Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2024, Тошкент вақти: 01:35

Ўзбекистон хабарлари

Қозоғистондаги автоҳалокатда ўзбекистонлик йўловчи вафот этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида уч автомобиль иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида 51 ёшни қоралаган ўзбекистонлик қурбон бўлган.

“Ақ Жайиқ” нашри хабарига кўра, мазкур автоавария Атирау – Доссор йўлида 15 июнь куни тонгги соат 6:30 ларда рўй берган.

Қайд этилишича, КамАЗ, ПАЗ ва Nexia русумли автомобиллар тўқнашгани оқибатида Nexia машинасида келаётган ўзбекистонлик йўловчи воқеа жойида жон берган.

ЙТҲ қурбонининг жасади ватанига йўлланганми-йўлланмаганми - бу ҳақда ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси сайтида ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам бу ҳақда хабар берилган эмас.

Кун янгиликлари

ОТМларга 900 минг чоғли абитуриент ҳужжат топширди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш ишлари поёнига етган. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, тест синовларида иштирок этиш учун 894 минг 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Булардан 410 минг 334 нафари жорий йил битирувчилари, 483 945 нафари эса аввалги йиллар битирувчиларидир.

Абитуриентлар энг кўп Тошкент шаҳрида (161 минг 369 нафар), Самарқанд вилояти (93 минг 92 нафар) ва Қашқадарё вилоятида (89 минг 188 нафар) тест топшириши маълум бўлган.

Абитуриентларнинг 784 минг 458 нафари таълим тили ўлароқ ўзбек тилини, 84 минг 774 нафари рус тилини, 22 минг 534 нафари қорақалпоқ тилини, 2 минг 513 нафари эса бошқа тилларни танлашган.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги абитуриентларга тест синовларида иштирок этиш учун тўловни 26 июнь соат 23:59 гача амалга ошириш лозимлигини эслатган.

Россияда шилқимликда айбланган ўзбекистонлик 14 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Калининград вилоятида суд вояга етмаган қизалоққа тегажоғлик қилган ўзбекистонлик шахсга нисбатан 14 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

РИА Новости хабарига кўра, ўзбекистонлик 59 ёшли Ш. ўтган йилнинг август ойида Шевченко кўчасидаги уйлардан бирининг ёнида 11 яшар қизчани кўриб қолган.

У автобус бекатигача бўлган йўлни кўрсатиб қўйиш баҳонасида қизчани меҳмонхона томонга олиб кетган. Йўлда у қизчага ўпишишни таклиф қилган, қизалоқ буни рад қилган.

“Эркак унинг футболкасини ечишга ҳаракат қилган, қизча қаршилик қила бошлагач эса унинг юзидан тишлаб олиб, велосипедига ўтириб, кетиб қолган”, дейилган агентлик хабарида.

Суд ўзбекистонлик эркакни Россия Жиноят кодексининг “14 ёшга етмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатган ҳолда шаҳвоний ҳаракатлар содир этганлик” моддаси бўйича айбдор деб топган.

Суд қарори билан 14 йилга кесилган ўзбекистонлик Ш. жазони қаттиқ тартибли колонияда ўтайдиган бўлган.

Ўзбекистонда Педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилади.

Бу тартиб, “Ҳуқуқий ахборот” Telegram канали қайдича, мамлакат президентининг 21 июнь куни қабул қилинган “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфидаги Республика педагогик таълим ресурс маркази фаолияти уларни Педагогик маҳорат миллий институтига қўшиш орқали тугатилади. Институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ташкил этилади.

Қарор билан 2024/2025 ўқув йилидан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилиниши белгиланган.

Бунда мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўйсунувига ўтказилади, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича “Виртуал касбий ривожлантириш” электрон дастури жорий этилади.

Мирзиёев Россия ИИВ раҳбарини қабул қилди

Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев (архив сурати)
Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни амалий ташриф билан Тошкентга келган Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида терроризм, экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, киберхавфсизлик ва рақамли экспертиза соҳаларидаги ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган.

Миграция соҳасида ҳамкорлик механизмларининг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган хабарномада.

