Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

"Буйруқ келди, сизларни отиб ташлаймиз". Қозоғистонда қийноққа солинган ўзбеклар ҳикояси


Ўзбекистоннинг 23 фуқароси 2 йилу 8 ойдирки, Қозоғистондаги 2022 йил январь воқеалари чоғида Олмаота яқинидаги бир қишлоқда кучишлатар ходимлар томонидан қийноққа солинганларини исботлаб бера олишмаяпти. Қўшмамбет номли бу қишлоқдаги чала битган бинода қарийб юз нафар одам сақланган: турли қийноқлар қўллаш орқали уларни қилмаган жиноятларига иқрор қилдирганлар.

Қозоғистон тарихига "Қантар (январь) воқеалари" номи билан кирган оммавий тартибсизликлар чоғида давлат телеканали бир йигит тартибсизликларда пул эвазига иштирок этганини тан олгани акс этган видеони намойиш этганди. Кейинроқ у қирғиз мусиқачиси Викрам Рўзахунов экани ва қийноқлар натижасида иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбур бўлгани ойдинлашди. Бу иш халқаро жанжалга сабаб бўлди. Ушбу воқеа қозоқ ҳукуматининг “террорчилар Марказий Осиё давлатларидан бирида тайёрланган” деган иддаоси пучлигини кўрсатди.

Оммавий қийноқхоналардан бири Олмаотадан 36 чақирим масофада жойлашган Қўшмамбет қишлоғида бўлган. У ерда, жумладан, чет эл фуқаролари ҳам сақланган. Ҳозирда Қозоғистон Бош прокуратураси 23 нафар Ўзбекистон фуқаросининг қийноққа солинганига доир жиноят ишини тергов қилмоқда. Ишдаги барча тарафлар, жумладан, шикоятчилар ва уларнинг адвокатларидан ҳам тергов сирини ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олинган.

“50 ёшгача бўлган эркаклар тушсин!”

Азиз – Ўзбекистон фуқароси, ёши 40 дан ошган. У ҳақиқий исмини очиқламаслик ва тасвирга олмаслик шарти билан Озодликка интервью берди. Азиз 2022 йил Январь воқеалари чоғида қийноқларга дучор бўлган ва ҳозир терговда қатнашмоқда. У тергов сири саналган маълумотларни тилга олмаган ҳолда ўз бошидан кечирганларини сўзлаб беришга рози бўлди.

“Мен Олмаоатадан Чимкентга озиқ-овқат жўнатардим. Шартнома бўйича 2022 йил 5 январда етиб бориши керак бўлган юк етиб бормади. Олмаотада уни 300 киши кутаётганди. Юкни етказишга масъул одам эса қўнғироқларга жавоб бермасди. Шундан сўнг бошлиқлар шарт қўйишди: “Ё товарни етказасан, ё ишдан бўшатамиз!” Шундан сўнг 7 январь куни Чимкентга жўнаб кетдим, шаҳар анча тинчиб қолгандир, деб ўйлагандим”, дея ҳикоя қилади Азиз.

Азиз Олмаота четидаги “Олтин Ўрда” бозори ёнида Чимкентга қатнайдиган автобусга ўтиради. Ҳеч бир ёмон хаёлга бормайди, чунки автобусда ёш болалилар ва қариялар ҳам бор эди. Бироқ Олмаотадан 90 чақирим наридаги Таргап қишлоғига кираверишда ниқоб таққан ҳарбийлар автобусни тўхтатадилар.

“50 ёшгача эркаклар борми, қани туш ҳамманг!” деб буюришди. Тушдик. Ҳужжатларимизни текширишди, ҳаммаси жойида эди. Менинг сумкамда юк учун тўланиши керак бўлган анчагина пул бор эди. Улар кўриб: “Қанақа пул бу?” деб сўрашди. “Менинг пулим, товар олгани кетяпман”, дедим. Биттаси айтди: “Пул қолсин, ўзинг кетишинг мумкин”. Кўнмадим. Шунда йўлнинг нариги бетида турган бир одамни чақирдим, мени у билан жўнатишди. Биз ҳарбий кийимли одамлар ўтирган жойга бордик. Столнинг ўртасида бир уюм калит, телефон ва ҳамёнлар ётарди. У ҳарбийлар ҳам ниқобда бўлиб, бир нималарни ёзишарди. Биттаси мендан пул ҳақида сўради ва жавобимни кутмай тиззамдан пастроққа тепди, кўкрагимга калла қўйди. Сўнгра мени ўша атрофдаги омборхонага ўхшаган бир иморатга бошлаб борди. У ерда мендан ташқари қирқтача одам бор эди”, дейди Азиз.

