Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:42

ФСБ Қримда ҳибсга олинган имомнинг "ўзбекистонлик" эканига урғу бермоқда (ВИДЕО)


ФСБ Қримда рейд ўтказмоқда, Севастополь, 2019, 26 март
ФСБ Қримда рейд ўтказмоқда, Севастополь, 2019, 26 март

Қримнинг Севастополь шаҳридаги масжид имоми “экстремистик чақириқлар”да айбланиб, ҳибсга олинди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) тарқатаётган хабарларида экстремизмда айбланаётган шахснинг “ўзбекистонлик” эканига урғу берилмоқда.

15 апрелда Россия ФСБ ходимлари Севастополнинг Балаклава туманидаги масжид имоми уйида ва маҳаллий масжидда тинтув ўтказди.

ФСБнинг Қрим бошқармаси расмий баёнотида тинтув ўтказилган масжид имоми тўғрисида бундай дейилган:

"Тергов томонидан аниқланишича, Ўзбекистонда туғилган бу шахс радикал исломчилар гуруҳи етакчиси сифатида Севастополнинг диний муассасаларидан бирида тақиқланган адабиётлар ёрдамида хутба ўқиган. У ўз қавмини диний ақидаларига қарши бўлган гражданларга нисбатан зўравонлик ҳаракатларини амалга оширишга даъват этган, пинҳона ўтказилган маърузаларида ўзининг экстремистик фаолиятига янги одамларни жалб қилган",- дейилади ФСБ баёнотида.

Имомга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 280- моддаси, 1- қисми (“Экстремистик фаолиятга оммавий даъват этиш”) асосида жиноят иши очилгани билдирилди.

ФСБ, Росгвардия ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан имомнинг яшаш жойи ва у бошқараётган масжидда “тақиқланган адабиёт, ҳужжатлар, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа буюмлар” мусодара қилингани айтилди.

ФСБ “радикал исломчилар гуруҳи раҳбари”ни ҳибсга олиш жараёни акс этган видеотасвирни ҳам эълон қилди.

Озодлик махфий хизматлар исмини очиқламаётган, лекин унинг “ўзбекистонлик” эканини айтаётган имомнинг миллати қрим татар бўлган 35 яшар Рустем Абилев экани ва у ёшлигида ота-онаси билан Ўзбекистондан Қримга кўчиб кетганини аниқлади.

Ўзини Рустам деб таништирган севастополлик Рустем Абилевнинг қўлга олиниши юзасидан фикр билдираркан, бундай деди:

- У кеча ҳибсга олинди. Билишимча, бугун уни ҳибсда қолдириш бўйича чора қўлланилади. Унинг қариндошлари гапиришдан бош тортмоқда. Уни экстремистик даъватларда айблашяпти. Иш шахсан ФСБ томонидан олиб борилаяпти. Менинг фикримча, бу оддий босим ўтказиш усули, уларга ёқмаётган Исломга қарши курашдир. Қрим татарлари ҳеч қачон террорчи ё экстремист етиштирмаган, зўравонликка қаратилган даъватлар қилмаган! Бу янги ҳукуматнинг халқимизни қўрқитиш усули, деб тушунаман.

Яна бир масалага эътибор беринг. Хабарларда имом Абилев айнан “ўзбекистонлик” эканига урғу берилаяпти. У анча йиллардан бўён Украина граждани бўлган, 2014 йилда буларнинг янги қоидасига кўра, Россия гражданлигига ўтган. Нега уни Ўзбекистонда туғилганига эътибор қаратишяпти?! Чунки одамларга “бу одам четдан, Ўзбекистондан келган, унинг ғоялари бизга ёт”, деган фикр уқтирилиши керак. Фсбчилар жамиятда шундай тасаввур ҳосил этишлари лозим, - деди Рустам.

Озодликка маълум бўлишича, 2015 йилда ФСБ Штурмовое қишлоғида жойлашган Рустем Абилев бошқарган бу масжид ва Россия қонунчилигига мувофиқ унда қайд этилган “Ҳаёт” диний ташкилотида ҳам тинтув ва текширувлар ўтказган.

1984 йилда туғилган имом Рустам Абилев 2006 йилда Қрим давлат тиббиёт институтини тамомлаган, ҳозирда тиш доктори бўлиб ишлаб келади. Рустем ҳамқишлоқлар орасида қўли очиқ инсон сифатида танилиб, маҳаллий масжидни ўз маблағлари эвазига кўтаргани маълум бўлди.

Мустақил кузатувчилар сўнгги бир неча йилда Қримнинг туб аҳолиси саналган қрим татарларига нисбатан турли кўринишда босим кучайганини қайд этмоқда.

Россияда блок қилинган “Кримская солидарность” интернет нашрига кўра, Қрим ярим ороли 2014 йилда аннексия қилинганидан бери Россия ҳукумати “Ҳизб-ут Таҳрир” диний партиясига алоқадорликда гумонлаб, қрим татарларига қарши оммавий жиноий ишларни сохталаштириб келмоқда.

27 март куни Қрим ФСБси ўлка бўйлаб “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотига алоқадорликда гумонланган 20 дан зиёд қрим татарлари уйларида оммавий тинтувлар олиб борилаётганини тасдиқлаганди.

Ҳозирда ҳизбчиликка алоқадорликда айбланаётган қрим татарлари жиноят ишлари билан боғлиқ ўнлаб суд маҳкамалари ва тергов ишлари давом этмоқда.

“Ҳизб-ут-Таҳрир” ташкилоти 2003 йилда Россия Олий суди қарори билан “террорчи” ташкилотлар рўйхатига киритилган.

XS
SM
MD
LG