Тожикистон Бош прокуратураси июнь ойида парламентнинг собиқ депутати, мамлакат Демократик партиясининг собиқ етакчиси Саиджафар Усмонзода давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга уринганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Озодлик тожик хизмати ҳибс ва иддао қилинган давлат тўнтаришига уриниш тафсилотларини ўрганди.
Бу борада тарқатилган расмий баёнотда қайд этилишича, “Усмонзода ўзининг жиноий режасини амалга ошириш учун мамлакат ичкарисида ва хориждаги турли ижтимоий қатламлардан ўз тарафдорларини ёллаб, аҳолини норозилик намойишларига ундаш учун хорижий давлатлардан бирининг вакилидан 10 миллион доллар сўраган.”
Деярли дарҳол Усмонзода ва мамлакатдаги бир қанча таниқли шахслар ҳибсга олинди. Бу ҳибсга олишлар ўзаро боғлиқми ёки йўқ – номаълум, аммо тўнтаришга уриниш эҳтимолини истисно қилишмаяпти.
«Кечиккан»ми?
Аммо Тожикистоннинг ҳозирги воқелигида давлат тўнтаришига уриниш мумкинми?
АҚШда яшовчи сиёсатшунос Азиз Нуруллоевнинг фикрича, “мамлакатда маълум бир таъсирга эга бўлган гуруҳлар ичида мавжуд ижтимоий-сиёсий вазиятни ўзгартириш талаби анча кечиккан, чунки мамлакатнинг барча ресурслари монополияга олинган. Нафақат у ёки бу минтақадаги шахслар қўлида, балки у ёки бу тарзда мамлакат президенти билан боғланган клан қўлида жамланган”.
Бироқ Берлиндаги Карнеги Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази ходими Темур Умаров давлат тўнтариши эҳтимолига шубҳа қилади. Унинг фикрича, авторитар давлатлар кўпинча бундай айбловлар билан ё ўзларига ёқмаган шахслардан, ё давлат учун хавфли бўлган, ёки муҳим ёки махфий маълумотларга эга бўлганлардан қутулишади.
“Бу ерда, каттароқ эҳтимол билан айтишимиз мумкинки, амалга ошмай қолган қандайдир келишув бор эди ва шунинг учун ҳамиша Эмомали Раҳмон режимига содиқ бўлган Усмонзода энди кераксиз бўлиб қолган”, дейди Умаров.
Азиз Нуруллоев “Тожикистондаги ҳозирги сиёсий вазиятда мустақил бирор шахс ёки гуруҳ йўқ”, дейди. Яқинда ҳибсга олинган машҳур одамлар орасида бундай одамлар йўқ эди. Агар улар ўзларининг сиёсий қудратлари даврида (масалан, Искандаров, Зарифий, Салимов ва бошқалар) тизимга қарши чиқа олмаган бўлсалар, аввалги қудратлари йўқолган ҳозирги вақтда бунинг ҳеч иложи йўқ”, дейди у.
Бошқа маҳаллий таҳлилчилар ҳам ҳибсга олинганларнинг ҳеч бири ҳокимиятга даъво қилиш учун сиёсий нуфузга ёки ижтимоий таянчга эга бўлмаганини айтади. Бироқ ўз номини ошкор қилишни истамаган сиёсий эксперт айтишича, “ғайриодатий шароит ва ҳолатлар ҳатто номаълум кишиларни ҳам кутилмаган ҳаракатларга ундаши мумкин”.
Демократик партиянинг собиқ раиси Маҳмадрузий Искандаров, рўйхатдан ўтмаган “Янги Тожикистон” партияси етакчиси Зайд Саидов, социал-демократик партия раҳбари Раҳматилло Зоиров ёки рўйхатдан ўтмаган «Тараққиёт» партияси етакчиси Султон Қувватни эслаш ўринлидир. Улар Эмомали Раҳмон ҳукумати учун таҳдид эмасди, лекин ҳукумат уларни сиёсий майдондан олиб ташлаш ёки қамоққа тиқиш учун ҳамма нарсани қилди.
“Усмонзода Демократик партия раҳбари ва депутат сифатида Раҳмонга содиқликда кечиб, унинг қарорларига норозилик билдирганида, саҳнага чиқиб, қисқа вақт ичида вазиятни ўзгартиришга қодир бўлган жамоат етакчисига айланиши мумкин эди", дейди бу таҳлилчи, аммо бу "ташқаридан ёрдам" билангина бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.
