Линклар

Шошилинч хабар
18 октябр 2024, Тошкент вақти: 09:09

Ўзбекистон хабарлари

Қўшмачиликда гумонланаётган икки аёл Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Одам савдосида гумонланган икки аёл 24 январь куни Истанбул халқаро аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумот тарқатди.

Ўзбек дипломатлари қайдича, депортация қилинганларнинг бири 1985 йилда туғилган Дилноза Умарова, иккинчиси эса 1983 йилда туғилган Мавлудахон Ўлмасова бўлиб, одам савдосида гумонланаётган Умарова 2018 йилдан буён, Ўлмасова эса 2017 йилдан буён Ўзбекистон ИИВ томонидан қидирилаётган эди.

Бу аёллар Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 10 январь куни қўлга олинганлар.

Дипломатлар ушбу шахслар хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ёки Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилиш сўраганлар.

Кун янгиликлари

Қозоғистондаги ЙТҲда олти ўзбекистонлик ҳалок бўлди

16 октябрь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти ҳудуди, Бейнеу-Тожен трассасида рўй берган ЙТҲ оқибатида Ўзбекистоннинг олти фуқароси ҳалок бўлди, яна тўрт нафари шифохонага ётқизилди.

“Казинформ” агентлиги маҳаллий полицияга таяниб ёзишича, Jac русумли енгил автомобиль чегарадан ўтиш ҳудудида, йўл четида тўхтаб турган MAN юк машинасига келиб урилган.

“Машинада 10 киши бўлган. Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган. Жароҳатланган тўрт киши эса Бейнеу туманидаги марказий шифохонага ётқизилган. Жабрланганларнинг аҳволи ўртача оғирликда. Беморларга керакли муолажалар кўрсатилмоқда”, дея маълум қилган Манғистау вилояти ички ишлар идораси.

ЙТҲ қатнашчилари бўлган автомобиллар Ўзбекистонда рўйхатга олингани аниқланган. Улар Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтаётган бўлган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисадан Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консуллиги хабардор қилинган.

“Daryo.uz” нашри ҳисоб-китобига кўра, 2017-2022 йилларда Қозоғистон ва Россияда рўй берган автоаварияларда 80 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган.

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида автобус ёниши оқибатда 52 ўзбекистонлик бевақт ҳаётдан кўз юмгани жамоатчилик ёдидан чиққани йўқ.

Парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

16 октябрь куни Ўзбекистон ва хориждаги сайлов участкаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги сайлови бўйича муддатдан олдин овоз бериш бошланди.

“Gazeta.uz” нашри хабар қилишича, муддатдан олдин овоз бериш 23 октябрга қадар, иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 гача давом этади.

Марказий сайлов комиссияси (МСК) 39 та давлатда 57 та сайлов участкаси ташкил этилгани, шундан 26 та давлатда муддатдан олдин овоз бериш ўтказилишини маълум қилган.

Сайлов-2024: "Янгича", аммо мухолифатсиз сайлов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:45 0:00

Хориждаги участкаларда муддатдан олдин овозлар маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.

Мамлакат қонунчилигига кўра, сайлов куни яшаш жойида бўлмаган фуқаролар муддатдан олдин овоз беришлари мумкин. Участкага келган фуқаро аризада сайлов куни кела олмаслиги сабабини (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳ.к.) кўрсатиши шарт.

Парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.

МСК Либерал-демократик партия, “Миллий тикланиш”, Экологик партия, Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашишга рухсат берган.

Урушда қатнашганлар "истисносиз жазоланади"- Ўзбек консуллиги

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш оқибатидан огоҳлантирди.

Консуллик Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра “ёлланиш” – хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланганини эслатган.

Украина. Ўзбек мигрантлари Украинадаги урушга ёлланмоқдами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:08 0:00

Бу ўринда дипломатик ваколатхона Россия томонида Украинага қарши урушаётан ўзбекистонликларни назарда тутаётганини англаш қийин эмас.

Қозон шаҳридаги бош консулликка кўра, Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этгани тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча фуқаролар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилади.