Россиядаги ўзбек мигрантлари билан боғлиқ масалаларни Владимир Колокольцев 25 июнь куни Тошкентда ўзбекистонлик ҳамкасби Пўлат Бобожонов билан ҳам муҳокама қилган.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати қайдича, учрашувда тарафлар Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек Ўзбекистондаги Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, улар орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва ноқонуний миграция ҳолатларига барҳам бериш, жиноятчилик, шу жумладан кибержиноятлар, фирибгарлик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда бошқа трансмиллий уюшган жиноятларга қарши курашиш, шунингдек қидирувдаги шахсларни ушлашда соҳа хизматларининг ҳамкорлигига эътибор қаратишган.

Шунингдек, томонлар ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишида алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар”, дейилган ИИВ хабарномасида.

Россия президенти Владимир Путиннинг ишонган мулозимларидан бири ўлароқ билинадиган Владимир Колокольцев шу йилнинг май ойида РФда ҳукумат алмашган пайтда ҳам вазирлик курсисини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Қуйи палата “номақбул” чет элликларга оид қонунни қабул қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 25 июнь куни “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилишган.

Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда мазкур қонун лойиҳаси “ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқиши” қайд этилган.

Ҳужжат билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан “Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлиши мумкин.

Лойиҳада мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилган.

Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган”, дейилган палата матбуот хизмати хабарномасида.

Қайд этилишича, лойиҳа бўйича мунозаралар чоғида депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, мамлакатда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлашган.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси қуйи палатага кўриб чиқиш учун киритилгани ҳақида тақрибан икки ҳафта муқаддам маълум бўлган эди. Ўша пайтда лойиҳа “Қозоғистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Польша, Беларусь, ХХР каби давлатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиққан” ҳолда ҳозирлангани билдирилганди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида қонун лойиҳаси юзасидан турли мунозаралар кузатилган, ўзбекистонлик айрим фойдаланувчилар бу ҳужжатга Россиянинг “хорижий агентлар”га оид баҳсли қонунидагига ўхшаш моддалар киритилиб қолиши мумкинлигидан хавотир изҳор этган эдилар.

Мазкур лойиҳа қонун мақомини олиши учун Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиши ва мамлакат президенти томонидан имзоланиб, расмий матбуотда эълон қилиниши лозим.

Ўзбекистонга энг кўп турист қўшни мамлакатлардан келмоқда

Самарқанд Регистонидаги Тиллакори мадрасасини кезаётган туристлар (иллюстратив сурат)
Самарқанд Регистонидаги Тиллакори мадрасасини кезаётган туристлар (иллюстратив сурат)

Жорий йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистонга туристик мақсадда ташриф буюрган хорижликлар сони 2,8 миллион нафардан ошган.

Статистика агентлиги қайдича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 9,6 фоизга (248,2 минг нафарга) кўпдир.

Ўзбекистонга энг кўп турист йўллаган мамлакатлар учлигига мамлакатнинг минтақадаги қўшнилари – Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон кирган. 2024 йилнинг беш ойи давомида Ўзбекистонга, хусусан 871,5 минг нафар тожикистонлик, 857 минг нафар қирғизистонлик ва 498,2 минг нафар қозоғистонлик келиб кетган. Бу уч мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга туристик мақсадда ташриф буюрганларнинг қарийб 80 фоизини ташкил этган.

Бундан ташқари январь-май ойларида Ўзбекистонга Россиядан 289,6 минг нафар, Туркманистондан 53,8 минг нафар, Туркиядан 42,1 минг нафар, Ҳиндистондан 23,2 минг нафар, Хитойдан 22,8 минг нафар, Италиядан 15,3 минг нафар, Жанубий Кореядан 15,1 минг нафар, бошқа давлатлардан эса жами 148,7 минг нафар турист келган.

Агентлик туристларнинг 2 миллион 237 минг 400 нафари Ўзбекистонга қариндошларини йўқлаш, 426 минг 500 нафари сайёҳлик, 68 минг 400 нафари хизмат юзасидан, 51 минг 500 нафари тижорат, 46 минг 200 нафари даволаниш, 7 минг 400 нафари эса ўқиш мақсадида келганини маълум қилган.

Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасида 14 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан, Тошкент, 2024 йил 24 июни
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан, Тошкент, 2024 йил 24 июни

Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида 14 та икки томонлама ҳужжат имзоланган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, икки давлат президентларининг музокаралари якунида даставвал Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотга қўл қўйишган.

Шундан сўнг мезбон ва меҳмон президентлар ҳузурида Савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро дастур, Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ҳаво алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим, Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.

Ухнаагийн Хурэлсух Тошкентга рафиқаси Лувсандорж Болорцетцег ҳамроҳлигида 23 июнь оқшомида учиб келган.

Уч кунлик ташрифга оид тадбирлар 24 июнь куни эрталаб Кўксарой қароргоҳида Мўғулистон президентини расмий кутиб олиш маросими билан бошланган.

Шундан сўнг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказилган.

Музокаралар чоғида, президент матбуот хизмати қайдича, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш ҳисобига 5-10 баробарга ошириш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланган.

Шу мақсадда ҳукуматларга товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, Улан-Батор ва Тошкентда расмий савдо уйларини очиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш ҳамда бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилган.

Музокараларда геологик қидирув, хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилишдан ташқари қишлоқ хўжалиги ва турдош тармоқларда комплекс ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида сўз борган. Бу борада Қорақалпоғистон, Наманган ва бошқа вилоятларда йирик чорвачилик комплексларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар борлиги қайд этилган. Унда Мўғулистондан гўшт ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни импорт қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан товуқ гўшти, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таклифлар тайёрлангани айтилган. Шунингдек, "Ҳалол" стандартларига мувофиқ гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш ва минтақадаги мамлакатларга экспорт қилиш режалари қўллаб-қувватланган.

Шунингдек, тери ва жунни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича лойиҳалар таклиф этилди”, дейилган хабарномада.

Музокараларда бизнес, транспорт, маданий-гуманитар алоқалар, таълим, туризм, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, спорт ва ёшлар соҳаларида ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталинган.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши ортидан икки президент оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг беришган, кейин эса шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказишган.

Мазкур тадбирда Мўғулистон томонидан MCS Investment, Mongol Basalt, Tavan Bogd Group, Asia Pharma, Khanbogd Cashmere, Erdenezoo Trans, ICT Group, ORDGEO, LBH Technology, NCD Group, Mega Wood, Modern Nomads каби етакчи компаниялари раҳбарлари, Ўзбекистон томонидан эса Basalt Uzbekistan, BMB Holding, New Way Industries, Panaev Farms, Ezel Central Asia, Azia Metall Prof, “Жиззах Жун”, Procab ва бошқа хусусий компаниялар вакиллари иштирок этишган.

Бизнес вакиллари билан учрашувдан сўнг меҳмон президент мезбон президент ҳамроҳлигида Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт эккан.

Мўғулистон президенти Ўзбекистонга сафари давомида Хива шаҳрига ташриф буюриши режаланган.

"Бахти Ташкентский"суди: "Дарё" журналисти ИИБга чақирилди

Daryo.uz
Daryo.uz

Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг шериклари судини ёритиб бораётган “Дарё” нашри журналисти Отабек Қўлдошев ички ишлар бўлимига чақирилган.

“Дарё” нашри хабарига кўра, 22 июнь куни Юнусобод туман ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ 405-сонли таянч пунктига чақирилган Отабек Қўлдошевдан тушунтириш хати олинган.

“Дарё” журналистига эътироз 3 июндаги “Бахти Ташкентский” судидан тайёрлаган материал ортидан бошланган. Ўша судда судьянинг саволларига жавоб берган Бахтиёр Қудратуллаев қамоқдан чиққанидан сўнг давлат ташкилоти вакиллари унга алоқага чиқиб, мамлакатда ёшлар, спортчилар орасида пичоқбозлик кўпайиб кетаётгани учун “кўча”ни тартибга солишни сўраганини айтган эди. “Дарё” нашри судланувчи томонидан айтилган бу сўзларнинг исботи ўлароқ суд жараёнида тасвирга олинган видеони ёйинлаган эди.

