини бажаришга киришган Қасим-Жомарт Тоқаев биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг соясида қолиб келган.
2019 йилнинг мартида Қозоғистон президенти вазифасини бажаришга киришган Қасим-Жомарт Тоқаев биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг соясида қолиб келган.

Январь ойи бошларида Қозоғистондаги оммавий тартибсизлик президент Қасим-Жомарт Тоқаев ҳокимиятини хавф остига қўйган бўлса, эндиликда у иқтидорда собит турганга ўхшайди. Бироқ Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер фикрича, Тоқаевнинг лавозимда қолиш учун қабул қилган қарорлари халқ назарида уни обрўсизлантиради.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон президенти вазифасини бажаришга киришган 2019 йилнинг мартидан бери кўпчилик уни номигагина раҳбар деб билар, мамлакатни ҳануз унинг салафи Нурсултон Назарбоев идора қиляпти, деб ҳисобларди.

Январь бошларида Тоқаев унинг ҳокимиятига жиддий таҳдид солган умуммиллий норозиликни куч билан бостирди, боз устига, намойишлар Назарбоев тарафдорлари уни ағдаришга қасд қилгани тўғрисидаги тахминлар манзарасида кечаётган эди.

Тоқаев расман президент бўлганидан бери ўтган салкам уч йил давомида айрим кузатувчиларда “у Назарбоев соясида қолиб кетмаганида мамлакатни бошқача идора қилган бўлармидими, йўқми?” деган савол пайдо бўлди.

Ҳукумат маҳкамалари Назарбоевнинг қариндошлари ва тарафдорларидан тозаланиб, собиқ президент қатор муҳим ваколатларидан маҳрум этилганидан сўнг ўзини кўрсатиши учун Тоқаевда имконият мавжуд. Бироқ Тоқаев ҳукуматининг 2022 йилнинг илк ҳафталаридаги хатти-ҳаракатлари халқнинг унга ишончига тиклаб бўлмас даражада путур етказган бўлиши мумкин.

Намойишчиларга огоҳлантиришсиз ўт очиш буйруғи

Ёқилғи нархи оширилишига қарши Қозоғистон ғарбида 2 январь куни бошланган норозилик чиқишлари ҳукуматга қарши тинч умуммиллий намойишларга айланиб кетди. Бироқ айрим шаҳарларда ташаббус номаълум қуролли гуруҳлар қўлига ўтиб кетди.

Бу Қозоғистонда айримлар “Қонли январь” деб атаётган воқеаларнинг дебочаси бўлди.

Ҳукумат илк намойишларга интернетни ўчириб қўйиш, фавқулодда ҳолат ва тунги вақтларда комендантлик соати жорий этиш билан жавоб берди.

5 январга келиб Қозоғистоннинг айрим шаҳарларида отишмалар содир бўлди, энг йирик шаҳар – Олмаотада эса маъмурий биноларга ўт қўйилиб, дўконлар талон-торож қилинди.

Тоқаев ўша куни-ёқ ҳукуматни истеъфога чиқарганини эълон қилди.

7 январь куни у халққа мурожаатида кучишлатар идораларга намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз тикка ўт очишга буйруқ берганини айтди.

Ўша оқшом Олмаотада 73 ёшли Қуат Биткенбоев ва унинг хотини, 64 яшар Гулфиза Кулсултоновалар ҳалок бўлишди. Улар қариндошлари зиёратидан қайтаётган бўлиб, комендантлик соати кучга кирган тунги 23:00 да ҳам ҳали уйларига етмаган эдилар. Уларнинг автомобили ўққа тутилган, сўнгра ёниб кетган эди.

Кекса эр-хотиннинг фожиали ўлими ўша кунларда рўй берган кўплаб қайғули воқеалардан биттагинаси холос.

Ундан сал аввалроқ Олмаотада Бабахон Жолбарисули ва унинг қўшниси чиқиндини ташлаб келиш учун уйларидан чиқишганида учта полиция машинаси етиб келган ва ҳарбийча кийинган одамлар сакраб тушиб, уларга қарата ўқ узишади. Жолбарисханули яраланади ва кейинроқ жароҳатдан вафот этади.

Олмаотадан тахминан 225 чақирим шимоли-шарқда жойлашган Толдиқўрғон шаҳрида 8 январь куни Нурболат Сейтқулов, унинг хотини Алтиной Етаева ҳамда 15 ёшли қизи Нурай автомобилда уйга қайтишаётганида гўё комендантлик соати бошланиш вақти бир оз олдинга сурилгани учун отиб ташланадилар.

Олмаоталик археолог Ерлан Жагипаров 6 январь куни Республика майдонида нималар бўлаётганини билиш учун автомобилда йўлга чиқади. Соат саккизларга яқин Ерлан дўстига қўнғироқ қилиб, Миллий гвардия аскарлари уни қўлга олишганини маълум қилади. Шундан сўнг, дўстлари ва яқинлари ҳарчанд излашмасин, ундан дарак топа олмайдилар.