Дипломатик идора ватандошларни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга ундаган.

Таҳлилларга қараганда, Украинада Россия қўшини сафида жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчилик ташкил қилади. Улар асосан Россияда судланиб, қамоқхонада жазо ўтаётган кишилардир. Бироқ ёлланмалар орасида РФ фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.

Ўтган йили Украина урушида Россия томонида жанг қилган 34 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Мирзиёев 4700 та кўприкни таъмирлашни буюрди

Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистондаги 4700 та таъмирталаб кўприк уч йиллик дастур асосида босқичма-босқич таъмирланиши лозим.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни бўлиб ўтган йўл хўжалигига оид тақдимотда шундай топшириқ берган.

БМТ таҳлилида сифатли йўллар Ўзбекистон иқтисодиётининг камида 2 фоиз ўсишига туртки бериши қайд этилган.

Президент матбуот хизматига кўра, бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан 729 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, яқин кунларда Қўнғирот – Бейнау йўналишидаги 240 километр йўл фойдаланишга топширилади.

"Президентга 30 марта ёздик". Мирзиёевдан катта нарса кутган "Катта" қишлоқликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:01 0:00

Шунингдек, Гулистон – Андижон, Душанбе – Термиз, Бухоро – Туркманбоши, Урганч – Ҳазорасп йўлларининг муайян қисмлари қайта қурилади.

Мирзиёев йиғилишда Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғлайдиган 4 минг километрлик халқаро йўллар ҳолатини яхшилаш, Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Андижон оралиғидаги пулли йўл лойиҳаларини жадаллаштириш лозимлигини уқтирган.

Инфратузилмавий лойиҳаларда халқаро молия институтлари билан яқиндан ишлаш, хорижий консультантларни жалб этиш бўйича кўрсатма берилган.

2023 йил ноябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда Ўзбекистондаги 14863 та кўприкдан 32 фоизи қониқарсиз, 5-6 фоизи эса яроқсиз ҳолатда экани айтилган.

Озодлик аввалроқ Тошкент вилояти Нурафшон–Пискент автомобиль йўлининг 12-километрида кўприк қулаб тушгани ҳақида хабар берганди.

Сирдарёда 1-синф ўқувчисига нисбатан зўравонлик ҳолати ўрганилмоқда

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятининг шу номли туманида мактабда болага нисбатан зўравонлик ҳолати содир бўлган.

“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, 27-мактаб ўқитувчиси 1-синфда ўқиётган етти ёшли қизнинг қўлига игна санчган ва унинг ҳожатхонага чиқишига рухсат бермай, синф эшигини қулфлаб қўйган.

Қизнинг отаси бунга қўшимча дарслар учун 50 минг сўм тўлашдан бош тортгани сабаб бўлганини айтган.

Болалар омбудсмани вазият ўрганилаётгани, ИИБ томонидан ўқитувчининг хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув бошланганини маълум қилган.

Мактаблардаги зўравонлик: "Ўқитувчи 10 яшар боламни аёвсиз калтаклади"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:17 0:00

Жароҳат даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Сўнги хабарларга кўра, ИИБ олиб борган терговга қадар текширувда зўравонлик ҳолати юз бергани тасдиқланмаган. Аммо Болалар Омбудсмани бу борада ҳозирча ўз хулосасини эълон қилгани йўқ.

Мактабларда педагогларнинг ўқувчиларга нисбатан куч ишлатиши ҳолати кўпайгани айтилади.

2024 йил май ойида Фарғона вилояти Бувайда туманидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб директори рўмолини ечишдан бош тортган 7-синф ўқувчисини калтаклаган.

2024 йил февраль ойида Хоразм вилояти Хонқа туманидаги 36-сонли мактаб ўқитувчиси биринчи синф ўқувчиларини уриб ҳақоратлаган.

2023 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 217-мактаб директори ўқувчиларни калтаклаган.

ССВ фуқароларни коррупция ҳақида хабар беришга чақирди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт тизимида коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб бормоқчи, деб маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.