“Дарё” қайдича, Отабек Қўлдошев билан мулоқот қилган профилактика катта инспектори, подполковник Хайрулла Дўстов унга 2024 йилнинг 3 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносидаги очиқ судда янграган маълумотни сайтда ёритгани учун гумонланувчи саналаётганини билдирган. Шу сабаб ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди раиси Толибжон Обидов томонидан тақдимнома киритилганини айтган. Аммо гумонланувчи сифатида ИИБга чақирилган журналист шикоят нусхаси билан таништирилган эмас.

Профилактика инспектори “ўша кунги судда видео олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатган” журналистга эътироз билдирган.

Шунингдек, ИИБ ходимлари журналист олиб чиққан маълумот хорижий ОАВда чиқиб кетганини айтган”, дейилган нашр хабарида.

“Дарё” журналисти эътирофига кўра, 3 июндаги судда ҳақиқатан ҳам суд терговига халал берувчи маълумотларни очиқлаш мумкин эмаслиги таъкидланган, бироқ судья суд терговига халал берувчи маълумотлар айнан нималардан иборатлигига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ Озодлик жорий йилнинг 3 июнь куни Юнусобод туман суди биносида Бахтиёр Қудратуллаев ва яна 36 кишининг жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошлангани ҳақида хабар қилган. Очиқ суд мажлисининг илк кунидаёқ “Бахти Ташкентский” кўчада тартиб ўрнатиш унга “давлат ташкилоти” томонидан топширилганини иддао қилган эди.

Бу баёнот ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Бунинг ортидан судга раислик қилувчи суд жараёнидан видео ва аудио ёзиб олишга чеклов киритган. Бу борада тарқатилган расмий баёнотда бу қарор “жамоатчиликда нотўғри тасаввурлар” шаклланмаслиги ҳамда “судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимоли” туфайли олингани қайд этилиб, бунга маҳаллий қонунчилик изн бериши ва бундай тартиб халқаро амалиётда ҳам қўлланилиши урғуланган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари “Бахти Ташкентский”нинг судда янграган ва муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу кўрсатмаси юзасидан бирон расмий изоҳ бергани йўқ.

Судьянинг суд жараёнидан видео ва аудио ёзиб олишга чеклов киритиш қарори жамоатчилик томонидан бир қадар тушуниш билан қабул қилинган бўлса, “Дарё” журналистининг бу борада ИИБга чақирилиши турли эътироз ва хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Урганч аэропорти қарийб уч ҳафтага ёпилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан Урганч халқаро аэропорти жорий йилнинг 20 июли Тошкент вақти билан соат 00:01 дан 7 август соат 23:59 гача ўз фаолиятини тўхтатади.

Uzbekistan Airports ширкати қайдича, бу вақт оралиғида аэропортда капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади, хусусан, узунлиги 3000 метр, эни 16 метр бўлган учиш-қўниш йўлаги юзаси бутунлай алмаштирилиб, мустаҳкамланади. Айни пайтда иккинчи ва учинчи юриш йўлакларини капитал таъмирлаш ҳам режаланган.

Капитал таъмирдан сўнг Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги Boeing 787 ва Airbus A330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Хоразм вилояти марказидаги аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги охирги марта 1997 йили капитал реконструкциядан чиққан. Урганч аэропортини реконструкция қилиш чоғида режалаштирилган рейсларнинг барчаси Нукус халқаро аэропортига йўналтирилиши билдирилган.

Мирзиёев Доғистондаги ҳужумлар ортидан Путинга таъзия билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дарбанд ва Маҳачқала шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Асадовга кўра, Мирзиёев ўз мактубида Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралаб, бу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликовнинг маълум қилишича, 23 июнь куни республикадаги черков, синагога ва куч ишлатар тузилмалари ходимларига қарши содир этилган ҳужум чоғида 15 нафар полициячи ва 5 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.

Меликов ўз мурожаатида Маҳачқалъа ва Дарбандда “тезкор-жанговар тадбирларнинг актив босқичи” якунланганини ҳам қайд этган. Унга кўра, мазкур тадбирлар давомида олти нафар жангари ўлдирилган. Аввалроқ Миллий аксилтеррор қўмитаси ҳужумчилардан беш нафари йўқ қилингани, улардан икки нафари Дарбандда, уч нафари эса Маҳачқалъада ўлдирилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Доғистон раҳбари ўз мурожаатида расмийлар “бу террор хуружларини уюштириш ортида ким тургани” ва “ташкилотчилар қандай мақсадга эришмоқчи бўлгани”ни англашини айтган. Бироқ у ҳужумчилар қандай мақсадни кўзлагани ва улар ким бўлганига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида ҳужумчилар орасида Доғистондаги Сергоқалъа тумани раҳбари Магомед Омаровнинг ҳам икки ўғли бўлганига оид иддаолар пайдо бўлган. “Интерфакс” агентлиги ҳужумда мулозимнинг ўғилларидан ташқари бир жияни ҳам иштирок этгани ҳақида ёзган. Агентлик манбаси уларнинг учови ҳам ўлдирилганини маълум қилган. Омаров қўлга олинган ТАСС агентлиги хабарига кўра, мулозимнинг уйида тинтув ўтказилган.

Ҳужумлар ортидан Россия Тергов қўмитаси мамлакат Жиноят кодексининг 205-моддаси (террор хуружи) бўйича жиноят иши қўзғаган.

Еврокомиссия воизи санкцияларни четлаб ўтиш оқибатидан огоҳлантирди

Европа комиссияси воизи Петер Стано
Европа комиссияси воизи Петер Стано

Брюсселда Марказий Осиё журналистлари билан учрашган Европа комиссиясининг воизи Петер Стано яна бир карра санкциялар масаласига эътибор қаратди. Бу ҳақда мазкур учрашувда қатнашган “Gazeta.uz” нашри мухбири хабар қилди.

Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага тажовузи ортидан мисли кўрилмаган молиявий чекловлар жорий этгани маълум. Брюссель Россиянинг яқин иқтисодий ҳамкорлари саналган Марказий Осиё давлатларини санкцияларни четлаб ўтишда Москвага кўмак бермасликка чақириб келмоқда.

Петер Станога кўра, Евроиттифоқ тузилмалари санкцияларни четлаб ўтишга уринишларга қатъий жавоб қайтаради.

“Санкциялар масаласи бизнинг синчков нигоҳимиз остида. Бирор-бир мамлакатда (санкцияларни четлаб ўтиш эвазига савдонинг) ўсишини кузатсак, тегишли ҳукумат билан алоқа ўртанамиз. Агар ҳукумат керакли чораларни кўрса, табиийки, пасайиш тенденцияси қайд этилади. Яъни биз бу ҳолатга қарши ҳам сиёсий усуллар, ҳам санкциялар воситасида курашишга ҳаракат қилмоқдамиз”, деган Еврокомиссия расмий вакили.

Петер Стано ман этилган товарларни Россияга қайта экспорт қилиш билан шуғулланаётган мамлакатлар ҳукуматларини халқаро қонунчиликка риоя қилишга даъват этган.

Маълумот ўрнида, ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан 2023 йилнинг 29-30 ноябрь кунлари Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари билан санкцияларга риоя қилиш юзасидан учрашувлар ўтказган эди.

“Биз Ўзбекистондан барча йўналишдаги санкцияларга тўла-тўкис риоя қилишни талаб этаётганимиз йўқ. Бу жуда мураккаб вазифа бўлур эди. Биз саноқли – тахминан 45 номдаги маҳсулотлар рўйхатини шакллантирганмиз. Улар Россиянинг ҳарбий саъй-ҳаракатларида ўта муҳим аҳамият касб этади. Биз айни шу товарларни Ўзбекистон каби учинчи мамлакатлар орқали қайта экспорт қилинишининг олдини олиш ҳаракатидамиз”, деган эди ўшанда ЕИ махсус вакили маҳаллий матбуотга берган интервьюсида.

UzAuto Motors ширкатининг онлайн контрактациясида яна техник носозлик кузатилди

Chevrolet Cobalt автомобили
Chevrolet Cobalt автомобили

UzAuto Motors ширкати 21 июнь куни соат 10:00 дан 25 минг дона Cobalt автомобили учун онлайн контрактация очилганини эълон қилди. Аммо Savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали шартнома олишга уринган кўп сонли мижозлар илк дақиқаларданоқ электрон платформа ишламай қолганидан шикоят қилган.

UzAuto Motors яна эски ҳунарларини қилишда давом этаётган кўринади”, дея ҳолатга муносабат билдирди жамоат фаоли Расул Кушербоев.

Автоширкат соат 10:09 да “техник носозлик сабабли узилишлар кузатилаётгани”ни тан олди. Орадан ярим соат ўтиб, техник носозлик бартараф этилгани маълум қилинди.

UzAuto Motors ширкатига кўра, 21 июнь соат 18:00 ҳолати бўйича Cobalt автомобили учун 23 минг 577 та шартнома тузилди.

Автомобиль хариди учун тузилган шартномалар бўйича тўлов етти календарь кун ичида амалга оширилиши лозим. Акс ҳолда, мазкур шартномалар автоматик равишда бекор қилиниб, контрактацияга қайта қўйилади”, деб огоҳлантирган автоширкат.

Монопол мавқега эга саналган UzAuto Motors ширкатининг онлайн контрактациясида техник носозликлар тез-тез рўй бериб туради.

Ўтган йил август ойида мамлакатдаги автосалонларда Cobalt, Lacetti ва Damas машиналари хариди бўйича шартнома тузиш учун узун навбатлар ҳосил бўлган эди.

Жиззахда боғча болаларини калтаклаган тарбиячи ишдан бўшатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги болалар боғчасида тарбияланувчиларни калтаклаган ходима ишдан бўшатилган. Бу ҳақда Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Жорий йилнинг 20 июнь куни ижтимоий тармоқларда бир аёлнинг болаларни шиппак билан ураётгани акс этмиш видео тарқалган эди. Аниқланишича, видеодаги ҳолат Ғаллаоролдаги 16-боғчада содир бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва Ғаллаорол тумани ММТБ масъуллари томонидан ишчи гуруҳи тузилган. Ҳолат ўрганилиши давомида тасвирда нохуш ҳодиса 16-боғча тарбиячиси томонидан содир этилгани тасдиқланган.

Бунинг ортидан тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ва у эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бошқарма хабарномасида боғчадаги ҳолат юзасидан хизмат текшируви давом этаётгани қўшимча қилинган.

Йил бошидан буён ТСА 26,5 млрд доллардан кўпроқни ташкил этди

Жорий йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 26 миллиард 733 миллион долларни ташкил этган. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида айтилган.

Агентлик ҳисоботидан келиб чиқилса, ТСА ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга (769,5 миллион доллар) ошган.

Қарийб 27 миллиард долларлик ТСАда 10 миллиард 856 миллион 500 минг доллари экспорт (1,9 фоизга ошган), 15 миллиард 876 миллион 500 минг доллари эса импорт (3,7 фоизга кўпайган) улушига тўғри келган.

Ҳисоботда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси энг кўп улушга эга бўлган мамлакатлар бешлигига Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия ва Жанубий Корея киритилган. Бунда ТСАдаги Хитой улуши 18,9 фоизга, Россия улуши 17,9 фоизга, Қозоғистон улуши 5,9 фоизга, Туркия улуши 4,5 фоизга, Жанубий Корея улуши эса 3,4 фоизга тенг бўлган.

Термизда блогер аёл саккиз суткага қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 19 июнь куни Термиз шаҳар судида блогер Фазилат Салимовага нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд қарори билан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ва 202.2-моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича айбли деб топилган блогерга 8 суткалик қамоқ жазоси ҳамда БҲМнинг ўн баробари миқдорида (3 миллион 400 минг сўм) жарима тайинланган.

Гувоҳлар иддаосича, беш яшар фарзанднинг онаси бўлган 33 ёшли термизлик блогер устидан суд ёпиқ тарзда ўтказилган.

Фазилат Салимованинг онасига кўра, қизи ИИБ ходимлари томонидан бир фуқаро калтакланаётганини кўриб, “урманглар, айби бўлса, қонуний жазосини беринглар” деб, ўша жойда жонли эфир қилгани учун маҳаллий расмийлар ғазабига учраган.

“Улар Фазилатга туҳмат қилишяпти”, деган блогернинг онаси бу суд аёлдан қасд олиш учун уюштирилганини иддао қилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG