Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:54

Олмаотадаги хунрезлик. Воқеаларга гувоҳ бўлган Озодлик мухбири ҳикояси


Мамлакатнинг жанубий пойтахти - Олмаотада норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетди. Қозоғистон, Олмаота, 12 январь, 2022.
Мамлакатнинг жанубий пойтахти - Олмаотада норозилик намойишлари зўравонликларга айланиб кетди. Қозоғистон, Олмаота, 12 январь, 2022.

Газ нархи оширилишига қарши Жанаўзенда 2 январь куни бошланган норозилик намойишлари Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларига ҳам кўчди. Мамлакатнинг жанубий пойтахти - Олмаотада норозилик хунрезликларга айланиб кетди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг энг йирик шаҳрига “20 минг террорчи” ҳужум қилганини айтди.

Январнинг илк кунлари норозилик намойишлари ва тартибсизликлар марказига айланган Олмаотада бўлган Озодликнинг қозоқ хизмати мухбири ўз кўзи билан кўрганларини ҳикоя қилади.

4 ЯНВАРЬ. ТЕАТР ОЛДИДАГИ МАЙДОН, МАДҲИЯ, ЕТАКЧИСИЗ МИТИНГ

4 январь оқшоми. Соат саккизлар атрофида. Шаҳар чеккаси, Олмаотанинг қуйи қисми. “Алатау” театри олдида одамлар тўпланмоқда. Полиция автоуловлар йўлига ғов қўймоқда. Мен машинани “Алмати Арена” спорт саройи орқасида қолдирдим.

Театрга яқинлашар эканман, “спецназчилар” театр томонга бораётган одамларни битталаб тутиб, автозакка олиб боришаётганини кўрдим. Айримларни ерга судрашар, қаршилик кўрсатганларнинг жигари ва буйругига аёвсиз уришарди.

Автозакка олиб кетилаётган бир қиз дод солди. Йиғилганларнинг нигоҳи унга ва “спецназ”га қаратилганди. Вазият таранглашди. Кутилмаганда полициячилар қизни қўйиб юборишди. Одамлар пайдар-пай келиб туришибди. Ҳаммани ушлаб бўлмасди – автозаклар етмасди барибир. Полиция одамларни тутишни бас қилиб, “Алатау” театри олдидаги майдонга ўтиладиган йўлни тўсди. Қора кийимли “спецназчилар” йўлкада саф тортишди. Театр томонга ўтмоқчи бўлганлар каловланиб, тўхташди. Кўчанинг у бетида ҳам одамлар тўплана бошлади. Бир маҳал бу оломон қўзғалиб, йўлни кесиб ўта бошлади. Куч ишлатар ходимлар билан юзма-юз келишди. “Спецназчилар” ҳушёр тортишди. Улардан бири шундай деди: “Бизга тегмасанглар, биз ҳам сизларга тегмаймиз”.

“Спецназчилар” тегмаётганини кўрган одамлар театр олдидаги кенг майдонга йиғилиб, зинадан кўтарила бошладилар. Узоқдан қараганда театр олдида кўпмингкишилик хор сафлангандек туюлиши мумкин эди: зинапояда турганлар мадҳияни куйлашарди. Одамларнинг қўлларидаги минглаб телефонларнинг фонуслари воқеа жойини ёритарди.

Олмаота, 4 январь, 2022.
Олмаота, 4 январь, 2022.

Театр олдидаги оломон ортиқ нима қилишни билмасди. Гоҳ-гоҳида: “Биз Жанаўзенни қўллаймиз!”, “Тўпланинглар!” дея хитоб қилишарди. Ҳар ёқдан: “Ким нутқ сўзламоқчи?”, “Биронтангиз гапиринг!” деган овозлар келарди.

Мен митингчилар орасида бирон етакчини кўрмадим, одамлар ўзларича тўпланишганди.

Эски танишимни учратиб қолдим. Бу издиҳом ичида мен танийдиган ягона одам эди у.

– Одамлар нима қилишни билмаяпти. Ҳеч ким гапирмаяпти, тушунтирмаяпти, – деди танишим.

– Биров тушунтирмоқчи бўлганида ҳам унинг овозини ҳеч ким эшитмайди. Карнай йўқ-ку, – деб жавоб бердим.

Баъзилар театр олдида 10 минг киши тўпланганини айтишарди. Менинг ҳисобимга кўра, митингчилар 2-3 минг атрофида эди.

ПОЛИЦИЯ БИЛАН ТЎҚНАШУВ

Тахминан бир соатлардан сўнг полиция ходимлари, афтидан, “тутинглар” деган буйруқ олишди. Улар саф тортишди, сўнгра зинапоя этагида турган одамларга қараб юришди. Оломон ҳужумга ўтган полиция одамларни қўлга олмаслиги учун кучи борича ҳаракат қилди. Қаттиқ қаршиликка учраган “спецназчилар” чекинишга мажбур бўлишди.

Биринчи ҳамлани даф қилган ёшлар бу ёғига нима қилишни билмасдилар. Яна саросима бошланди. Бир пайт издиҳомдан кимдир ажралиб чиқиб, Момишули кўчаси тараф юрди, қолганларга унга эргашишди. Норозилик намойиши бошланди. Йўлбошчи ким? Қаёққа отланишди? Орқада кетаётганлар буни билишмасди чамаси.

Мен илдамроқ юриб, намойишчилардан юз одимча берида тўхтадим. Иккита ҳарбий машина етиб келиб, ичидан каска, қалқон ва резина таёқли аскарлар тушишди. Издиҳом уларга яқинлашди. Одамлар орқасига қайрилиб, тарқалишади, деб ўйлагандим. Лекин ёшлар тап тортмай уларга ташланишди. Аскарларнинг қалқонлари тушиб кетди, ўзлари ерга йиқилганча бошларини чангаллаб олишди, йигитлар эса уларга тепкилашга киришди. Қаттиқ олиш бўлди. Намойиш қатнашчиларидан бири “Суратга олма!” деб бақирди ва телефонимни тортиб олмоқчи бўлиб, унга уланган қувватлаш мосламаси шнурини узиб юборди. Бошқа шнур олиш учун машинага қайтишимга тўғри келди.

Полиция тўсиғини ёриб ўтган намойишчилар Момишули кўчаси бўйлаб юқорилаганча Ақсай микротуманига етиб боришди.

МАЙДОНДАГИ НАМОЙИШ

Машина ёнига бориб келишимга 20 дақиқа чамаси вақт керак бўлди. Оломон аллақачон узоқлашиб кетган, аммо “Алатау” театри қаршисида, Момишули кўчаси ёқалаб бир неча юз кишидан иборат бошқа издиҳом пайдо бўлганди. Ўша ердагилардан бири “бу учинчи тўлқин, дастлабки иккитаси спецназчиларни ёриб ўтиб, шаҳар марказига йўл олди”, деб айтди.

Момишули кўчасида “учинчи тўлқин” ичида турарканман, ҳамкасбларим Маншук Асаутай ва Азамат Жанкатовлар етиб келишди. Биз одамлардан “Талабларингиз нима?” деб сўрай бошладик. Улар Тоқаевни қўллаб-қувватлаймиз, аммо коррупцияни йўқ қилиш керак, деб жавоб беришди. Ярим тунга яқин “Алатау” театри ёнидаги майдон ҳувиллаб қолди: полициячилар ҳам, ҳарбийлар ҳам тарқалиб кетишди.

Олмаота кўчаларидаги ёшлар. 4 январь, 2022.
Олмаота кўчаларидаги ёшлар. 4 январь, 2022.

Ҳамкасблар билан шаҳарнинг юқори тарафидаги бизнинг офисимиз жойлашган “Нурли Тау” бизнес-марказига жўнадик. Абай шоҳкўчасидан юришнинг иложи йўқ эди, айланма йўлга ўтишга мажбур бўлдик. “Алатау” театри ёнидан отланган оломон Абай кўчаси бўйлаб марказий майдонга томон борарди.

БИРИНЧИ ҚАРШИЛИК

Офисга тунги соат бирда етиб келдик. Икки даҳа нарида жойлашган Республика майдонидан пақилдоқ товушлар эшитиларди. Полиция махсус воситаларни ишга солаётганди. Биз видеони компьютерга кўчириб, тахминан 3:30 да майдонга етиб бордик.

Кучишлатар ходимлар намойишчиларни чекинишга мажбур этган, ҳамма ёқда ҳарбийлар юришарди. Ҳаводан газ ҳиди анқир, атрофда тошлар, гильзалар сочилиб ётар, асфальтда эса қон доғлари бор эди.

Сатпаев ва Сайфулин кўчалари чорраҳасида кимдир чиқинди контейнерини йўлга олиб чиқиб, ёқиб юборди. Ундан қуйироқда полицияга тегишли учта юк машинаси ёнарди. Ўт ўчирувчилар елиб-югурганча олов билан курашардилар.

Биз гумбурлаган саслар таралаётган ғарб томонга юрдик. Қарийб 200 чоғли қуролли кишилар юз қадамча наридаги оломонга қарата ёруғлик-шовқин гранаталарини ирғитишарди. Гранаталардан бири ёнгинамизда портлади. Оператор Азамат Жанкатов икковимизнинг томоқларимиз ачишиб, кўзларимиз ёшланди. Тоза ҳаводан нафас олволгани турар-жойлар даҳаси томонга чопдик. Ярим соатларда ўзимизга келиб, Сатпаев кўчасига қайтдик. Курашаётган иккала томон ҳануз рўбарў ҳолатда эди. Намойишчилар темир тўсиқларни қўпориб, унинг бўлакларини қалқон қилиб олишганди. 200 дан зиёд ҳарбийлар қаршисида 50-60 чоғли намойишчи турарди.

Гумбирлаш саслари эрталабгача тўхтамади. Соат олти яримларда сукунат чўмди. Жанаўзенликларни қўллаб бошланган намойиш шу билан тугади, уни бостиришди, деб ўйладим.

5 ЯНВАРЬ. ТОМДАГИ ПОЛИЦИЯЧИЛАР, ЖУРНАЛИСТГА ЎҚ УЗИШ

Соат саккизда ҳамкасбим Аян Калмурат телефон қилиб, мени уйғотди. Шаҳар нотинч эди, таҳририятда мухбирларга топшириқлар берилди. Мен ўтган кеча намойиш бўлган “Алатау” театри олдидаги майдонга жўнадим.

Етиб борганимда у ерда чамаси 50 киши тўпланиб турган экан. Аскарлар ва полициячилар қораси кўринмасди. Улар тунда оломонни тўзғитиб, шаҳарни тўлиқ назоратга олишган бўлса керак, шу боис ҳам ҳаммаёқ тинч, деган хаёлга бордим. Театр теварагида биронта ҳам кучишлатар ходим йўқ эди.

Оломонга яқинлашиб, нима мақсадда бу ерда туришгани билан қизиқдим.

– Нарх-наво ошишини тўхтатишсин. Қашшоқлашиб кетдик, йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ, – деди бири.

– Жанаўзен билан Ақтауда ҳукумат митингчилар билан музокара қиляпти. Нега бизнинг ёнимизга ҳеч ким чиқмайди? Нега биз билан ҳеч ким қизиқмаяпти? – гап қотди бошқаси очиқ ғазаб билан.

Йигитлар ҳорғин кўринишарди, кечаси билан ухламай, кўчада юришган, шекилли. “Биз Тоқаевни қўллаймиз, коррупцияни тўхтатсин”, деб қичқиришди улар.

Полиция микроавтобусига ҳужум. 4 январь, 2022.
Полиция микроавтобусига ҳужум. 4 январь, 2022.

Ёшлардан бири, қурилишда ишлаётган ўнтача ўзбек меҳнат мигранти ҳам майдонга чиқишганини, чунки “қозоқлар бош кўтарганида қўл қовуштириб туришни хоҳламаган”ини айтди. Ўзбеклардан бирини оёғидан яралашган эмиш.

Издиҳом орасида жамоат фаоллари йўқ эди. Тўпланганлар Тўлабий кўчаси томонга юришди. Бир нечта юк машинаси йўлга кўндаланг қилиб қантарилган эди. Намойишчилар йўлини тўсиш учун полиция қўйган бўлса керак, деб ўйладим. Маълум бўлишича, намойишчилар ўзлари машиналарни тўхтатиб, шу алфозда қантаришган экан.

Тўлабий ва Саин кўчалари кесишмасида пачоқланган ҳарбий юк машинасига кўзим тушди. Кимдир кабинага чиқиб, моторни ёқди, аммо ғилдиракларида ел қолмаган машина жойидан жилмади. Шунга қарамай бир талай ёшлар қийқирганча бортга чиқиб олишди.

“Сайран” автовокзали ёнида “Нур Отан” партияси офиси ёнаётганини кўрдим. Фаҳмимча, кечаси ўт қўйилган.

Автовокзал олдида намойишчилар эски трамвай рельсларини қўпориб олиб, Ўтеген ботир ва Тўлабий кўчалари чорраҳасини тўсишди. Ўз юмуши билан кўчага чиққан шаҳарликларнинг машиналари тирбандликда қолди. Аммо теваракда йўл ҳаракати нозири ёки полицияси ҳамон кўринмасди.

Издиҳом шу яқинда жойлашган Ауэзов тумани полиция маҳкамаси биносига йўналди. Уларга ҳеч ким дарвозани очмади. Кўп ўтмай томда полициячилар юрганини пайқадик. Улар намойишчиларга қарата кўздан ёш оқизувчи газ тарқатувчи гранаталарни отишарди.

Намойишчилардан сўрадим: “Муддаоларингиз нима?” Улар тунда қўлга олинганлар озод этилишини талаб қилишди. Қанча одам ушланганини билишмасди. Айримлар ёнимга келиб: “Сиз журналистсиз, талабларимизни ҳукуматга етказинг”, дейишарди.

Тез орда икки аёл ва бир кексароқ эркак полиция маҳкамаси биноси олдига келиб, “Биз билан гаплашинглар”, дея қичқира бошлади. Ёшлар четроқда туришарди. Бошқармадан ҳеч ким чиқмагач, намойишчилар яна Тўлабий кўчасидан эниб, марказий майдонга жўнадилар.

Тўлабий ва Рўзибакиев кўчалари кесишувида ҳамкасбим Аян Калмурат етиб келди. Оператор Санат Нурбеков иккови намойишни кузатиш учун қолишди, мен эса офисга қайтдим. Ҳамкасбларим Республика майдонига довур боришибди. Улар бу орада ўт қўйилган шаҳар акимати ва президент қароргоҳини тасвирга олишган. Ҳукумат биноларига ким ўт қўйган, нега ишғолнинг олдини олишмаган, ўт ўчирувчилар нега йўқ – бу саволлар жумбоқлигича қолди.

Ҳамкасбларим номаълум одамлар уларга ўқ узишганини, лекин қочишга муваффақ бўлганларини айтишди. Майдонда қолиш хатарли бўлиб қолгач, Аян ва Санат офисга қайтишибди.

6 ЯНВАРЬ. АВТОМОБИЛДА ОЛИНГАН ИНТЕРВЬЮ

Интернет бутунлай ўчирилган. Олмаота ва пойтахтда нималар бўлаётгани номаълум. Нур-Султон янгиликлари миш-миш каби оғиздан-оғизга кўчарди: “Президент Тоқаев ҳукуматни истеъфога чиқарганмиш”, “МХҚ раиси Карим Мансимовни ишдан олишганмиш”, “МХҚ раисининг ўринбосари, собиқ президентнинг жияни Самат Абиш қамоққа олинганмиш” ва ҳкз.

Кўчаларда автоуловлар деярли йўқ эди. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин сотиш тўхтатилди.

Фавқулодда ҳолат эълон қилинди, кечалари комендант соати амал қилади.

Мен уйдан чиқиб, Қалқаман микротумани томонда одамлар цистерналарни очиб, челаклаб бензин олишаётганини эшитиб, ўша ёққа жўнадим. Аммо йўл тўсиб қўйилгани сабабли қайтишга тўғри келди.

Райимбек шоҳкўчасида оломон шундоқ асфальтда автомобиль покришкалари ва дарахтларни ёқарди. Кечагина ҳукумат олдига ўз талабларини қўйган одамлар бугун шаҳарнинг турли қисмларида алғов-далғов ва бебошлик қилардилар.

Чамаси иккиларда бир неча фаол қўнғироқ қилиб, мени майдонга чақиришди. Фаоллардан бири – Бесжан майдонда фақат тинч намойишчилар борлигини, ҳарбийлар ва аскарлар йўқлигини айтди. Кейин бошқа бир киши сим қоқиб, намойишчилар штаби бошлиғи Жасарал Куанишалин билан сўзлашишни таклиф қилди. Улар ўзлари Саин кўчасига етиб келишди ва мен машинада Куанишалиндан қисқа интервью олдим. Шаҳарда нега хаос давом этаётганини, уни ким назорат қилаётганини сўрадим. Куанишалин шундай жавоб берди: “Ҳокимият тепасида ким тургани номаълум. Тоқаев ҳам, Назарбоев ҳам бу тизим билан бирга даф бўлсинлар. Талабларимиз адо этилмагунча биз майдонда қоламиз”.

Республика майдони томон юраётган намойишчилар. Олмаота, 4 январь, 2022.
Республика майдони томон юраётган намойишчилар. Олмаота, 4 январь, 2022.

Интервьюдан сўнг Рисқулов кўчаси бўйлаб Республика майдонига йўл олдим. Соатига 60 км тезликда ҳайдарканман, ортимдан каттакон юк машинаси қувиб етиб, чироқларини ўчириб-ёқа бошлади. Мен машинани чапга олиб, унга йўл бўшатдим. Қўшни полоса бўш эди – юк машинаси шусиз ҳам мени қувиб ўтиши мумкин эди. Аммо у машина атай ортимдан қувиб келарди ва, сал ҳаяллаганимда менга уриларди ҳам. Ойнадан қарасам, рақамлари ечиб олинган ҳарбий юк машинаси экан. Рулдаги одамни кўролмай қолдим. Мақсади нима эди – мени қўрқитишми ёки машинамни тортиб олишми? Газни босиб, ошиғич тарзда бошқа кўчага бурилдим. У орқада қолиб кетди.

“БИЗ ОДДИЙ ОДАМЛАРМИЗ! ТЕРРОРЧИ ЭМАСМИЗ!”

Республика майдонига келиб кучишлатар идоралар ходимларини учратмадим. Одамлар машиналарини майдон ўртасига қантаришганди. “Пресса” деб ёзилган нимча кийиб олган каминага кўпчилик ола қарар эди. Йигитлар менга тегишмади, ёшимни иззат қилишди, шекилли. Майдонда 300 лар одам бор эди. Бир неча ўн киши плакатлар кўтарганча менга яқинлашди. Узун плакатда қалин ҳарфлар билан “Биз оддий одамлармиз! Террорчи эмасмиз!” деб ёзилганди.

Яқинда қазо қилган диссидент Арон Отабекнинг сафдоши ва 1990-йилларда фаолият юритган “Алаш” партияси лидерларидан бири бўлган Муратбек бу “тинч митинг”лигини, уларнинг ҳамма ёққа ўт қўйган ва мародёрлик қилган бебошларга алоқаси йўқлигини айтди. У ҳам ўзини штаб аъзоси ўлароқ танитди.

Ёнимизга келган ёш йигитлар акимат ва президент маъмурияти биноларини бошқалар ёққанини айтишди. Улардан бири шундай хитоб қилди: “Биз Тоқаевни қўллаймиз. Тоқаев, биламиз, сен коррупционер эмассан. Назарбоевлар оиласини тўхтат!”. Сўнгра ортига ўгирилиб, сўради: “Тоқаевни қўллаймизми, йўқми?!” “Қўллаймиз!” – қичқиришди одамлар.

Кечқурун қайтарканман, катта эҳтимол билан, кечаси ҳарбийлар ҳудудни намойишчилардан тозалашади, деб ўйладим. Майдонда кўрганим ўша қуролсиз одамлар тирикми, йўқми, уларга нима бўлди – сира хабарим йўқ. Тикка отишга буйруқ берилган ҳарбийлар тинч намойишчилар билан бебошлик қилганларни қандай фарқлаши ҳам менга қоронғу эди.

7 ЯНВАРЬ. ЧЕЛАКЛАРДАГИ БЕНЗИН. МАРОДЁРЛИК

7 январь, жума куни Озодлик радиоси офисига бордим. Москвадаги “Дождь” телеканалининг икки мухбири биз билан шаҳарга чиқишга қарор қилишди. Уларнинг ўзларида машина йўқ, бизнинг уловимизда бензин ярим бакча қолганди холос. Шаҳар кечагидан ҳам беҳаловат туюлди. Республика майдонидаги ҳарбийлар дам-бадам акимат ва президент қароргоҳига қарата ўт очишарди. “Нега отяпсизлар, кимга отяпсизлар?” деб сўрай олмадик. Бизни яқин йўлатишмади. Майдон четида пеш ойнасида ўқлардан беш-олти тешик қолган эски машина турарди. Олдинги йўловчи ўриндиғида қон қотиб қолганди.

Биз марказий кўчалар бўйлаб кетдик. Тўлабий кўчасида кўплаб савдо марказлари ва банкоматлар ғорат қилинган, машиналар ёниб ётарди.

Шаҳарда аксилтеррор амалиёти бўлаётгани ҳақида радио орқали огоҳлантиришди. Биз Қалқаманга йўл олдик. Микрорайонга кирарканмиз, бир гуруҳ ёшлар Райимбек кўчасидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида цистерналардан челаклаб бензин олаётганларни тўхтатишга уринаётганини кўрдик.

Махсус кучлар намойишчиларни ҳайдамоқда. Олмаота, 4 январь, 2022.
Махсус кучлар намойишчиларни ҳайдамоқда. Олмаота, 4 январь, 2022.

– Бу ерда ўнга яқин “террорчи” бор эди. Улар ўткинчи машиналарга бензин сепиб, ёқиб юбормоқчи бўлганлар. Биз гуруҳ тузиб, уларни ҳайдаб юбордик. Қаёққа даф бўлишганини билмаймиз, – деди йигитлардан бири.

Бошқа ёқилғи шохобчаларида ҳам челакда бензин олишарди. Қалқаманда ҳарбийларни кўрмадик.

“Террорчилар” шаҳардан чиқишдаги “Апорт” савдо марказини талаётганини эшитгач, ўша ёққа кетдик. Йўлда озиқ-овқат ва рўзғор ашёларига тўла аравачаларни судраб кетаётган ва бир нечтадан елимқопча кўтариб олган одамларга дуч келдик.

Маълум бўлдики, талон-торож қилинган “Апорт” эмас, “Магнум” супермаркети экан. Аёллар, ёшлар, кексалар қўлларига илинган нарсани олишганди. Қуролланган одамларга кўзимиз тушмади.

Бизга ҳамроҳлик қилаётган қалқаманлик йигитлар мародёрликни тўхтатиш учун эшик олдига туриб, бинони қўриқлашга киришишди. Ҳеч кимни ичкарига киритишмади. Кейин хабар қилинишича, “Магнум”дан нарига ҳеч ким ўтолмагач, кийим-кечак ва пойафзал бутиклари зиён кўрмабди.

Қалқамандан қайтарканмиз, бир неча кун ичида илк дафъа полициячиларни кўрдим. Ўндан ортиқ қуролланган ходим 4-5 та машинада шаҳарни айланиб юришарди.

БИНОЛАРГА КИМ ЎТ ҚЎЙДИ? ҚАНИ “20 МИНГ ТЕРРОРЧИ”?

8 январда шаҳарни тартибга келтира бошладилар. Кўчалар ёнган ҳарбий машиналар қолдиқларидан тозаланди. Вайрон қилинган дўконларнинг эшиклари тахта ва темир билан тўсилди. Бу пайтда айрим ОАВлар Олмаотадаги тадбиркорлик корхоналарига 80 млрд тангалик зарар етказилганини хабар қилди. Ким билсин, қандай ҳисоблашди экан. Одамларнинг бунақа ҳисоб-китоб билан иши йўқ, кўпчилик кўчага чиқишга ҳам юраги дов бермай, уйида ўтирарди.

Шаҳар морги шу куни гавжум бўлди. Одамлар ўз яқинларини қидириб келишарди. Келгувчиларнинг аксари журналистлар билан гаплашишни истамади. Бундан аввал Тоқаев “20 минг террорчи” ҳужум қилганини, аэропортни босиб олишганини айтди.

Аэропортга кимлар ҳужум қилганидан бехабарман. Ҳаво порти шаҳар марказидан анчагина узоқ.

Қозоқ аскари Олмаота кўчасини қўриқламоқда. 6 январь, 2022.
Қозоқ аскари Олмаота кўчасини қўриқламоқда. 6 январь, 2022.

Деярли ҳаммавақт “Алатау” театри ёнида бошланиб, Олмаота марказида давом этган намойиш иштирокчилари орасида бўлдим, аммо қуролланган террорчиларга кўзим тушмади. Мен ҳаётида илк бор спецназ кордонини ёриб ўтиб, марказий майдонга чиққан 20-25 ёшли йигитларни кўрдим. Озиқ-овқат, сув келтирган рақамсиз автомобилларни кўрдим. Лекин, кейинроқ расмий ОАВларда бу автомашиналар “қурол ташилган”и ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

XS
SM
MD
LG