12 январь куни Жагипаровнинг жасади ўликхонада эканлигидан воқиф бўладилар. Марҳумнинг укаси айтишича, Ерланнинг танасида калтак излари қолган, у ҳануз кишанбанд ҳолда, кўксида эса ўқдан қолган жароҳат бўлган.

Бунақа воқеалар юзага чиқиши ҳамон давом этмоқдаки, бу намойишларни бостириш учун тутилган йўл нақадар шафқатсиз бўлганини кўрсатади.

Ҳозирча расмийлар тартибсизликлар чоғида 227 киши қурбон бўлганини айтишмоқда. Биргина Олмаотада тинч аҳолидан 149 киши ва 11 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб 10 000 дан зиёд киши ушланган, маълум қилинишича, бир неча юз киши ҳамон ҳибсда тутилмоқда.

Изолятордан чиқарилганларнинг аксари ҳибсда уларни қийноққа солишганини айтишмоқда. Жумладан, қирғиз жаз созандаси Викрам Рўзахуновни гўё ҳукуматга қарши митингларда қатнашиши учун пул таклиф қилишганидан сўнг Қозоғистонга келганлиги ҳақида “видеоиқрорнома” ёзишга мажбур этишгани ўртага чиқди.

“Иқрор видеоси” давлат телевидениеси орқали намойиш этилди ҳам, аммо Рўзахунов озодликка чиққач айтганидан тониб, ҳибсдалигида уни қаттиқ калтаклашганини айтди.

Бошқалар ҳам шунга ўхшаш саргузаштларни бошдан кечирганларини айтишмоқда, чунончи, фаоллар Асет Абишев ва Қуат Шомуратовда қийноқлар туфайли мия чайқалиши рўй берган.

Полиция ва кучишлатар ходимлар касалхоналарга келиб, ётиб даволанаётганлар орасидан гумонланувчиларни топиб, олиб кетишгани ҳақида хабарлар бор. Айрим ҳолларда беморлар тиббий амалиётдан чиқиши билан мажбуран олиб кетилган.

24 январда ИИВ вакили Нурдилда Ораз вазирлик январь воқеалари даврида ушланганларга нисбатан қийноқлар қўлланилганига оид еттита маълумот юзасидан текширув ўтказаётганини билдирди.

“20 000 террорчи”

Огоҳлантиришсиз отишга буйруқ берганини айтаркан, Тоқаев кўчаларда авж олган зўравонлик чет элда етиштирилган “террорчилар”нинг иши эканлигини иддао қилган эди. Кейинроқ бу таъриф “ажнабий террорчилар” ёки янада мужмал “қозоқ тилида гапирмайдиган одамлар”га алмашди. Шунингдек, президент мамлакатда террорчилик хавфининг “қизил даражаси”ни эълон қилди.

Тоқаев, жумладан, қарийб 20 минг чоғли бу “террорчилар” Олмаотанинг чекка ҳудудларида тўпланганини иддао қилиб, бу тикка ўт очиш учун буйруқ беришга асос бўлганини айтди.

У ўз иддаоларини биронта ҳам далил билан тасдиқлагани йўқ. Кўплаб намойишчилар уларни террорчи деб эълон қилишганидан ғазабланишди ва ўз муносабатларини билдириш мақсадида кичикроқ норозилик акциялари ўтказишди.

“Террорчилар” таҳдиди Тоқаевнинг тартиб-интизом ўрнатишда ёрдам сўраб россия раҳбарлигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилиши учун ҳам расмий сабаб ўлароқ хизмат қилди. Президент таъбирича, Қозоғистонга ташқи кучлар хавф солган ва уни даф қилиш учун дастак зарур бўлган.

КХШТ 30 йиллик тарихида илк маротаба аъзо мамлакатлардан бирига қўшин киритишга розилик берди: асосан Россия ҳарбийларидан таркиб топган 2-3 минг кишилик контингент қарийб бир ҳафтага Қозоғистонга йўлланди.

Айрим таҳлилчилар “КХШТ кучлари тартиб ўрнатиш учун эмас, балки Назарбоев тарафдорлари билан жорий президент ўртасида кечаётган муҳтамал урушда Кремль айнан Тоқаевни дастаклашини кўрсатиб қўйиш мақсадида, бир мужда сифатида йўлланди”, деб ҳисоблайдилар.

Бироқ КХШТ қўшинлари киритилиши Қозоғистонда жуда кўпчиликка оғир ботди: фуқаролар Тоқаевнинг бу ишини мамлакат суверенитетига зарар, дея баҳолашди.

Ортга назар ташлар эканмиз, 19 январга қадар Қозоғистондан тўлиқ чиқиб кетган бу ажнабий ҳарбийлар Тоқаевга нега зарур бўлганини тушунишимиз қийин.

Тоқаев минглаб террорчилар ҳақида писанда қилишни тезда бас қилди, бошқа расмий шахслар эса январь воқеаларига “бузғунчи кучлар” алоқадорлигини иддао қилишда давом этишаётгани билан, биронта факт ёки рақам келтиришгани йўқ.

24 январь ҳолатига мамлакат бўйича 711 киши ҳибсда қолмоқда ва, афтидан, Қозоғистонда минглаб террорчи ҳеч қачон бўлмаган.

Халқ ғазабига нишон бўлганларнинг жазосиз қолиши

Ғарбий Қозоғистонда бошланган тинч норозилик бутун мамлакатга ёйилган пайтда намойишчиларнинг талаблари фақат ёқилғи нархини пасайтиришдан иборат эмасди.

“Шал, кет!” (“Чол, кет!”) – Тоқаев президентлигининг илк кунларидан бери норозилик чиқишларининг энг машҳур шиори бўлиб қолган. Январь митингларида ҳам ҳамма ёқда шу хитоб янгради.

“Чол” деганлари бу 81 ёшли собиқ президент Назарбоевдир, унинг ўзи “элбоши” деб улуғлашларини хуш кўради.

2000-йиллар бошида Конституцияга киритилган ўзгартишлар Қозоғистоннинг биринчи президентига у расман истеъфо берганидан кейин ҳам энг муҳим идора ричагларини сақлаб қолиш имконини берган бўлса, қудратли Хавфсизлик кенгаши раисининг ваколатлари Назарбоев президент лавозимини узил-кесил тарк этиб, ушбу органга раҳбар бўлиши арафасида янада кучайтирилди.

Бинобарин, мамлакат қандай бошқарилаётгани ёки Тоқаев расман президент бўлганидан сўнг уни ким идора қилаётганида кўпчилик ҳеч қандай фарқ кўрмагани сабабини тушуниш осон.

Бироқ “Чол, кет!” хитоблари нафақат Назарбоевга қарши, балки у яратган ва унинг оила аъзолари ва дўстларини миллиардерларга айлантирган бошқарув тизимига ҳам қарши қаратилган эди.

Тоқаев 5 январь куни Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан олди. Шундан сўнг кўп ўтмай Назарбоевнинг уч куёви Қозоғистоннинг йирик ширкатлари ва ташкилотларидаги муҳим лавозимлардан бирин-кетин олинди. Назарбоевнинг жияни Самат Абиш миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан бўшатилди.

Шунингдек, Тоқаев махсус фонд ташкил қилинишини эълон қилиб, Назарбоев президентлиги даврида катта бойлик орттирганлар бу фондга маблағ ўтказиши лозимлигини айтди. Бу 30 йил давомида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини “эмиб келганлар” топган бойликларининг бир қисмини қайтариш билан қамоқдан қутулиб қолишлари мумкинлигига ишорадир.

Элиталараро курашда Тоқаевнинг қўли баланд келганидан сўнг Назарбоев оиласи аъзолари молиявий талафот кўра бошлаган эсалар-да, уларга нисбатан текширув-тергов бўлиши ёки узоқ йиллардан бери халқ мулкини очкўзларча ўзлаштиришгани учун уларни жавобгарликка тортишлари мумкинлиги ҳақида ҳеч гап йўқ.

20 йил муқаддам Конституцияга киритилган ўзгартишлар амалда Назарбоев ёки унинг яқин қариндошларини терговга тортишни ман этади.

Назарбоевнинг ўзи Қозоғистон тарихида илк бор давлат лавозимидан маҳрум бўлди ва 18 январь куни халққа мурожаатида ўзини “пенсионер” деб атади.

Воқеаларнинг бу тахлит ривожланиши Назарбоевнинг иззат-нафсига катта зарба бўлгани шубҳасиз, бироқ “элбоши” унга нисбат берилаётган улкан бойликлар ва мулклар тафтиш қилинишидан ёки унинг қўли бор дея тахмин қилинаётган оғир жиноятлар учун қандайдир жазога тортилишидан қўрқмаса ҳам бўлади.

Янги давр?

Шундай қилиб Тоқаев, ниҳоят, Назарбоевдан халос бўлди ва, афтидан, президент лавозимида ўз бошқарув йўналишини белгилашга ҳақли.

Аммо у чинакам президентликни ҳуқуқ-тартибот идораларига тартибни сақлаш учун мамлакат фуқароларига қарши ҳар қандай кучни ишга солишга рухсат бериш ва ўз сиёсатини оқлаш учун сохта таҳдид яратишдан бошлади.

Қолаверса, танг аҳволда қолган пайтда қўшин юбориб, дастаклагани учун у энди Кремлдан қарздор.

Ва Тоқаев, қозоғистонликлар “бизни 30 йил алдашди ва талаб келишди” дея айблаётган Назарбоевларни жавобгарликка тортадиганга сира ўхшамайди.

Бошқа томонда – Тоқаев президент бўлганидан бери жамоатчилик талаб қилиб келаётган ва ҳануз ўтказилмаган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ҳам бор.

Бинобарин, яқинда президент ҳадемай ўзгаришлар бошланишига ваъда берган бўлса-да, у ягона президентга айланган дастлабки кунлар мустақил Қозоғистон тарихидаги энг машъум палла ўлароқ хотираларда ҳали узоқ сақланади.

XS
SM
MD
LG