“Вазирлик қошида манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатлари бўйича тезкор хабар бериш, хато-камчиликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида республика бўйича ягона 1203 рақамли “Ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилган”, дейилади расмий билдиргида.

ССВ ватандошларни ўзлари гувоҳ бўлган коррупция ҳолатлари ҳақида “Ишонч телефони”, шунингдек, 71 241-10-65 рақами, янги ишга туширилган расмий телеграм бот (https://t.me/ssvantikor_bot), куну тун фаолият олиб борувчи 1003 қисқа рақамли “Сall-марказ” ёки info@ssv.uz электрон почтаси орқали хабар йўллашга ундаган.

Маълумотларнинг сир сақланиши кафолатланиши ва ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаслиги таъкидланган.

"Жин чиқариш": ССВ аҳолини "сохта табиб"лардан огоҳлантирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:17 0:00

Расмий статистикага кўра, соғлиқни сақлаш тизими таълим жабҳаси каби коррупция кўп учрайдиган йўналиш саналади.

Жорий йил 21 сентябрь куни Олий Мажлис сенатида тақдим этилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича учинчи миллий маърузада ҳам бу турдаги оид жиноятлар бўйича судланган шахсларнинг аксарияти таълим муассасалари, банклар, ҳокимликлар ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари ходимлари экани айтилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3837 нафар шахс коррупцияга оид жиноят содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Улар орасида соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари кўпчиликни ташкил этади.

ИИВ: Тошкентда 1 млн долларлик наркотик мусодара қилинди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳри Миробод туманида синтетик гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда “Kun.uz” нашри пойтахт ИИББга таяниб хабар берди.

Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўтказган тезкор тадбирда Яшнобод туманидаги хонадонда ва Тошкент вилоятида жойлашган уйда гиёҳвандлик моддалари ишлаб чиқарувчи лабораториялар ташкил этилгани аниқланган.

Икки лабораториядан умумий нархи тахминан 1 миллион долларга тенг, жами 14 килограмм 795 грамм синтетик гиёҳвандлик воситалари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Тошкент шаҳри ИИББ ЭКМ томонидан ўтказилган экспертиза мусодара қилинган ашёвий далилларнинг барчаси синтетик гиёҳвандлик моддалари эканини тасдиқлаган.

Ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши очилган. Гумондор қамоққа олинган.

Ўзбекистон АЭС қурилишига хориждан маблағ олмоқчи

Ўзбекистон кичик қувватли атом электр станциясини (КҚАЭС) қуриш учун хориж банкларидан маблағ жалб этмоқчи.

“Daryo.uz” нашри ёзишича, бу ҳақда “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги АЭС қурилиши дирекцияси директори Отабек Омонов 15 октябрь куни Тошкентда ўтказилган илмий анжуманда гапирган.

“Ҳозирда бир неча Европа, Россия ва маҳаллий банклар билан АЭСга сармоя киритиш бўйича музокара олиб бориляпти. Керакли таклифлар раҳбариятга тақдим этилган. Қайси банклар бизга маъқул таклиф берса, улар билан ҳамкорлик қилинади. Чет эл банклари кредити ҳам инвестицияга тенглаштирилади”, деган дирекция раҳбари.

Ўзбекистоннинг кичик АЭС режаси хатарли тажрибами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:49 0:00

Қайд этилишича, ҳозирда қурилиш учун танланган ҳудудда “ЎзГАШКЛИТИ” Қурилиш, геоинформатика ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа-қидирув илмий-тадқиқот институти томонидан кузатувлар, шунингдек, аэрометеорологик, гидрологик, гидрогеологик ва сейсмологик тадқиқотлар олиб борилмоқда.

“АЭС қурилишининг энг қизғин даврида майдонда 10 минг нафаргача қурувчи ишлайди. Биз уларга шароит яратиб беришимиз керак... 2025 йил якунигача майдончага АЭС жойлашуви бўйича рухсатнома олмоқчимиз. Муҳим асбоб-ускуналарни ҳам ўз вақтида жойлаштирсак, 2029 йил якунида станциянинг биринчи қисми ишга туширилиши мумкин”, деган “Ўзатом” вакили.

Жорий йил июнь ойида “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси вакиллари КҚАЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилоятида (Тузкон кўли) барпо этилади.

Дунё узра Путиннинг ядровий таҳдиди муаллақ турган паллада Ўзбекистон Россия билан биргаликда КҚАЭС қуришга киришаётгани маҳаллий фаолларнинг эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик бу лойиҳа Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.

Хорижда қаровсиз қолган болалар Ўзбекистонга қайтарилди

Иллиюстратив сурат.
Иллиюстратив сурат.

Октябрь ойи бошидан буён хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 11 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.

Сўнгги кунларда Хитойдан икки нафар, Россиядан бир нафар бола Ички ишлар вазирлиги ходимлари кўмагида Ўзбекистонга олиб келинган.

Яқин кунларда РФдан яна бир гуруҳ болалар олиб келиниши режалаштирилган.

Вояга етмаганларнинг оилалари ва Ўзбекистондаги яқин қариндошларини ўрганган агентлик улар “оғир турмуш шароитида қолдирилган” деган хулосага келган.

“Кейинчалик уларга боланинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда психологик ёрдам, ҳуқуқий маслаҳатлар, ўқишга жойлаштириш ва бошқа хизматларни ўз ичига олган комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатилади”, дейилади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарномасида.

Сўнгги ойларда хорижда қаровсиз қолган болаларни келтириш фаоллашгани кузатилди. Жорий йил август ва сентябрь ойларида Россиядан жами 45 нафар бола Ўзбекистонга олиб келинган.

Маълумот ўрнида, 2023 йил март ойида Ўзбекистон президенти болани хорижда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгиловчи тузатишлар акс этган қонунни имзолаган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон фуқаролигига эга болани ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланганидан кейин такроран содир этилса, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.

Ўзбекистон ипотека бозори қисқаришда давом этмоқда

Марказий банк эълон қилган жорий йил 9 ойи давомида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича статистика ана шундан далолат беради.

Январь-сентябрь ойларида ипотека кредити ҳажми 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 4,1 фоизга, олувчилар сони эса қарийб 20 фоизга камайган.

9 ой давомида жами 11,73 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу 2023 йилнинг ушбу даврига нисбатан 4,1 фоизга (490,3 млрд сўм) камдир.

“Gazeta.uz” нашрининг ёзишича, кўрсаткичнинг пасайиши барча манбалар, жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (-189,8 млрд сўм), банкларнинг ўз маблағлари (-222 млрд сўм) ва Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (-78,5 млрд сўм) ҳисобидан молиялаштиришни қисқартириш ҳисобига юз берган.

Сўров: Нарх-наво сизга қандай таъсир қилмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:56 0:00

Тураржойнинг асосий бозорлари ҳисобланган Тошкент шаҳрида ипотека кредити ҳажми сезиларли даражада қисқарган. Пойтахтда берилган бу турдаги кредитлар 3,76 трлн сўмдан 3,5 трлн сўмгача (-6 фоиз) тушган.

Аввалроқ Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳам Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида пасайиш тенденцияси кузатилаётганини маълум қилганди.

Марказ таҳлилига кўра, сентябрь ойида рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони август ойига нисбатан 4,2 фоизга камайиб, 21,2 мингтани ташкил этган.

Тошкентда икки блогер ҳажвий клип сабаб қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди юмористик клипда иштирок этган блогерлар – “brbalo” мусиқий гуруҳининг артистлари Камол Юсупов ва Аброр Ғуломовга 15 сутка қамоқ жазоси тайинлади.

“Gazeta.uz” нашри суд қарорига таяниб ёзишича, икки ижодкор “жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларини, яъни одоб ва ахлоқ нормалари, урф-одат, анъаналар билан белгиланган жамоат тартибини қасддан менсимасдан, ижтимоий тармоқда турли уятли ва ҳақоратомуз сўзлар билан сўкинган видеолавҳаларни жойлаш”да айбланган.