Ташқи қўл?
Усмонзода ҳибсга олинганидан бир кун ўтиб, хориждаги мухолифат партиялар ва ҳаракатларни бирлаштирган Тожикистон Миллий Альянси ташкилоти раиси ўринбосари Шарофиддин Гадоев «Озоди» радиосига берган интервьюсида Саиджаъфар Усмонзодани таклиф қилган россиялик генерал ҳақида гапирди. Гўёки генерал унга янги ҳукумат етакчиси ролини ўз зиммасига олишни айтган, чунки "Россия Тожикистонда янги ҳукумат исаётганини" ва айнан шу нарса Усмонзоданинг позициясини ўзгартирган эмиш.
Бироқ, Темур Умаровнинг фикрича, Тожикистондаги барқарорликни хавф остига қўйиш ва “Путинни узоқ вақтдан бери биладиган ва унга етарлича ишонадиган Раҳмонни алмаштириш” Москва манфаатларига тўғри келмайди.
Умаровдан фарқли ўлароқ, россиялик эксперт Андрей Серенко тахминича, “ҳокимият учун ички кураш” кетяпти ва ҳокимиятнинг отадан ўғилга ўтиши орқали тепадаги ўзгаришларга тайёргарлик бор, аммо у Тожикистонда содир бўлаётган воқеаларга Москванинг алоқадорлигини инкор этади. Унинг айтишича, у Москвада Рустам Эмомали отаси ўрнини эгаллашга тайёрлигини муҳокама қилишганини эшитган, аммо шундан бошқа гап йўқ.
“Сабаби нима билмайман, лекин бу ҳолатда улар Раҳмоннинг ҳокимият алмашинуви бўйича режаси Москвани тўлиқ қониқтирмаган бўлиши мумкин, дейишяпти. Айни дамда ҳамма эртами-кечми Раҳмон барибир кетишини тушуниб туришибди ва бу жараён ўз-ўзидан эмас, балки уюштирилган, изчил ва оқилона бўлиши керак, деган тушунча бор”, дейди Андрей Серенко.
Серенконинг фикрича, Украинада уруш бошланганидан сўнг Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсири пасайган ва Россиянинг рақиблари ва “ҳатто унинг дўстлари” минтақанинг янги келажагини шакллантирмоқчи. Россия нуқтаи назаридан, "Раҳмон бошчилигидаги ҳукмрон элита Россиянинг минтақадаги таъсири занжиридаги энг заиф ҳалқадир".
Узоқ хизмат қилган вазирлар хавотирдами?
Бироқ Нуруллоев таниқли шахсларнинг яқинда ҳибсга олиниши ҳақидаги хабарни идоралараро кураш ёки ҳокимиятдаги гуруҳлар ўртасидаги кураш билан боғлайди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан аноним гапиришга рози бўлган яна бир Душанбелик эксперт фикрича, “баъзи узоқ йиллик вазирлар хавотирда, чунки ҳокимиятнинг отадан ўғилга ўтиши ҳукумат таркиби ўзгаришини англатади. Аммо бу ўзгаришлар қандай бўлиши номаълум ва Ҳамрохон Зарифий ва Акбаршо Искандаровларнинг ҳибсга олиниши уларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда”.
Булар узоқ вақтдан бери ҳокимиятда бўлмаган “собиқ шахслар”дир. Аммо экспертга кўра, “ҳибсга олишлардан мақсад Рустам атрофида ундан таъсирли бирорта ҳам одамни қолдирмаслик."
Айни пайтда, 2 июль куни “Озоди” радиосига исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган терговга яқин манба айтишича, тергов давомида Усмонзода ўнлаб одамни давлат тўнтаришига уринишда шерик сифатида кўрсатма берган ва шу сабабли улар сўроққа чақирилган. Терговчилар улардан баъзиларини Усмонзода билан юзлаштиришган ва у уларга қараб: “Маслаҳатлашганимизни эслай олмайсизми”, деган. Бироқ бу шахслар давлат тўнтариши уринишига алоқадорлигини рад этган.
Ишнинг сирли жиҳатларидан бири: авваллари расмийлар давлат тўнтаришига уриниш мавзусини очиқ гапирган бўлса, бу сафар масала сирли тус олди. Усмонзода ҳибсга олинганига бир ой ўтди, бироқ расмийлар ишнинг янги тафсилотларини маълум қилишмади.
Форум