Азиз кечга довур омборхонада етмиш чоғли одам йиғилганини эслайди. Кейинроқ уларни автобусга ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетадилар.

“Ҳарбийлар бизга: “Буйруқ келди, сизларни отиб ташлаймиз”, дейишди. Автобус ичида бизни қўлларимизи кўтарган ва бошимизни эгган ҳолда ўтиришга мажбур қилишди. Буйруққа итоат қилмаганлар калтакланди. Бир пайт автобус тўхтади ва бизни туширишди. Атрофга кўз қиримни ташласам, қабристон ёнида турибмиз. Бир нечтаси автоматдан ҳавога тариллатиб отганида тамом, куним битди, деб ўйладим. Кўплар калима келтира бошлади. Баъзилар эса: “Биз ҳам қозоқмиз-ку, сизлар билан оға-инимиз-ку”, дея ялинарди. Мен ва яна бир неча киши чет эл фуқаролари эканимизни айтдик, лекин биров қулоқ солгани йўқ”, дейди суҳбатдошимиз.

Кейинроқ маълум бўлишича, автобус қорга тиқилиб қолиб, уларни итариб чиқаргани туширишган экан. Аммо ҳақиқий қийноқлар ҳали олдинда эди.

“Унитаздан сув олиб ичардик”

Кейинги суҳбатдошимизнинг исми Карим. Ёши 50 ларда. У ҳар йили Олмаотага иш излаб келади, 3-4 дуч келган ишни бажариб озроқ пул топгач Ўзбекистонга, оиласи ёнига қайтади. Январь воқеалари бошланганида у тикув цехидаги ишини тугатиб, 700 доллар пулини олиб, уйга қайтаётган эди.

“7 январда Каскелендан автобусда Чимкентга жўнаб кетдим. Бир соатча юрганимиздан сўнг полиция тўхтатди. Ҳужжатларимизни текширишди, телефонларимизни тортиб олишди. Оддий текширувдир-да, деб аввалига парво қилмадик. Кейин қабристон яқинига олиб келишганида юрагимизга ваҳима кирди. Улар чўнтакларимиздаги барча қимматли буюмлар – узук, соат ва пулларни тортиб олишди”, дейди Карим.

Суҳбатдошимиз автобусда олтмиш чоғли одам бўлганини айтади. Шундан атиги икки нафари қозоқ, қолгани Олмаотада ишлаб қайтаётган меҳнат мигрантлари эди. Барчасини Олмаотадан 36 километр масофадаги Қўшмамбет қишлоғига элтиб, қурилиши битмаган ҳибсхонага қамайдилар.

“Автобусдан тушганимиз заҳоти бизни уриб-тепа кетишди. Ҳеч гап-сўзсиз. Камерага тиқиб, яна дубинкалар билан калтаклашди. Дастлабки беш кун деярли узлуксиз калтак едик. Бешинчи куни Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси вакили келгач, уришни тўхтатишди. У ерда жами 10 кун бўлдик”, давом этади Карим.

У ана шу воқеаларга қадар Олмаотадаги тўполонлардан буткул бехабар бўлганини айтади. Тинч намойишлар қуролли можарога айланиб кетгани ҳақида ўзи каби тутиб келтирилган одамлардан эшитган.

“Камерада 10-11 киши эдик. Тўрт кун умуман туз тотмадик. Бир қултум сув беришгани йўқ. Камерадаги унитаздан сув олиб ичдик. Тўрт кундан сўнг бир тўғрамдан нон ва бўтқага ўшаш овқат беришди. Гоҳида қайноқ сув ҳам беришарди”, дейди Карим.

Ўзбекистон ҳибсга олинган фуқароси юзасидан Қозоғистонга нота йўллади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:29 0:00

Изолятордаги “гўштқиймалагич”

Карим ҳам, Азиз ҳам Қўшмамбетдаги ҳибсхонага қамалганлар сони 100 га яқин бўлганини айтишди. Бинода асосий қурилиш ишлари битгани билан ҳали фойдаланишга топширилмаган, шу боис иситиш тизими йўқ эди. Январь қаҳратони, камераларнинг бетон деворлари ва муздек поли тутқунларнинг турмушини жаҳаннамга айлантирди. Боз устига, уларни кунда сўроққа олиб чиқиб, ўласи қилиб калтаклашарди.

“Сўроқ қилиш учун “гўштқиймалагич” деган жой бор эди. У ерда тутқун ичкийими қолгунча ечинтирилиб, полга юзтубан ётқизиларди. Кейин биттаси оёғи билан гарданингизга босар, яна бири эса товонингизга дубинка билан аямай соларди. Бу пайтда бошқа икки киши савол берарди: “Қаерда эдинг? Нима қилгансан? Имзо чекасанми, йўқми?” Мен ҳар гал: “Айбим йўқ, қўл қўймайман”, деб жавоб берардим, уларга бу ёқмасди ва мени яна уриб-тепкилаб, сўнгра камерага олиб бориб ташлашарди”, дейди Азиз.

Унинг сўзларига кўра, қийноққа дош бера олмаганлар “айби”га иқрор бўлиб, протоколга қўл қўйиб беришган. Беш ёки олти кун ўтгач бошлиқлардан бири кириб: “Эртага консулларингиз келади, агар унга арз қилсанглар бу ердан тирик чиқмайсизлар. Яна бир нарса эсингизда бўлсин: жароҳатларни бу ерда эмас, йўлда олгансизлар, тушунарлими?” дейди.

“Бир ҳафтадан сўнг консул келди ва бизларни эшитгач: “Қозоғистон ИИВ барча ҳолатларга ойдинлик киритгач, агар айблов учун асос бўлмаса сизларни қўйиб юборишади”, деди ва кетворди. Мени 10 кун деганда қўйиб юборишди”, хотираларида давом этади Карим.

Каримни хотини излай бошлаган эди. У “қайтяпман” деб хабар берганча алоқага чиқмай қўйгач хотини Каскелендаги иш берувчи билан боғланиб, ҳаммани оёққа турғизади. Иш берувчи Каримни қидириб уч кун касалхона, ўликхона ҳамда полиция маҳкамаларини кезади ва ниҳоят уни Қўшмамбетдан топади. У ҳужжатларни олиб келиб, Карим Каскелендан ҳеч қаёққа чиқмаганини, доим цехда ишлаганини айтади ва 10 кунлик тутқунликдан сўнг ишчисини қутқариб олишга муваффақ бўлади.

“Иш берувчим мени олиб кетиб, бир ярим ой даволатди. Касалхонага ётишдан бош тортдим, чунки у ердаги дўхтирларга ишонмасдим. Бу кўргиликлардан анчагача ўзимга келолмадим. Формали одамни кўрсам оёқ-қўлимда титроқ турарди. Тўрт ойгача нафас олишда қийналиб юрдим, нафас олсам кўкрагим санчиб оғрир эди”, дейди Карим.

Карим бир ярим ой деганда оёққа туради ва бетоблигига қарамай, дарҳол ишига қайтади. Яна икки ой ишлаб йўлкирага пул орттиргач, уйига жўнайди. У бўлган воқеалардан сўнг Қозоғистонга оёғи тортмай қолганини яширмайди. Аммо на иложки, Ўзбекистонда тайинли иш йўқ эди, шу боис у бир неча ой ўтгач қайтиб келишга мажбур бўлади. Ҳозирда у пластик ромлар ишлаб чиқариш цехида ишламоқда.

“Шикоят ёзиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Лекин ўзбек ҳуқуқ фаоллари оилам билан боғланиб, шикоят аризаси ёзсам, мени қийноққа солганларни жавобгарликка тортиш мумкинлигини айтишибди. Улар хотинимга Викрам Рўзахунов воқеасини сўзлаб бериб, Қозоғистондаги ҳуқуқбонларнинг телефон рақамларини беришган. Шундай қилиб мен “Халқаро ҳуқуқий ташаббус” жамоат фондига мурожаат қилдим”, дейди Карим Озодлик билан суҳбатда.