Судга ариза билан мурожаат қилган Тошкентнинг Қашқар маҳалласи раиси А.Тўхтаев “блогерларнинг ҳаракатларида ёшлар, вояга етмаганларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар мавжудлиги”ни айтган.

Маҳкама ҳужжатларига кўра, Юнусобод тумани ИИБ ходимлари икки блогерни профилактик суҳбатга таклиф қилган, бироқ улар “узрли сабабларсиз қонуний талабни бажармаган”.

Камол Юсупов ва Аброр Ғуломов судда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, узр сўрагани айтилган.

15 кунлик чақалоқ - ўзбeк қамоғи тутқуни
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:30 0:00

Судья З.Латипов уларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топган.

Икки блогерни панжара ортига йўлланишига сабаб бўлган “Абока 2” клипи жорий йил август ойида эълон қилинган бўлиб, унда чет эл қўшиқлари ўзбек тилида ҳазил оҳангида ижро этилган. Муқаддимада ушбу видеолавҳа ҳазил тариқасида суратга олингани ҳақида дисклеймер мавжуд.

Ҳозирда ушбу клип тармоқлардан ўчириб ташланган.

Камол Юсупов “go.uz” юмористик лойиҳаси иштирокчиси саналади. Аброр Ғуломов эса мусиқачи ва Ўзбекистон КВН Олий лигаси чемпиони сифатида ҳам танилган.

Тошкентда электрон овоз бериш синовдан ўтказилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

27 октябрда ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови куни Тошкент шаҳрида жойлашган айрим сайлов участкаларида электрон овоз бериш усули қўлланади.

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати маълум қилди.

“Gazeta.uz” нашрининг аниқлик киритишича, мазкур тизим Тошкент шаҳри ҳудудий сайлов комиссиясининг тавсиясига асосан пойтахтдаги 16, 17, 18, 19, 20, 21, 22, 23, 24 ва 25-сайлов участкаларида жорий этилади.

МСК матбуот хизмати маълум қилишича, синаб кўрилиши режалаштирилган электрон овоз бериш қурилмаларидан 37 та хорижий давлатда (АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия, Бразилия, Сингапур, Австралия ва бошқалар) фойдаланилган, улар орқали шу кунга қадар 6,5 миллиарддан ортиқ сайловчи овоз берган.

“Электрон овоз бериш тартиби овоз бериш ва сайлов натижаларини тезкор аниқлаш, овоз бериш жараёнларининг қонунийлигини таъминлаш, сайлов комиссияларининг иш ҳажмини мақбуллаштиришга хизмат қилади”, дейилади расмий хабарномада.

Сайлов-2024: "Янгича", аммо мухолифатсиз сайлов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:45 0:00

Қурилма сайлов бюллетенларининг электрон кўринишлари билан махсус дастурланган, монитор, қоғозни чоп этувчи ва автоматик тарзда кесувчи принтер, сайлов қутиси ва уни масофадан фаоллаштириш тугмасидан иборат. Ундан фойдаланиш тартиби участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан тушунтирилади.

Электрон овоз бериш синовдан ўтказиладиган сайлов участкаларида сайловчилар анъанавий ёки электрон овоз беришни мустақил танлаш ҳуқуқига эга.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.

МСК Либерал-демократик партия, “Миллий тикланиш”, Экологик партия, Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашишга рухсат берган.

Мамлакатда қонунчилик идораси сайлови сўнгги бор 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган.

Сирдарёда собиқ ИИБ ходими умрбод қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди уч кишини ўлдиришда айбдор деб топилган собиқ ИИБ ходими Мухтор Шарофбоевга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

“Kun.uz” нашри ёзишича, 1989 йилда туғилган Мухтор Шарофбоев оилали бўлишига қарамай, 2017 йил куз фаслидан фуқаро Э.Қамарова билан бирга яшаб келган.

2024 йил 26 апрель куни соат 23:00 ларда Шарофбоев Қамарованинг яшаш уйига борган. Эркак ва аёл жинсий алоқадан сўнг тортишиб қолган. Эркак хонада стул устида турган ўткир тиғли пилка (тирноқ текислайдиган мослама) билан аёлнинг бўйин, жағ ва пешонасига бир неча маротаба урган. Бунинг оқибатида аёл воқеа жойида вафот этган.

Шарофбоев шовқиндан уйғониб хонага кирган Қамарованинг вояга етмаган фарзанди ва кекса ёшдаги онасини ҳам бўғиб ўлдирган. Қотиллик қурбонлари – аёл 39, ўғил 12 ва она 73 ёшда бўлган.

Суд ҳужжатларига кўра, эркак жиноят изини йўқ қилиш мақсадида марҳумлар мурдаси ётган хоналарни ёқиб юборган.

Мухтор Шарофбоев 2022 йил январь ойидан Сирдарё вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхона навбатчилик қисми инспектори лавозимида ишлаб келган. 2023 йил декабрь ойида ўз аризасига асосан лавозимидан озод қилингани айтилган.

Ички ишлар вазирлиги квадроберларнинг ота-оналарини огоҳлантирди

Квадроберлар (иллюстратив сурат)
Квадроберлар (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилувчи квадроберлар пайдо бўлди.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида 10 октябрь куни ҳайвон ниқобини тақиб олган квадробер кўриниш берган. 11 октябрь куни яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлидан ҳужум қилган. Воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетгани айтилмоқда.

Экспертлар фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажратилиб қолишига олиб келиши мумкин... Мазкур ҳолатлар жамиятда юриш туриш қоидаларига зид бўлиб, бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмайди”, дейилган ИИВ расмий хабарномасида.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси ва “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбияси учун масъуллигини эслатган.

Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага сабаб бўлади.

ИИВ таъкидича, болаларнинг квадроберлик субмаданиятига эргашиши ҳам ота-оналарнинг ўз мажбуриятларини бажармаслиги ўлароқ малакаланади.

Квадробика болалар ва ўсмирлар орасида оммалашган тренд бўлиб, субмаданият ва фитнес қоришмаси ўлароқ баҳоланади.

Адлия вазирлиги: ССВ қалбаки дори воситаларини рўйхатга олган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Адлия вазирлиги дори воситаларини ноқонуний равишда давлат рўйхатига олгани сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирди, дея маълум қилди вазирлик таркибидаги Интеллектуал мулк департаменти.

Адлия идоралари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари ноқонуний давлат рўйхатига олингани аниқланган.

Жумладан, истеъмолчиларга яхши таниш бўлган “Магне B6”, “Имудон”, “Смекта”, “Дуспаталин”, “Элевит” каби товар белгилари остида ишлаб чиқариладиган дориларнинг контрафакт нусхалари “Магне B6”, “Nest Imudon”, “Smecta”, “Grand Imudon”, “Меr Dusрatanim”, “Элемалвит” кўринишида турли фармацевтика корхоналари номига ноқонуний давлат рўйхатидан ўтказилган.

Адлия вазирлиги ССВга хат киритиб, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатдан ўтказишда қонунчилик талаблари бузилишини олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бундай ҳолат такроран содир этилганда тегишли жазо чоралари қўлланиши ҳақида огоҳлантирган.

Қонунчиликка мувофиқ, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишда нафақат сифат, шу билан бирга, интеллектуал мулк ҳуқуқларига ҳам қатъий риоя этилиши керак. Қалбакилаштирилган ва аввал рўйхатдан ўтказилган дориларнинг ғайриқонуний нусхаларини ишлаб чиқариш тақиқланади.

Ўзбекистонда 2023 йили ўнлаб бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропидан вафот этгани ортидан дори-дармон ширкатлари устидан назорат кучайтирилгани айтилади.

Жумладан, жорий йил 1 июлдан дори савдоси устидан GVP (good pharmacovigilance practice) назорат амалиёти кучга кирган. Мазкур стандарт дори маҳсулотлари хавфсизлигини доимий мониторинг қилиш ва ножўя таъсирлари ҳақида назорат қилувчи органларга мунтазам ҳисобот бериб боришни кўзда тутади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG