Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:58

Қурултой: Ўзбек ëзувчиси “Бу кунлар” даҳшатини китоб қилди


 Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Таниқли ёзувчи, ўз вақтида Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг "Ҳидоят" журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурилло Отахонов) Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки 20 йилини ўз ичига олган “Бу кунлар” китобини ëзиб тугатди.

Шу кунларда электрон варианти ижтмоий тармоқларда ўқилаëтган бу китоб муаллифи Озодликнинг Қурултой эшитиришида ўз китобхонлари билан мулоқот қилди.

Китоб муқаддимаси муаллифнинг ўз тили билан айтганда, “зарда билан бошланади”. Муаллиф бутун асар давомида Ўзбекистонни чорак асрдан бери бошқараëтган раҳбарни “узурпаторлик”да айблайди:

“Мустақиллик...

Шунақасини кўзлаганмидик?

Оллоҳ ҳаққи, биз мустақил бўлишни жуда-жуда орзу қилганмиз, лекин бунақа “мустақиллик”ни асло кўзламаган, мустақиллик бунақа бўлиб чиқишини сира кутмаган эдик! Ота-боболаримиз ва уларнинг кетидан биз болалари қачондир бир кун Ватанимизни озод кўришни, эски шон-шавкатини қайта тиклашни қанчалар истаганмиз, қонларимиз гупириб бу йўлда курашга кирганмиз, аммо бир куни халқимизнинг бошига мустақилликнинг асли эмас, унинг ўхшовсиз бир масхараси келиши етти ухлаб тушимизга кирмаган.

Сўзим ўзидан ўзи алам ва зарда билан бошланди.

Сабаби бор. Сабабларнинг энг бошланғичи будир:

Мустақилликни қаттиқ истаганлар ҳам, мустақиллик учун курашганлар ҳам бир четда қолиб унга бутунлай бошқалар – мустақиллик йўлида курашиш тугул, аксинча, унга қарши бўлган коммунистлар эга чиқди.

Халқимизнинг ҳамиятли бир қисми ҳуррият истаб майдонларда бошини нақ дорга тиккан бир пайтда йиллар давомида етиштирилган совет кадрлари Ўрусия мустамлакаси остидан ҳеч чиққиси келмас, СССР давлатини ҳар қандай кўринишда бўлсин сақлаб қолишга тиришиб ётар эди.

Тақдирнинг ажиб жилвасини кўринг: кеча мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар бугун унинг жиловига тиш-тирноғи билан ёпишди.

Ҳа, янги “мустақил давлат” тепасида эски коммунистлар қолди. Натижада ҳаётимизда айтарли ҳеч нарса ўзгармади...”, дея ëзилади китоб муқаддимасида.

Қурултой: Ўзбек ëзувчиси “Бу кунлар” даҳшатини китоб қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:37 0:00
Бевосита линк

Ëзувчи ҳақида

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) 1955 йил 14 февралида Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида хизматчи оиласида туғилган.

1991-2010 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг "Мовароуннаҳр" нашриётида бош муҳаррир, "Шарқ юлдузи" журнали таҳририятида бўлим мудири ва "Ҳидоят" журнали таҳририятида бош муҳаррир лавозимида ишлаган.

Ëзувчи шу кунларда Туркиядаги китоб ярмаркасида ўзининг турк тилига таржима қилинган китоблари тақдимоти билан бандлигини айтди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон "Оқ бино оқшомлари" ҳикояси ва айни номдаги киносценарий муаллифидир.

Ёзувчининг "Дунё кенг" (ҳикоялар, 1986) ҳамда "Шу ерлик киши" (қисса ва ҳикоя, 1988) китоблари чоп этилган.

У шунингдек, Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достони асосида икки қисмли киносценарий ёзган.

Турк, гуржи, хитой ва рус адибларининг бир қатор асарлари, Темур Пўлатовнинг "Завсегдатай" ("Шинаванда") қиссаси ҳамда "Черепаха Тарази" ("Торозий тошбақаси") романларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ҳозирги замон турк адиби, олими Аҳмад Лутфий Қозончининг олти жилдлик "Саодат асри қиссалари" асари ҳам Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таржимасида ўзбек тилида дунё юзини кўрган ва бир неча марта қайта нашр этилган.

Ëзувчи долзарб мавзуларда бир қатор публицистик, илмий, адабий мақолалар муаллифидир.

XS
SM
MD
LG