Карим билан Азиз қийноққа солган кимсаларнинг шахси аниқланишига ва жазога тортилишига ишонишмайди. Ҳаммалари ниқобда бўлгани учун ҳеч бирининг юзини кўришмаган. Шундай бўлса ҳам, одамларни қийнаш нотўғрилигини ва бунинг учун жазо борлигини бошқаларга англатиш мақсадида шикоят ёзишга қарор қилишибди.

“Моддий зарарга даъво қилмайман. Лекин қўлимда кумуш узугим бор эди. Кўзли никоҳ узугини 20 йил муқаддам, тўйимизда хотиним совға қилган. Кумуш бўлса ҳам у мен учун жуда қадрли. Ўша узукни қайтаришса хурсанд бўлардим”, дейди Карим.

Азиз эса товар учун тўлаши керак бўлган пулни қайтариб олишга умид қилмоқда.

Тергов

Қўшмамбетдаги қийноқларга доир ишни Бош прокуратура тергов қилмоқда. Гумонланувчи тариқасида тўрт киши ҳибсга олинган эди, аммо кейинроқ улар шаҳардан чиқиб кетмаслик шарти билан қўйиб юборилган.

Аввалига уларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодекси 146-моддасининг 1-2 бандлари бўйича айблов эълон қилишади. Яъни, дастлаб улар жиддий модда – “мансабдор шахслар томонидан “гуруҳ бўлган ҳолда”, маълумот ёки иқрорлик ифодаси олиш мақсадида қийноқлар қўлланиши” жиноятида гумон қилинган эди. Аммо сўнгра айблов нисбатан енгил бўлган “шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабатда бўлиш” номли моддага ўзгартирилади. Биринчи моддадаги икки қилмиш учун атиги икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Айблов ўзгартирилмаган тақдирда эса қийноқ қўллаганлар 6 йилгача қамоқ олиши мумкин бўларди.

“Биз айбловга рози эмаслигимизни айтдик. Шундай бўлса-да, айни пайтда вазият шунақа”, дейди “Халқаро ҳуқуқий ташаббус” жамоат фонди раҳбари, ҳуқуқ фаоли Айна Шорманбаева.

У шу иш бўйича Азиз ва Каримдан ташқари яна 21 нафар ўзбекистонликнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

“Камида 100 киши Қўшмамбет қишлоғидаги маъмурий қамоқ жазосини ўташга мўлжалланган ҳибсхонада 10 кундан зиёд ушлаб турилган. Ҳибсхона биноси у вақтда фойдаланишга топширилмаган эди. Автобуслардан туширилганлардан ташқари, таксида кетаётган мигрантларни ҳам ўша ерга олиб борганлар. Уларни қийнаганлар гумон қилинаётган олти киши билан чекланиб қолмайди. Буйруқ берганларни ҳам қўшганда олти эмас, ўнлаб одам жавобгарликка тортилиши керак”, дейди Айна Шорманбаева.

Ҳуқуқбонга кўра, даставвал ишни Олмаота вилояти полиция департаменти кўрган. Бироқ ишда бирон силжиш бўлмаган ва Бош прокуратурага ўтганидан кейингина иш қайтадан юритувга олинган.

Олмаотадаги тартибсизликлар вақтида бедарак кетган ўзбекистонлик қани?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:09 0:00

Ҳозирда тергов охирлаб қолган. Томонлар тергов сирини ошкор этмаслик ҳақида тилхат беришгани сабабли Шорманбаева ҳам, Азиз билан Карим ҳам ишнинг процессуал ҳолати бўйича Озодликка батафсил маълумот бера олишмади.

Жорий йилнинг 22 апрелида Бош прокуратура қирғиз мусиқачиси Викрам Рўзахунов ҳамда Қўшмамбет қишлоғидаги ҳибсхонада қийноққа солинган “бошқа фуқаролар”га доир жиноят ишини тергов қилаётганини билдирган эди.

Бош прокуратуранинг Озодлик сўровига жавобида айтилишича, “тергов ҳали давом этмоқда”.

“Тергов сири нуқтаи назаридан бошқа маълумотлар ҳозирча очиқланмайди ва жиноят иши иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олган ҳолда жамоатчиликка тақдим этилади”, деб ёзган прокуратура.

Аввалроқ Бош прокуратура Қўшмамбетдаги қийноқлар иши бўйича далиллар тўпланганини маълум қилган эди.

Мазкур иш доирасида 28 май куни Олмаота полиция департаменти бошлиғининг собиқ ринбосари Берик Абилбеков қамоққа олинган. Прокуратура, тергов манфаатларини рўкач қилиб иш тафсилотларини яширмоқда.

“Ўрта асрлар воқелиги”

Расмий қайдларда январь воқеалари чоғида 268 киши ўлгани айтилади. Улардан 6 нафари тергов ҳибсхоналарида қийноқдан жон берган. Икки йил муқаддам Бош прокуратуранинг махсус прокурорлар хизмати бошлиғи Ризобек Ожаров икки киши – Олмаотадаги вақтинча сақлаш изоляторида, уч киши – Шарқий Қозоғистон вилоятида ва яна бир киши Толдиқўрғонда ўлганини маълум қилган эди.

Январ воқеаларидан сўнг, тўполонлар чоғида ушлаб кетилган одамлар қийноққа солинганига доир кўп маълумот ўртага чиқди. Тутқунларнинг ҳикояларида “айбига иқрорлик кўрсатмасини олиш учун” кучишлатар ходимлар уларни дўппослагани, қайноқ дазмол ва электрошокер билан қийнашгани ҳақида гап боради. Айримларга эса “омбир билан тишларингни суғуриб оламиз, тирноқларинг тагига игна тиқамиз”, дея таҳдид қилинган.

Озодлик радиоси қозоқ хизмати касалхонада оғир аҳволда ётган беморлар тергов изоляторларига келтирилиб, калтаклангани ҳақида бир нечта мақола эълон қилган эди. ИИВ қийноқлар қўлланганини аввалига инкор этган бўлса, кейин юзлаб шикоятлар тушганини ва ўнлаб ходим қўлга олинганини тан олишга мажбур бўлганди. Ўша ходимларнинг аксари судланган.

Қозоғистонда мотам куни. Ўлганларнинг аниқ сони номаълум қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:22 0:00

2022 йилнинг баҳорида президент Қасим-Жомарт Тоқаев янги бош прокурор Берик Асиловни таништираркан, унга “қийноққа солиш деган Ўрта аср ҳодисаси”ни илдизи билан йўқ қилиш вазифасини юклаган эди. У январь воқеаларини синчковлик билан ва ҳар томонлама тергов қилишга буйруқ бериб, “тергов ҳаракатларини амалга ошириш чоғида қонун ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш зарур”лигини урғулаган.

Президентнинг ўша чиқишидан кўп ўтмай Олмаота вилояти полиция департаментининг собиқ бошлиғи, январь воқеалари чоғида комендант бўлган Серик Кудебаев ҳибсга олинди ва 10 йилга қамалди. У Қозоғистон Жиноят кодексининг 362-моддаси (“Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш”) 4-қисми ва 146-моддаси (“Қийноқлар”) 2-қисмининг 1-банди бўйича айбдор деб топилди. Суд уни жазо муддатини ўташ учун ўртача тартибли муассасага юборди, шунингдек полиция генерал-майори унвони ва давлат мукофотларидан маҳрум этиш ҳақида Қозоғистон президентига тақдимнома киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. Тергов маълумотига кўра, январь воқеалари чоғида Олмаота вилояти полиция департаменти бошлиғи бўлган Кудебаев намойиш ва тартибсизликлар бўлаётганига қарамай Толдиқўрғондаги департамент идорасини тарк этган ва қийноқларни ташкил қилган.

Бундан ташқари, август ойи бошида Ерлан Тургумбаев ҳам суд қилинди, у январь воқеалари чоғида Ички ишлар вазири эди. Намойишлардан сўнг Тургумбаевни ваколатларини суиистеъмол қилишда айблашди, пировардида суд уни беш йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этди. Иш ёпиқ тарзда кўрилгани боис тафсилотлар номаълум. Расмий ахборотда “ҳукм чиқариш чоғида судланувчининг айбига иқрор бўлгани, чин кўнгилдан пушаймонлиги ва биринчи марта жиноят содир этгани инобатга олинган”и қайд этилган.

Форум

XS
SM
MD
LG